Қонуннинг ўзига яраша талаблари бор

262

Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси муносабат билдиради

«Ishonch» газетасининг 2019 йил 10 январдаги сонида чоп этилган «Қонун тили халқона бўлса…» сарлавҳали мақолада филология фанлари номзоди Муҳайё Исмоилова яхши мавзуни кўтарибди. Мен бир қаламкаш сифатида, аввало, муаллифни шундай долзарб мавзуни матбуотга олиб чиқишга журъат этгани билан табриклайман.

Муаллифнинг қонун ҳужжатлари ҳамма учун тушунарли бўлиши зарурлиги, чунончи, қонуннинг эмин-эркин ишлаб кетишини таъминлайдиган жиҳатлардан бири унинг енгил ўқилиши, осон тушунилиши, тезда ёдда қолиши билан боғлиқ эканига доир бирорта қарашини инкор этмаган ҳолда, бир мулоҳазани ўртага ташламоқчиман.
Дарҳақиқат, аслида, бу фақатгина М.Исмоилова ёки бошқа юртдошларимизнинг эмас, балки қонун ижодкорлари ҳисобланмиш депутатларнинг ҳам кўнг­лидаги гап. Парламент қонунларни етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма ўқиб, бемалол тушуниши, уни ўз ҳаётида татбиқ эта олишидан манфаатдор. Бу ҳуқуқий демократик жамиятда сув билан ҳаводек зарур омилдир. Шу нуқтаи назардан, М.Исмоилованинг фикрлари фақат ҳурматга лойиқ.
Аммо ҳар бир қонун 150 нафар депутат, 100 нафар сенатор томонидан қабул қилинади. Бир депутатнинг ортида 135 сайлов округидан ўртача 120-170 минг сайловчи ва уларнинг манфаати турганини, депутатларимиз таркиб топган амалиётга биноан, ҳар ойнинг сўнгги ҳафтасида ўз округларида бўлиб, барча масалалар бўйича, шу жумладан, қонун лойиҳалари матнлари юзасидан сайловчилар билан маслаҳатлашишларини инобатга олсак, ҳар қандай қонун лойиҳаси ўзида қанча миллионлаб юртдошимизнинг хоҳиш-иродасини акс эттириши намоён бўлади. Конституциямизга асосан, ана шунча синовлардан сўнг, яна бир назардан ўтказгач, қонунга давлат раҳбари – Президент имзо чекади.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шои­­ри Эркин Воҳидов «Сўз латофати» деб номланган мўъжазгина, лекин мўъжиза фикр­лар мужассам асарида бир ўкинч­­ли гап айтган. Яъни, Ўзбекистонда филология соҳасида неча-неча фан доктори, профессорлар, академиклар бор. Аммо ҳанузгача ўзбек тилининг грамматикаси мукаммал ишлаб чиқилмаган…

Лозим топсангиз, мен бунга шундай қўшимча қилган бўлардим: ўзбек матбуо­тида шунча забардаст, моҳир журналист ва муҳаррир, катта тажрибага эга мусаҳҳиҳлар ишлайди. Бироқ ҳамма нашрнинг ҳам тили ва услуби халқона дея оламизми? Газета саҳифаларида оддийгина имловий хатоларни мен ҳам ўтказиб юборганимни ўзим хижолат бўлиб эслаб юраман. Бу ҳам – факт!

Бу мулоҳазам билан муаллиф нуқтаи назарини инкор қилиш фикридан мутлақо йироқман. Зеро, бошданоқ мазкур нуқтаи назар учун ўз ҳурматимни самимий билдирдим. Аммо бу ишлар ортида турган бутун халқимиз манфаатини ифодалайдиган депутат ва сенаторнинг қарашларини ҳам ҳурмат қилишга мажбурман.
Сабаби, мақолада таъкидланганидек, қонуннинг ўзига яраша талаблари мавжуд: «расмий тил кўча тилидан фарқ қилиши шарт». Уни тўлалигича оғзаки, сўзлашув тилида ёзиб бўлмайди. Юридик талаб ва қоидалар, қонунчилик техникаси деган нарсалар ҳам борлигини эътибордан соқит қилмаслик лозим. Шунинг учун қонунлар битилган матнлар бироз зерикарли, бир қолипда бўлиши мумкиндир, лекин у ягона мазмунни англатади. Ана шуниси – муҳим!

Бироқ парламентда тил қоидаларига, атамаларга, стилистика масаласига иккинчи даражали вазифа сифатида қаралмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. 2000 йилдан парламент таркибида Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссия­­си фаолият кўрсатиб келмокда. Тилга олиб ўтилган айрим қонунлар ўз вақтида мазкур комиссия аъзолари Ўзбекис­тон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, академик Акмал Саидов, Иброҳим Ғафуров, умрбод судья этиб сайланган Олий суд судьяси Абдул Тўхташев ва бошқа нуфузли инсонлар таҳриридан ўтган, архивларда улар имзоси билан сақланаётган ҳужжатлардир. Мен улар қалами теккан битикларга баҳо беришдан ўзимни тийганимни тўғри тушунасиз, деб ўйлайман. Ҳозир ҳам юқорида номлари тилга олинган устозлар тамал тошини қўйган комиссия изчил фаолият юритиб келаётганини ахборот учун айтиб ўтмоқчиман, холос.

Долзарб мавзуни кўтариб чиққани учун филология фанлари номзоди Муҳайё Исмоиловага ҳам, бунга минбар ажратган газета таҳририятига ҳам миннатдорлик изҳор этамиз.

Жасур КЕНГБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот котиби ўринбосари

Бошқа хабарлар