ҚИСҚА ЙЎЛНИНГ УЗОҚ ҒАВҒОСИ ёхуд уч километрлик йўл қачон соз бўлади?

61

Давлатимиз раҳбари доимо давлат идоралари халқни рози қилиш учун хизмат қилиши зарурлигини таъкидлайди. Бугун тараққиётимиз дастуриламали бўлган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳам шудир.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларига қаратилаётган эътиборни халқимиз мамнуният билан қабул қилмоқда. Табиийки, фуқаролар ўз муаммолари, дард ва ташвишларини баён қилишга, уларнинг ечимларини излашга интила бош­лади.
Ҳар бир туман ва шаҳарларда «Халқ қабулхонаси», давлатимиз раҳбарининг «Виртуал қабулхонаси» иш бошлагани натижасида кўплаб ўз ечимини кутиб ётган муаммолар ҳал этилмоқда.
Бироқ Чироқчи туманидаги Мойлижар қишлоғи фуқароларини қийнаётган бир долзарб масала борки, у на «Виртуал қабулхона», на «Халқ қабулхонаси»нинг аралашуви билан ҳам ўзининг тўлиқ ижобий ечимини топмаётир.
Гап шундаки, бундан бир неча йил муқаддам Чироқчи туманидаги Мойлижар ва Косон туманининг Олатўн қиш­лоқлари туташган жойдаги 3 километрлик йўлнинг асфальти қайта таъмирлаш мақсадида бузиб ташланган эди.
Бироқ таъмирлаш жараёни охирига етмай тўхтаб қолгани, қолаверса, йўлда қатновнинг кўплиги туфайли унинг ҳолати янада ёмонлашди ва халқнинг қийналишига, кайфияти тушишига сабаб бўлди.
Шу ўринда маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, Мойлижар қишлоғи Чироқчи туманининг энг чекка ҳудуди бўлиб, қишлоқ туман марказидан қарийб 80 километр узоқликда жойлашган. Мойлижар ва унга яқин қиш­лоқлар аҳолиси бозор-ўчар учун асосан Чироқчи тумани марказига эмас, қўшни Косон туманининг Олатўн ­қишлоғига (тўрт километр узоқликда жойлашган) боради.
Қишлоқ аҳли вилоят маркази (60 км.) ёки Косон тумани марказига (60 км.) бирор юмуш билан борадиган бўлса, айнан носоз автомобиль йўлидан ўтишга мажбур.
Шу қишлоқда яшовчи Дўстмурод бобо Ғаниевнинг билдиришича, бу орада йўлнинг носозлиги туфайли «Қарши-Талоқтепа» йўналишидаги (Мойлижар «Талоқтепа» МФЙга киради, Талоқтепа қўшни қишлоқ) автобус ҳам қатнамай қўйган…
Давлатимиз раҳбарининг халқ билан мулоқотга кенг йўл очгани эса қишлоқ фуқаролари қалбида янги умид учқунларини ёқди. «Талоқтепа» МФЙ фаоллари 2017 йилнинг 14 март санасида Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бош­қармасига йўл таъмирлашга ёрдам сўраб мурожаат қилишди.
Бироқ ишда олдинга силжиш бўлмагач, Президентимизнинг Қашқадарё вилоятидаги «Халқ қабулхонаси»га хат ёзишди.
Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси мутахассислари ариза муаллифларига қуйидаги мазмунда жавоб қайтаришди: «4Р-95» автомобиль йўлининг 43-46 км.лари оралиғи табиий офат оқибатида бузилиб, таъмирталаб ҳолга келиб қолгани ва таъмирлаш ишлари учун жорий йилда рес­публика йўл жамғармасидан маблағ ажратилмагани сабабли 2018 йилда таъмирлаш ишлари бажарилади».
Шундан кейин қишлоқ аҳолиси 2018 йилни кута бошлади.
Мазкур масалага Косон тумани ҳокимлиги ҳам (чунки бузуқ йўл Косон тумани ҳудудида жойлашган) ўз муносабатини билдирган ва қуйидагича жавоб қайтарган:
«Чироқчи туманидаги «Талоқтепа» маҳалла фуқаролар йиғини Мойлижар қишлоғида яшовчи фуқаро Дўстмурод Ғаниевнинг Президент «Халқ қабулхонаси»га 3 км. йўлни таъмирлаб беришни сўраб қилган мурожаати туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижасига кўра, «4 Р 95» автомобиль йўлининг 43-46 км.да таъмирлаш ишлари бўйича йўлнинг асоси тўлиқ таъмирланиб, 700 м. қисмига асфальт ётқизилгани, молиялаштирилган маблағ етишмагани сабабли асфальт ётқизиш ишлари тўхтаб қолгани аниқланди.
Фуқаро Дўстмурод Ғаниевга 2018 йилнинг бошидан йўл дастурий режага киритилиб, йўлнинг қолган қисмини тезлик билан бир ой ичида тўлиқ таъмирлаб берилиши тушунтирилди».
Бу хат 2017 йилнинг 18 ноябрида Қашқадарё вилояти ҳокимлигига, нусхаси эса маълумот учун Д.Ғаниевга жўнатилган.
Тонг отади, кун ботади. «Ҳаш-паш» дегунча 2018 йилнинг ҳам августи келиб қолди. Йўл таъмири олдинга силжийвермагач, маҳалла фаоллари ва Дўстмурод бобо чидаб туролмади. Тошкентга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Виртуал қабулхонаси»га сим қоқишди.
Бу мурожаатга ҳам Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасидан жавоб келди. Унинг хулоса қисмида шундай дейилган:
…«Пўлати-шўрбозор» автомобиль йўлини таъмирлаш ишлари бўйича аниқлик киритилди. Таъмирлаш ишларини жорий йилнинг сентябрь ойида бажариб бериш ва якунига етказиш тушунтирилди».
Таъкидлаш жоизки, бу жавоб ариза муаллифлари билан бирга маълумот учун Ўзбекистон автомобиль йўллари давлат қўмитасига ҳам юборилган.
– Бу ваъда ҳам бажарилмагач, 2018 йилнинг октябрь ойида «Виртуал қабулхона»га яна қайта мурожаат қилдим, –дейди Дўстмурод бобо. – Бу гал Ўзбекистон автомобиль йўллари давлат қўмитасидан жавоб келди. Унда шундай дейилган:
«…Мурожаатингизда сўралган автомобиль йўлининг таъмирлаш ишлари ажратилган лимит маблағлари доирасида жорий йил якунига қадар босқичма-босқич амалга оширилишини билдирамиз!».
(2018 йил, 26 ноябрьдаги 02/6244-А 650/2 рақамли жавоб хати).
Шу тариқа 2018 йил мурожаат қилиш ва «мутахассисларнинг ўрганиши» билан ўтди, аммо йўл таъмирланмади.
Яқинда Мойлижар қишлоғида бўлганимизда Дўстмурод бобо бир янгиликни айтиб қолди. Қайта-қайта мурожаатлардан сўнг жорий йилнинг январь ойида йўлсозлар келиб, асфальти олиб ташланган йўлни текислаб кетишибди.
Балки энди иш олдинга силжир?
Аммо эл дардини енгиллатмоқ орзу­сида «ёза-ёзлар»дан, мурожаатлар ва «ўрганиш жараёнлари»дан ҳафсаласи пир бўлган Дўстмурод бобо эса ҳали ҳам ишнинг ижобий якун топишига ишонмаяпти.
– «Мутасаддилар йўлни босқичма-босқич таъмирлаб берамиз», ­дейишди. Бундай ҳолатда бир йилда 300 метр йўл асфальт қилинса, 3 км. масофани 10 йил ичида созлаб берадими?», – дейди хуноб бўлган Дўстмурод бобо.
Хулоса чиқаришдан олдин йўл таъмири мураккаб жараён эканини яна бир бор таъкидлаб ўтишни жоиз топдик. Шунинг учун уни тезлатиш учун амалий ёндашув зарур. Ушбу муаммонинг ижобий ечим топишига ишончимиз комил. Ахир, иш бошида Автомобиль йўллари давлат қўмитаси турган бўлса, муаммо ечими билан вилоят ҳокимлиги-ю Халқ ва Виртуал қабулхоналар мутасаддилари қизиқаётган бўлса…
Халқнинг давлат идораларига бўлган ишончи сусаймаслиги учун ҳам ­3 кмлик йўл таъмирланиши керак. Бу жуда муҳим!

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар