АЙБСИЗ “АЙБДОР”

273


Бюрократия иқтисодиёт ривожи учун жиддий тўсиқ ҳисобланади. Айрим давлат идораларида бундай “касаллик” авж олганидан кўз юмолмаймиз. Бу эса тадбиркорларга фаолият билан эркин шуғулланишларида муаммо туғдириши шубҳасиз. “Жамият” газетасида журналист Шомурод Шарапов шундай ҳолатлардан бири ҳақида сўз юритади.

Мақолани қуйида тўлиқ ўқинг.

УЧ ЙИЛДА ТЎҚҚИЗ МАРТА “АЙБДОР”

Бугун давр шиддат билан ўзгармоқда. Одамларнинг дунёқараши, тафаккури юксаляпти, яшаш, ҳаётга қараш ҳам шунга яраша тус олмоқда.  Аммо шундай қайноқ ва қизғин паллада ҳам айрим раҳбарлар ўз тўнини ҳануз ўзгартиргани йўқ.

2015 йил кўп йиллардан фаолият кўрсатмаётган «Қарши йиғма темир-бетон» давлат корхонаси сотувга қўйилган эди. Орадан уч йил ўтса ҳам турли сабабларга кўра, ушбу корхонага харидор топилмаган. Шундан сўнг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилоят худудий бошқармаси раҳбарияти корхона тасарруфидаги фаолият кўрсатмаётган бинолар ўрнига негадир корхонанинг ўзини сотувга қўйган. Бундан бехабар «SMES STROY SAVDO» МЧЖ 1 миллион 500 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 50 та янги ишчи ўрни яратиш шарти билан корхонани 4 миллиард 546 миллион сўмга  сотиб олган.

МЧЖ томонидан цемент, қоғоз ва қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида хориждан 2 миллион 758 минг 668 АҚШ долларига тенг замонавий жиҳоз-ускуналар келтириб ўрнатилган. Натижада етмишта доимий ишчи ўрни яратилган. Янгидан ташкил этилаётган завод атрофини ободонлаштириш, биноларни таъмирлаш учун 1 миллиард 100 миллион сўм маблағ сарфланган.

Биринчи «зарба»  — қарз ундириш

2017 йилнинг март ойида «Қарши йиғма темир-бетон» давлат корхонасининг собиқ раҳбари И.Ҳикматов корхонанинг қарзи бўлган ишчи-ходимларнинг иш ҳақи, компенсация тўлови ва маънавий зарарни «SMES STROY SAVDO» МЧЖдан ундириш учун судга мурожаат қилган.  Фуқаролик ишлари бўйича иқтисодий суди апелляция инстанциясининг ажримига кўра,  масъулияти чекланган жамият корхона ишчи-ходимларининг иш ҳақи ва бошқа тўловларини тўлаб бериш мажбуриятини олмаганини инобатга олиб, шикоятдаги ундириш қисмини рад этган. Унда кўрсатилган барча тўловларни «Қарши йиғма темир-бетон» корхонасининг ўзидан ундириш тўғрисида тўхтамга келинган.

Навбатдаги уриниш

«SMES STROY SAVDO» МЧЖ раҳбарияти Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармасининг буйруғи ва олди-сотди шартномасидаги объект номини Президентимизнинг «Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқлаштиришни сўраб, бир неча бор бошқарма бошлиғи  М.Султонов ва унинг муовини У.Нусуровга «Қарши йиғма темир-бетон» давлат корхонасига тегишли фаолият кўрсатмаётган бинолар, деб ўзгартиришни сўраб мурожаат қилган. Аммо улар «Президент қарорида хатоликка йўл қўйилган» деган оғзаки жавобдан нарига ўтмаган.

 Боз устига вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбари ҳамда «Қарши йиғма темир-бетон» давлат корхонасини тугатиш комиссияси бошлиғи Я.Эгамбердиев сотувчи ва харидор ўртасида тузилган олди-сотди шартномасини бекор қилиш юзасидан вилоят иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Бунга жавобан Савдо-саноат палатаси раҳбарияти  «SMES STROY SAVDO» МЧЖ  манфаатларини кўзлаб, иқтисодий судга қарши даъво аризаси билан чиқди.  

2017 йилнинг 15 декабрида ҳудудий бошқарманинг даъво талаби иқтисодий суд томонидан рад этилди. Буйруқ ҳамда шартномада  кўрсатилган объект номига «Қарши йиғма темир-бетон» давлат корхонасига тегишли фаолият кўрсатмаётган бинолар» кўринишида ўзгартириш киритиш тўғрисида вилоят ҳудудий бошқармасига мажбурият юклатилди.

— Шунга қарамасдан вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбарияти ўзининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатини давом эттириб, вилоят иқтисодий судига апелляция ва Олий судга назорат тартибида яна шикоят қилди, — дейди «SMES STROY SAVDO» МЧЖ раиси О.Омонқулов. — Судлар томонидан вилоят ҳудудий бошқармасининг шикоятлари қаноатлантирилмаган бўлса ҳам суд қарорини ижро этилиши ҳудудий бошқарманинг мутасадди раҳбарлари томонидан ҳар хил важлар билан узоқ муддат амалга оширилмади.  Буни сотиб олинган хусусий мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини бериш ордери турли баҳоналар билан ўз вақтида берилмай келганидан ҳам билса бўлади.

«Бегоналаштирилган» мулк

Қарши шаҳар ҳокиминиг 2000 йил 11 августдаги тегишли қарорига асосан  собиқ «Қарши қурилиш индустрия» ишлаб чиқариш бирлашмасига тегишли бўлган «Йирик панелли уйсозлик корхонаси» (ҳозирда «Қарши йиғма темир-бетон» давлат корхонаси) балансида бўлган «Автосарой» хайрия йўли билан «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасининг Қарши шаҳар бўлими балансига ўтказиб берилган. Жамғарма мазкур мулкни 2005 йил «Юк экспедиция  сервис» МЧЖга сотган. Бу мулк олди-сотди билан яна икки марта қўлдан қўлга ўтган. Шунингдек, «Қарши йиғма темир бетон» давлат корхонасига тегишли «Пайвандлаш цехи» «Қарши мебель» МЧЖга хусусийлаштириб берилган.

Ваҳоланки, Қарши шаҳар ҳокимининг «Автосарой»ни хайрия йўли билан «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасининг шаҳар бўлими балансига ўтказиб бериши  амалдаги қонун ва меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бермайди. «Қарши йиғма темир-бетон» давлат корхонаси бинолари сотилаётганда хатлов жараёнида мазкур қарор Давлат рақобат қўмитаси Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши ва иккита бино ҳам қўшиб сотилиши лозим эди.

Аслида…

«Қарши йиғма темир-бетон» (собиқ «Йирик панелли уйсозлик корхонаси») вилоят хўжалик судининг 2005 йил 11 январдаги ҳал қилув қарорига биноан банкрот, деб эътироф этилган. Ушбу қарор асосида банкротлик иши юритилиб, тугатиш бошқарувчиси Б.Янгибоев томонидан корхона тугатилган. Корхонанинг жами кредиторлик ҳамда собиқ ишчи-хизматчилар иш хақи биргаликда 314,4 миллион сўмни ташкил этиб, корхона мол-мулкини сотиш эвазига қарзни қоплаш белгиланган. Корхонанинг қайта нархланган асосий воситалар нархига бошқа активлар қўшилиб, жами 748 миллион 451,1 минг сўмга етган ва олти ой давомида мажмуа кимошди савдосига қўйилган. Сотиб олишга талабгор топилмагач, корхона мажмуаси қисмларга ажратилиб, арзонлаштирилган ҳолда биржа савдоларига қўйилади. Корхона мулкининг асосий қисмига харидор топилмагач, Б.Янгибоев томонидан кредиторлар йиғилиши қарори билан тўғридан-тўғри шартнома асосида арзонлаштирилган  нархда корхонанинг собиқ ишчи-хизматчилари иш ҳақи ҳисобига ва етмаган қисмига уларнинг нақд пулига янги ишлаб чиқариш очиш шарти билан жами 6820 квадрат метр жой сотилган. Корхонанинг сотилмай қолган 682,6 миллион сўмлик мулки Қарши  шаҳар ҳокимлигига топширилган. Ваҳоланки, Б.Янгибоев собиқ корхона мол-мулкини тўлиғича ҳокимият балансига ўтказиши лозим эди.

Корхонанинг ҳокимият балансига ўтган қисми кейинчалик  «Қарши йиғма темир-бетон» давлат корхонасига айлантирилиб, «SMES STROY SAVDO»  МЧЖга  сотилган.

— Олти ой ордер олиш учун сарсон-саргардон бўлдик, —  дейди О.Омонқулов. — Энг қизиғи, судлар томонидан 2017 йил 15 декабрда буйруқ ва шартномада кўрсатиб ўтилган «Қарши йиғма темир-бетон корхонаси» деган жумлани «Қарши йиғма темир-бетон корхонасига тегишли фаолият кўрсатмаётган бинолар» кўринишига келтириш тўғрисида ҳудудий бошқармага мажбурият юклатилган ва суд қарорлари кучга кирган бўлса-да, корхонага тасарруф этиш ҳуқуқисиз давлат ордери 2018 йилнинг 2 май куни берилди…

“Янги очилган ҳолат”

Ҳудудий бошқарма раҳбарлари ҳамда Я. Эгамбердиев шундан кейин ҳам тинч турмади. Бу сафар улар хусусий мулкка эгалик ҳуқуқини бериш давлат ордерини бермасдан вақтни чўзиш ҳамда суд ходимларини чалғитиш мақсадида Қашқадарё вилоят иқтисодий судига «янги очилган ҳолат» мазмунида 2018 йилнинг 7 сентябрь куни қайта мурожаат қилган. Бироқ суд аризани қаноатлантиришни рад этган.

Шундай қилиб, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилоят худудий бошқармаси раҳбарлари ва Я.Эгамбердиев  «SMES STROY SAVDO» МЧЖни оз эмас, кўп эмас тўққиз марта судга берган. Суднинг барча қарорлари жамият фойдасига ҳал этилган бўлса-да, Давлат рақобат қўмитаси раисининг ўринбосари А.Обидов ўзининг масъул ходимлари  иштирокида жамият раҳбарларини қўмитага бир неча бора чақириб, корхона мулкини сотиб олгунга қадар иш ҳақи, солиқ ва бошқа тўловлардан тўпланиб қолган қарийб 800 миллион сўм миқдордаги қарздорликни «SMES STROY SAVDO» МЧЖ тўлаб беришини талаб қилаверган.

Хуллас, бюрократлик касалига чалинган бир гуруҳ раҳбарларнинг билиб-билмасликка олиб, амалга оширган ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатидан бир тадбиркор шунча азият чекди, қийналди. Аммо барибир адолат қарор топди. Эгилса ҳам, букилса ҳам, синмас ҲАҚИҚАТ уни мансабидан бурни баланд, нафси катта амалдорларнинг адовати ҳамда жабридан қутқарди.

    Шомурод ШАРАПОВ,

         Ўзбекистон Журналистлари ижодий   уюшмаси аъзоси

2019 йил 25 январь

“Жамият” газетаси, 3-сон.

Бошқа хабарлар