ТУРИЗМ ҚАНДАЙ РИВОЖ ТОПАДИ? яратилаётган имконият ва имтиёзлар бу саволга жавоб бўлмоқда

201

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасида туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқадиган, дунё тамаддунида ўз ўрнига эга жонажон диёримизни янада танитишга улкан ҳисса қўшадиган муҳим ҳужжат бўлди.

– Биз туризм соҳасида меҳнат қилувчи тадбиркорлар ва туристик фирмаларга белгиланган имтиёзларни кўп йиллардан буён кутаётган эдик, – дей­ди Қашқадарё вилояти Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Шоҳруҳ Жалолов. – Фармонга кўра, 2019 йилнинг 1 февралидан 45 давлат фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилинади. Бу эса, табиийки, сайёҳларнинг юртимизга ташрифи ортишига замин яратиш билан бирга уларга хизмат кўрсатадиган туристик фирмалар, меҳмонхоналар ишининг самарадорлик даражаси ошишига, қўйингки, юртимиз иқтисодиётининг янада юксалишига олиб келади.
Қарордаги имтиёз ва имкониятлар меҳмонхоналар вакиллари, тадбиркорлар, ҳаттоки, оддий фуқароларнинг ҳам катта қизиқишига сабаб бўлди. Унда қайд этилганки, тадбиркорлар 3 юлдузли тоифа учун 50 та хонадан кам бўлмаган ва 4 юлдузли тоифа учун 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхонани 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширишган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларининг бир қисми Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Бунгача тадбиркорлар меҳмонхонаси тоифаси юқори бўлишидан манфаат кўрмас, аксинча, меҳмонхона даражаси қанчалик ўсиб борса, шунчалик кўп солиққа тортиларди. Энди улар қатор имтиёзларга ҳам эга. Жумладан, меҳмонхоналар олиши керак бўлган, меҳмонхона ичида жойлашган ёки унга тегишли бўлган алкоголь маҳсулотлари (бар, мини-бар, кафе, рес­торан) сотуви билан шуғулланадиган умумий овқатланиш объектлари ва савдо нуқталари учун алоҳида рухсат гувоҳномаси олиш бекор қилинди. Аэропортдан, темир йўл ва автойўл вокзалларидан меҳмонхонага, шунингдек, туризм объектларига ўзининг ижарачилари учун транспорт хизматларини кўрсатишда ҳам рухсатнома керак бўлмайди.
Яъни, меҳмонхона эгаси келадиган меҳмонга сифатли такси хизматини ташкил қилиб, ўз даромадларини янада оширишга эга бўлди.

Шу ўринда бир мисол. Масалан, Шаҳрисабзни зиёрат қилиб юрган икки хорижлик сайёҳ Қамашига, Лангар ота зиёратгоҳига боришни ихтиёр қилди, дейлик. У Лангар отага қандай борилишини сўраб, бизга мурожаат этади (Оқсарой мажмуасида туристик информацион марказ фаолияти йўлга қўйилган). Биз йўлдаги бирор маҳаллий таниш ҳайдовчини тўхтатиб, меҳмонларни уларнинг уловига миндирамиз ва Қамашига олиб бориб қўйиш­­ни илтимос қиламиз. Меҳмонлар то зиё­ратгоҳга етиб боргунча қирқ марта қўнғироқлашиб, хавотирланиб ўтирардик.

Энди меҳмонхона эгалари ўзларининг такси хизматларини жорий этиб, хорижий тилни биладиган ходимни ишга олиб, сайёҳларга сифатли такси хизмати кўрсатиш имконига эга бўлдилар.
– Раҳматли дадам Дилмурод Нуралиев бутун ҳаётини туризмга бағишлаган инсон эди, – дейди шаҳрисабзлик тадбиркор Жамолиддин Нуралиев. – У киши Ўзбекистон жаҳон тиллари университетини тамомлаб, Шаҳрисабз­даги «Интурист» меҳмонхонасига таржимон сифатида ишга юборилган. Бу соҳада 35 йил меҳнат қилди. Шундан 27 йилида «Интурист» меҳмонхонасига раҳбар бўлди. Россия ва Англия давлатларида малака ошириб келиб, Шаҳри Кешда туризмнинг оёққа туришида ўз улушини қўшди. 2016 йилда эса «Дилмурод бобо» меҳмонхонасини ишга туширди.
Меҳмонхонада асосан оила ­аъзоларимиз ишлашарди. Чунки онам Мавжуда Суюнова рус ва инглиз тилларида дарс бергани, дадамнинг моҳир таржимон бўлгани боис, уч нафар синглим Феруза, Наргиза ҳамда Нилуфар хориж тилларини мукаммал билишарди. Меҳмонхонага келган хорижлик сайёҳга намунали хизмат кўрсатишда деярли муаммолар юзага келмасди.
2017 йилнинг декабрь ойи оиламиз учун қайғули бўлди. Дадам вафот этди.
Бу вақтда мен пойтахтда, нефть ва газ соҳасида фаолият юритардим. Шундан сўнг, меҳмонхона ишини юргиза олишимга кўзим етмади. Онамни пойтахт­­га кўчириб олиб кетмоқчи бўлгандим, кўнмади. «Даданг шунча ишни қилиб, меҳмонхонани ишга туширди. Ишини давом эттирмай, ташлаб кетсак, руҳи озор чекмайдими?», деб Тошкентга боришга рози бўлмади.
Шундан кейин меҳмонхона ишини давом эттиришга аҳд қилдим. Онам, сингилларим, дадамнинг дўстлари менга бу ишда кўмакчи бўлишди.
2018 йилда Шаҳрисабзда биринчи халқаро мақом санъати фестивалининг ўтиши арафасида синглим иккимиз банкдан кредит олиб, «Жамол» ва «Шаҳзода» оилавий меҳмон уйларини ташкил этдик.
Халқаро анжуман вақтида оилавий меҳмон уйларимизда яшаган хорижлик меҳмонларни ҳаёт тарзимиз билан таништирдик, уларга миллий таомларимиздан тайёрлаб бердик. Пировардида, уларнинг ҳаяжонли, миннатдорлик балқиб турган дил сўзларини, ташаккурини эшитиш бахти насиб этди.
Президентимизнинг туризмни жадал ривожлантириш йўлида чиқарган фармони ва қароридан руҳланиб, айни пайтда «Дилмурод бобо» меҳмонхонасини кенгайтириш ҳаракатини бош­лаб юборганмиз. Ҳозирда етти хонадан иборат 16 ўринли меҳмонхонани 3 юлдузлига айлантирмоқчимиз. Қурилиш ишлари бошланди. Хоналар сонини 15 тага, ўринларни эса 40 тага етказишни режалаштиряпмиз.
Ўтган йили Шаҳрисабзда ўтган мақом санъати анжумани сабаб меҳмонхонамиз анча кўп меҳмонни қарши олди. Фойдамиз ҳам яхши бўлиб, банкдан олган кредитларни тўлашда ёрдами тегди. Давлатимиз раҳбари Қашқадарёга ташриф буюрган пайтида Шаҳрисабзни фестиваллар шаҳрига айлантириш ҳақида ҳам гапириб ўтганди. Бундан беҳад руҳландик.

Шаҳри Кеш йил давомида кўп­лаб санъат байрамлари, фестиваллар, турли халқаро семинарларга мезбонлик қилади. Бу эса давлатимиз иқтисодиётига улуш қўшиш билан бирга, биз каби туризмга алоқадор тадбиркорларга жуда қўл келади. Тиккан сармоямизни кўпайтириш имкони туғилади.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар