Устувор мақсад – самарали фаолият

169

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Халқаро Меҳнат Ташкилоти ҳамкорлигида касаба уюшма фаолларининг билим ва кўникмаларини янада яхшилаш, ушбу йўналишда халқаро ижобий иш тажрибасини ўрганиш мақсадида пойтахтимизда «Соғлом ва хавфсиз меҳнат ­шароитларини яратиш» мавзусида семинар ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси М.Хўжаева, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг вакиллари – Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари меҳнаткашларининг фаолияти бўйича бош мутахассиси Гоча Александрия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Бюроси меҳнат инс­пекцияси ва меҳнат муҳофазаси ­бўйича бош мутахассиси Валентин Мокану, меҳнат муҳофазаси бўйича халқаро консультанти Корнелиу Константиноайа, ташкилотнинг Ўзбекистондаги Бош техник маслаҳатчиси Антон Хаузен, координатор А.Дубова, касаба уюшмалари тизимидаги меҳнат муҳофазаси ­бўйича бўлим мудирлари, мутахассислари иштирок этди.

Халқаро тадбирда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари меҳнаткашларининг фаолияти бўйича бош мутахассиси Валентин Мокану меҳнат муҳофазасини бошқариш тизими – ХМТнинг асосий принциплари ва халқаро стандартлари, шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мулоқот олиб бориш – ташкилотнинг иш берувчи-ходимга оид меҳнат муҳофазасига қаратилган стандартлари, касаба уюшмасининг вазифалари тўғрисида батафсил маълумот берди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича халқаро маслаҳатчи Корнелиу Константинойа Европа Иттифоқида меҳнатни муҳофаза қилиш – Европа даражасидаги қонунчилик ва институционал асослар ҳақида сўз юритар экан, кўплаб хорижий давлатлар кўп йиллар давомида ўз хавфсизлигини ва касбий саломатлик стратегияларини қабул қилганлигини алоҳида таъкидлади.
ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари меҳнаткашларининг фаолияти бўйича бош мутахассиси Гоча Александрия иш жойида ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш маданиятини тарғиб қилишга жалб қилиш ва уларнинг ролини кучайтириш воситалари ҳақида сўз юритди.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда касаба уюшмалари томонидан ходимлар учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилишига алоҳида аҳамият берилади. Улар меҳнат муҳофазасига доир меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқилишида бевосита иштирок этмоқдалар ҳамда уларни амалга оширилишида доимий равишда жамоатчилик назоратини олиб бормоқдалар.
Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишувда «Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги»га оид махсус бўлим киритилган. Ўзбекистон Республикасида «Меҳнат ­шароитларини яхшилашга оид чора-тадбирлар режаси» ишлаб чиқилиб, ҳозирги кунда ижроси амалга оширилмоқда, шунингдек, унда уч томонлама ҳамкорлар ва бошқа вазирлик, идоралар фаол иштирок этмоқдалар.
Ходимларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиб берилиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш доирасида тизимдаги меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар томонидан 2018 йилда жами 1 311 та бош­ланғич касаба уюшма ташкилоти фаолияти ўрганилиб, меҳнат муҳофазасига оид 6 минг 506 та камчилик аниқланди ва натижалари бўйича иш берувчиларга 886 та тақдимнома киритилиб, 5 минг 419 та камчилик бартараф этилишига эришилди. Шунингдек, 100 дан ортиқ ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш ишларида иштирок этилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан 1046 та тақдимнома ва кўрсатмалар берилган. Энг муҳими, бу каби кўплаб амалий чора-тадбирлар меҳнат муҳофазасини таъминлашда муҳим омил вазифасини бажараётир.
Республикамизда хавфли меҳнат ­шароитларига эга бўлган, яъни шовқин, теб­раниш, чанг, газли ифлосланиш, ҳаво ҳароратининг ўзгариши ва юқори намлик даражаси таъсирида ишлайдиган ходимларга кафолатланган имтиёзлар берилмоқда. Ходимларнинг ушбу тоифаси иш ҳақига устама, қўшимча иш куни, қўшимча меҳнат таътиллари, имтиёзли пенсия ва ҳоказолар билан таъминланаётир.
Ноқулай меҳнат шароитлари таъсирида ишловчи ходимлар белгиланган меъёрларга мувофиқ сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланмоқда.
Бундай ишларнинг рўйхати, бепул берилиш нормалари ва шартлари жамоа шартномаларида белгиланмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, республикамизда қабул қилинаётган чора-тадбирларда касбий хавф-хатарни бошқариш ва профилактик таҳлил қилиш тизимини яратишга, ходимларнинг соғлиғи ҳолати ва ҳар бир иш жойида меҳнат шароитларини баҳолашга асосий эътибор қаратилмоқда. Янги меҳнат муҳофазасини бошқариш тизимининг асосий мақсади – ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш, ижтимоий шериклик механизмларидан кенг фойдаланган ҳолда ходимларнинг соғлиғига зарар етказилиши хавфини бошқаришдан иборатдир.

Нодира КАРИМОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири

Бошқа хабарлар