Меҳнат муҳофазаси – ҳаёт муҳофазаси

30

Қарши шаҳрида «Қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан 2018 – 2020 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури» ижросини таъминлаш бўйича ўқув-семинар ташкил этилди.

Унда қишлоқ хўжалиги тизимидаги корхоналарнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича муҳандислари, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда тармоқ касаба уюшма фаоллари қатнашди.
Анжуманни тармоқ касаба уюшмаси Рес­публика кенгашининг Қашқадарё вилоятидаги масъул ташкилотчиси Илҳом Сабдаров олиб борди.
Семинарда, жумладан, қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш, меҳнатда жабрланган ходимларга меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражаси тартибига бағишланган маърузалар тингланди.
Зарар тўловларини олиш ҳуқуқига эга шахслар ва боқувчисини йўқотган фуқароларга тўланадиган зарар тўловларини тўлаш тартиби, меҳнат қонунчилиги ва муносабатларини тартибга солиш ҳақидаги чиқишлар ва берилган тавсиялар барчада катта қизиқиш уйғотди.
Ўқув-семинар чоғида касаба уюшма фаоллари ва деҳқон-фермер хўжаликлари аъзолари ҳамкор ташкилотлар вакилларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Етакчиларга бошланғич касаба уюшма ташкилотларида меҳнат муҳофазаси бўйи­­ча амалга ошириладиган ишлар хусусида батафсил тушунча берилиб, турли йилларда дала майдонларида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва уларнинг сабаблари таҳлил қилинди.
Анжуманда фермер хўжалиги раҳбарининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича саволларига жавоб қайтарилди.

Анвар ХЎЖАҚУЛОВ,
Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири


Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Урганчда «Қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан 2018 – 2020 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури» ижросини таъминлашга бағишланган ўқув-семинар ўтказди.

Ўқув семинарни тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Б.Матмуродов олиб борди. Тадбирда мутасадди ташкилотлар масъуллари, касаба уюшма вакиллари ва қишлоқ хўжалик ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугун агросаноат мажмуида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қонунчилик такомиллашмоқда. Соҳага янги технология­лар татбиқ қилинмоқда, кластер тизими жорий этилмоқда, янги йўналиш­лар пайдо бўлмоқда. Бу жараёнда қишлоқ хўжалик ходимлари меҳнати муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
– Мақсадимиз, қишлоқ хўжалик корхоналарида ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, «Меҳнат муҳофазаси тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтиришдан иборат, – дейди АСМ касаба уюшмаси Рес­публика кенгаши бўлим мудири Хуршид Умаров.
Ўқув семинарда Х.Умаровнинг қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги маърузаси мавзуга доир барча масалалар ва муаммоларни қамраб олганлиги ва чуқур таҳлилга бойлиги билан иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари, ўқув-семинар давомида зарар тўловларини олиш ҳуқуқига эга шахслар ва боқувчисини йўқотган шахс­ларга тўланадиган зарар тўловларини тўлаш тартиби, иш берувчи (фермер хўжалиги раҳбари)нинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, меҳнат қонунчилиги ва муносабатларини тартибга солиш, меҳнатда жабрланган ходимларга меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасини белгилаш масалалари юзасидан кенг маълумот ва тушунчалар берилди.
Мавзу долзарблиги боис, иштирокчиларни қизиқтирган саволлар ҳам кўп бўлди.
Тадбир якунида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги масалаларида ютуқларга эришган касаба уюшма ташкилотлари ва ҳамкорлар Агросаноат маж­муи ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгашининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар