ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚИ ПОЙМОЛ БЎЛМАЯПТИМИ?

245

Автомобилларга газ қўйиш шохобчаларида метан газнинг нархи сезиларли ошгани ҳайдовчиларни ранжитмоқда. Хўш, нархнинг бундай кескин оширилишига жиддий сабаб борми? Ёки бунинг ортида бошқа мақсад кўзланганми? “Иқтисодий Газета” шарҳловчиси Норбобо Шакаровнинг қуйидаги мақоласида шу ҳақда сўз юритилади

УЗОҚДАН ПЎПИСА ҚИЛИШ

Айни пайтда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари теварагидаги гап-сўзлар кўпайиб, бу мавзу оммавий ахборот воситаларида тобора авж олаётгани бежиз эмас. Шу сабаблими ёки Молия вазирлигининг газ нархини оширган «тадбиркор»ларга «Ҳой, сеними, шошмай тур» қабилида пўписа қилгани таъсир этдими, ҳар қалай 2018 йил охирларида водийдаги метан газ «заправка»ларида пайдо бўлган тирбандликларга барҳам берилиб, газ нархи аввалги даражасига қайтди! Бу яхшилик аломати, албатта.

Аммо бу ҳолат узоққа чўзилмади. Янги йилнинг дастлабки кунлариданоқ айрим ҳудудларимизда 1 метр куб метан газ нархи ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 1900 сўмдан 2200 сўмгача, яъни 300 сўмгача ҳамда 1 литр пропан гази нархи 200 дан 500 сўмгача ошганлиги кузатилди. Пойтахтимизнинг ҳалқа йўлида жойлашган «Deluxe trans servis» МЧЖда ҳам шундай ҳолат юз берди. Ажабланарлиси шундаки, ҳеч бир шохобчада нарх ошишининг сабаблари кўрсатилмай, истеъмолчиларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилди.

Маълумки, юртимизда тадбиркорларга кенг имконият ва имтиёзлар берилиб, уларнинг эмин-эркин фаолият юритишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Аммо айрим тадбиркорлар бундай имтиёзларни суиистеъмол қилиб, қандай бўлмасин кўпроқ фойда олиш пайида бўлмоқдалар.

Таҳлилларга кўра, 2018 йилнинг 9 ойида автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида метан ўртача 1650 сўмдан сотилган бўлса, IV чоракка келиб 1950 сўмга етди. 16 ноябрдан бошлаб эса 2200, баъзи жойларда 2300 сўмгача кўтарилди. Натижада газ қуйиш шохобчаларининг рентабеллик даражаси 2018 йилнинг 9 ойлигидаги 20-29 фоиздан 45-60 фоизгача ошди. Иқтисодчиларнинг фикрича, бундай ўта юқори даромад иқтисодиётнинг ҳеч бир соҳасида мавжуд эмас!

Шунинг учун ҳам бундай юқори даромадли «фаолиятни» ҳалол тадбиркорлик ёки ишбилармонликка йўйиш қийин. Маълумки, ушбу тоифадаги тадбиркорлар хомашё, яъни метан газининг 1 куб метрини 800 сўмдан харид қилиб, истеъмолчиларга салкам уч баравар қимматига сотяптилар.

Ваҳоланки, Давлат солиқ қўмитасининг яқинда тарқатган баёнотида муайян бир шохобчанинг рентабеллик даражаси 30-36 фоиз миқдорида сақланса ҳам нарх 1800-1900 сўмдан ошмаслиги кўрсатилган.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, республикамизда 692 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари бўлиб, уларнинг ҳар бири ойига ўртача 1миллион куб метр газ сотади. Агар нарх ҳозирги даражада, яъни 2100 сўмдан ҳисоблаганида, битта шохобча барча сарф-харажатлардан ташқари 514 миллион сўмсоф фойда олар экан! Мана масаланинг ўқ илдизи қаерда! Шохобчалар 30 фоиз рентабеллик даражаси билан ишласа ана шундай фойда олади, энди 60 фоизлик рентабелликка эришса, қанча маблағ бўлади?

Бундай ҳолатда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идоралари, ҳуқуқ-тартибот органлари, Молия вазирлиги ёки Давлат солиқ қўмитаси «тадбиркорлар»га узоқдан туриб пўписа қилишда давом этаверса, машаққат билан топаётган пулини газга совураётган истеъмолчи ҳуқуқи поймол этилаверади.

Одатда катта миқдордаги маблағ айланадиган соҳаларда коррупция ҳолатлари кўпроқ учрайди. Метан-газ шохобчалари фаолияти юзасидан танқидий мулоҳазалар билдирилаётган бўлса-да, вазиятнинг ижобий томонга ўнгланмаётгани соҳада коррупция иллатлари илдиз отмаяптими, деган гумонларни келтириб чиқаради, албатта.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: наҳотки, газ соҳасида фаолият юритаётган айрим тадбиркорларимиз давлат ва жамоат олдидаги ижтимоий масъулиятларини унутиб, амалдаги тартиб-қоидаларни ҳам четлаб ўта бошладилар.

Нима бўлганда ҳам метан газ билан боғлиқ масалада якуний тўхтамга келинмас экан, мунозаралар давом этаверади. Бундан эса оддий истеъмолчининг жабр кўргани қолади, холос.

Норбобо ШАКАРОВ,

“Иқтисодий Газета” шарҳловчиси

“Иқтисодий Газета”. 2019 йил, 1-сон

Бошқа хабарлар