Муддао – хавфсиз меҳнат

165

Касаба уюшмалари фаолия­тида меҳнат муҳофазасини таъминлаш масаласи муҳим ўрин тутади. Шу боис, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, иш берувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг ­эътиборини меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этишга қаратиш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, иш берувчи томонидан ходимларга хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, шунинг­дек, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилаётир. Бу жараёнда «Меҳнат муҳофазаси ойлиги»нинг ўтказилиши мавжуд муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига хизмат қилади.

. Бу жараёнда «Меҳнат муҳофазаси ойлиги»нинг ўтказилиши мавжуд муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига хизмат қилади.

Тадбирлар давомида «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун талабларига амал қилиниши устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг сифати, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш­лар ва касб касалликларининг олдини олиш, даражасини камайтиришга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш борасидаги амалий ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Ойлик давомида аҳамият қаратиладиган яна бир муҳим жиҳат – корхоналарда кириш, мавжуд касб-корлар ва иш жойлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилиши масаласидир.
Ойликни юқори савияда ўтказиш юзасидан қатор ташкилий тадбирларни амалга ошириш муҳим омил ҳисоб­ланади. Бу борада, жумладан, ҳар бир туманда тармоқлардан касаба уюшма қўмитаси раисларидан иборат қўшма комиссияларни тузиш, улар билан биргаликда қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш (бунда асосий вазифалар туманларда фаолият юритаётган кенгаш раислари зиммаларига юклатилади), меҳнат муҳофазаси масалалари бўйи­­ча ҳар бир тармоқдан камида 2 та корхона, ташкилот ва муассаса фаолиятини ўрганиш, «Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови»да иштирок этиш истагини билдирган корхона, ташкилотлар фаолиятини ўрганиш, уларнинг шаҳар босқичига чиқишига кўмаклашиш (ҳужжатлар тўп­ламини тайёрлаш), турли викториналар, давра суҳбатлари, семинар-тренинг­лар ташкиллаштириш кабиларни санаб ўтиш жоиз. Бундан ташқари, 2018 йилда рўй берган бахтсиз ҳодисалар туфайли шикастланган ходимлар, боқувчисини йўқотган оила аъзолари ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кенгайтирилган туман раёсат йиғилиши, мажлисларда корхона раҳбарлари, касаба уюшма қўмита раислари иштирокида ҳар бир бахтсиз ҳодиса сабабларини муҳокама қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Ойликни самарали ўтказишда «Маданият қанчалик юксак бўлса, меҳнат шунчалик юксак қадрланади!» акцияси доирасида Идоралар­аро ишчи гуруҳи аъзолари билан биргаликда маҳаллий ҳокимлик органлари, иш берувчилар, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ва касаба уюшма қўмита ­раислари, шунингдек, касаба уюшмалари хизматига олинмаган корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида семинарлар ташкиллаштириш алоҳида ўрин тутишини таъкидлаш жоиз.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ойлик тадбирларини уюштириш ўта фаоллик ва жиддий масъулиятни талаб этади. Буни Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенциялар моҳиятини тушунтириш, ҳар бир туманда тармоқлар кесимида биттадан «Намунали меҳнат муҳофазаси хона»ларини ташкиллаштириш, доимий фаолият кўрсатувчи имтиҳон комиссия йиғилишларида, ишлаб чиқаришда тан жароҳати олган ходимлар ва боқувчисини йўқотган оилаларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, ходимларга етказилган зарар иш берувчи томонидан ўз вақтида ва тўла ҳажмда тўланиши юзасидан келиб чиққан меҳнат низолари бўйича суд жараёнларида, ишлаб чиқариш воситаларини синаш ва фойдаланишга қабул қилиш давлат комиссия ишларида, ишлаб чиқаришдаги касб касалликларини текшириш комиссияларида, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш комиссия­ларида, тиббий-меҳнат эксперт комиссия­­си мажлисларида иштирок этиш сингари вазифалар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Энг асосийси, меҳнат муҳофазасини таъминлашга қаратилган ушбу кенг кўламли тадбир самарасида корхона-ташкилотларда хавфсиз иш шароитлари яратилиши, содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, сирасини ­айтганда, ишловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи омилларни бартараф этишга эришишдир.

Равшан МАҲАМАДАЛИЕВ,
Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси аппаратининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири

Бошқа хабарлар