ИЛЛАТЛАРНИ УРЧИТАЁТГАН ЎЗИМИЗ

202

Ҳалоллик ва маънавият. Бу тушунчалар замирида тарбия ётиши сир эмас. Таълим даргоҳидаги эмас, оилада, жамиятда шакллантириладиган тарбия. Кейинги пайтда нима учун ҳаётимизда ҳалоллик ва маънавиятни қарор топтиришга бефарқ бўлиб қолдик? Ушбу тушунчалар амалда эмас, фақат сўзда қолиб кетаётганига сабаб нима? Аксинча унга тескари бўлган иллатларни рағбатлантиришга бизни ким мажбурлаяпти?..

Журналист Барно Султонованинг “Жамият” газетасида чоп этилган мақоласида шу каби саволларга жавоб изланади.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

УЯЛМАЙ ҚЎЙДИК

Болалигимда ҳар якшанба отам бозорга олма сотишга чиқарди. Мен бирга борардим. Аммо ҳеч қачон ёнида турмасдим. Олмасини сотиб бўлгунча ё узоққа кетардим ёки айланиб юрардим. Чунки отам менга қарашиб юбор, дейишидан қўрқардим. Меҳнатдан қочганим учун эмас, олмаларни сотишдан уялардим, ор қилардим. Ўша даврнинг идеологияси шундай эди. Савдогар, сотувчилар «спекульянт» деб аталар ва бу гап жуда хунук эшитиларди. Ноҳалол деганда биз маҳсулотнинг устига нарх қўйиб сотишни тушунардик. Шунинг учун қайсидир савдогар ҳақида гап кетганда, одамларнинг энсаси қотиб гапирарди: «Ҳм… фалончи савдогарми?». Хўп тескари замонлар бўлганда, ўзимиз ўртаҳол яшасак-да, савдогарни менсимасдик…

Бугун ҳалоллик, виждон ҳақида гапирамиз, аммо амалда тескарисини қиламиз. Маънавият тушунчасини қамраб олган барча ахлоқ нормаларига, масалан, ҳалоллик, виждон, ростгўйлик каби фазилатларга нисбатан меҳр, виждонсизлик, порахўрлик, фирибгарлик каби ахлоқнинг тескари кўринишларига эса нафрат уйғотолмадик. Ўша даврларда нима учун одамлар савдогарликни, порахўрликни, фирибгарликни уят ҳисобларди. Чунки ҳалолликни тарғиб этувчи китобларимиз, киноларимиз, ҳатто ёзадиган мақолаларимиз ҳам шунга бағишланарди.

Узоққа бормайлик, кейинги пайтларда оммавий ахборот воситаларида тарбиявий аҳамиятга эга мақолалар жуда камайиб кетди. Мустақиллик йилларида қурилган иншоотларимизни, ободликка қаратилган дастурларимизни, инсон саломатлиги, таълим тизимидаги ютуқларимизни кўрсатадиган мақолаларни кўпайтирдик. Диққат-эътиборимизни фақат шу мавзуларга қаратдик. Айни пайтда эса фақат танқидга ружу қўйдик. Тарбиявий аҳамияти кўрсатилмаган, фақат мағзава ағдаришдан иборат танқидга…

Ахир ўша иншоотларнинг баъзилари хўжакўрсинга қурилаётгани, тиббиёт соҳасида порахўрлик авж олгани, шарт-шароити яхшиланган баъзи мактабларда директорлар пора билан болаларни мактабга қабул қилаётгани ҳақида нега бизга ёздиришмади, деган савол ҳамон жавобсиз. Маънавият сўзининг қадрсизланишига киноларимиз, бадиий асарларимиз, спектаклларимиз орқали айнан маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга, яъни ИНСОН иродаси, эътиқоди, лафзи, ғурури мавзуларига қўл урдирилмагани сабаб, деб ўйлайман.

Севимли адибимиз Шуҳратнинг «Жаннат қидирганлар» асарида ватангадолик фожиаси кўрсатиб берилган. Нимагадир ўша кезлари халқимизнинг чет элга бориб ишлаши деярли ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Ахир, ўшанда ҳам обод яшамаганмиз. Данғиллама ҳовлиларимиз, ҳар икки хонадоннинг бирида машина бўлмаганди. Шунчаки, борига қаноат қилардик. Қийналиб яшасак-да, негадир, бировнинг ҳақидан қўрқардик. Дўконга нонга борсак, бир тийин қайтимимизни қайтиб берарди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам бизга ҳалолликни ўргатган.

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» асарида уят, уятсиз деган ибора деярли ҳар бир саҳифада ишлатилган. Шунинг учун бу асар миллий романимизга айланди. Беҳаёлик, андишасизлик фожиага олиб келишини асарни ўқиган сари англаб боравердик. Бугун андиша ҳақида гапирамиз-у, андишасизнинг ишини қиламиз. Масалан, кейинги пайтларда семиз одамнинг овқатни реклама қилиши ҳечам уят эмас. Биламиз, семизлик касаллик ва бу касаллигидан истиҳола қилиш керак бўлмаса-да, уяладиганлар бор. Аммо семиз инсоннинг колбаса рекламасида очкўзларча овқатга ташланиши ростдан ҳам жуда уятли иш.

Демоқчиманки, баъзи ҳолларда нафсни тиймасликдан тананинг вазни ортиб кетишини уят ҳисобламай қўйдик. Яъни баднафсликни реклама қилиш оддий ҳолга айланди.

«Автомобилдан сақланинг» киносини эслаб кўрайлик-а. Кино бошдан-оёқ мансабдор ва порахўр шахсларнинг устидан кулади ва табиийки, бу кулги ортида нафрат бор. Ёки ҳар ҳафта телевидение орқали кўрсатиладиган, Эргаш Каримов асос солган «Миниатюралар театри» мавзуларига эътибор беринг. Юлғич, баднафс, иғвогар, порахўр, ўз касбини суиистеъмол қилган шахсларни ҳар доим танқид остига олиб театрлаштирган. Ёки «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатувидаги қадриятларимиз, анъаналаримиз ҳақидаги видеофильмлар тарбиявий аҳамиятга эгалиги билан эътиборни тортарди. Ҳаммага бирдек манзур бўларди.

Масалан, Ўткир Ҳошимов асари асосида яратилган «Баҳор қайтмайди» видеофильмидаги ҳаволаниб кетган санъаткорнинг фожиасини ёдга олайлик. Буларнинг барини кўриб, ўсиб-улғайдик, қонида ҳалоллик бўлмаган одамлар лоақал тийилиб яшади, одамларнинг нафратидан қўрқди.

Маънавият сўзини нега ёмон кўриб қолдик. Аслида, бозор иқтисодига ўтиш даврида «маънавият» сўзининг кириб келиши тўғри эди. Аммо уни тўғри йўналтиролмадик, назаримда. Кўпчилик ҳалигача маънавият ўзи нима деган саволга жавоб қидиради. Ҳатто, ижтимоий тармоқлардаги баҳсларда ҳам «маънавият нима» деган изоҳларни ўқиб қоламиз.

Нега маънавиятни ёмон кўриб қолдик? Чунки маънавият деб жар солиш билан одамларни маънавиятли қилолмадик. Масалан, маънавият ҳақида ҳар куни талабаларга сабоқ берувчи ўқитувчиларнинг баъзилари очиқчасига талабалардан пора ола бошлади. Маънавиятли бўлишда жажжи фарзандларимизга ўрнак бўлиши керак бўлган боғча опа ота-оналардан очиқчасига совға кутди. Чунки уларга ўрнак бўлиши керак бўлган баъзи боғча мудиралари ходимларининг олдида бир кунлик нормаси 52 клограмм гўшт маҳсулоти кетиши керак бўлган овқатга 9 килограмм кеча қайнатилган гўштни эртасига яна қайнатиб берди (Бундай шармандалик Шайхонтоҳур туманидаги бир боғчада содир бўлган). Энг ачинарлиси, ана шундай очкўз боғча мудираларини, ўзининг фарзандлари, ота-онасини қолдириб чет элда ўзганинг боласига, ўзганинг ота-онасига энагалик қилган қўни-қўшниларимизни, пора олгич ҳокимларни, фирибгарларни маъракаларимизнинг тўрига ўтқаздик, қаҳрамонига айлантирдик. Улардан нафратланиб пойгакка ўтқазиш ўрнига, кийган ялтироқ кийимлари-ю дастурхони тўкинлиги ўғирлик орқасидан эканлигини била туриб болаларимиз кўзича фахрландик: «Бирам зўр тўй қилди, боғча мудири бўлиш керак эканда», ёки «фалон жойнинг раҳбари данғиллатиб уйлар қурган-ей, кўриб ҳаваси кетади кишининг», дея оғзимизнинг суви қочгани ёлғонми?

Ўйлаб кўрмадикки, нега раҳбар ёки боғча мудираси биздан озгина кўпроқ маош олиб, икки баравар яхши яшаши ва данғиллатиб тўй қилиши керак? Улардан нафратланмадик ва бу бизнинг келажагимиз бўлмиш фарзандларимиз онгида маънавиятнинг қадр-қимматини йўқотиб бораверди. Яъни андиша пойгакда кўзини ерга тикиб қолди, ҳаёсизлик, орсизлик тўрга чиқди.

Маънавиятли инсон интернетдан тўғри фойдаланади, деб телевизорда гапирдик, бонг урдик, аммо аксини қилдик. Бачкана клипли қўшиқлар, савиясиз кинолар, ҳашамни тарғиб қилувчи фильмлар босиб кетди ҳамма каналларимизни.

Чет эл сериалларига шу даражада ружу қўйдикки, оқибатда ахлоқимизни бузиш борасида интернет ҳам ортда қолиб кетди. Маънавиятли бўлиш керак, деб айтилди, ёзилди, аммо фақат қийматсиз сўзга айланиб қолди. Маънавиятчиларимиз маънавиятсизликка қарши фақат сўз орқали курашди. Амалда эмас. Телевидениеда берилаётган маънисиз кинолар, енгил-елпи қўшиқлар, ёзилаётган савиясиз асарларга қарши курашмади.

Маънавият керакми? Керак! Фақат бу сўз ўзининг қийматини топиши учун бу сўзни ишлатмасдан маънавиятга интилмоқ керак. Энди ёзадиган асарларимиз, мақолаларимиз, тасвирга туширадиган киноларимиз, барча-барчаси ҳалолликка, одоб-ахлоққа бағишланиши керак. Фарзандларимиз очкўз, баднафс, порахўр одамлардан нафратланишни ўргансин. Уларга ҳавас билан қараб, ўрнак олишни эмас. Нафратга ўргатиш учун инсон қалбини, олижаноблигини очиб берувчи фильмлар, қўшиқлар, асарлар яратилиши лозим. Биз уларни томоша қилганимизда, ўқиганимизда УЯТдан қизариб, камчиликларимизни, қусурларимизни англаб етайлик.

МАЪНАВИЯТ керак! Чунки китобларимизда ёзилганидек, «Маънавият инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган куч». Бу кучни ҳақиқий кучга айлантириш учун сўз билан амал бирлигини эътиқодга айлантирайлик.

Барно СУЛТОНОВА

2019 йил 25 январь

“Жамият” газетаси, 3-сон.

Бошқа хабарлар