55 ЁШЛИ ТАЛАБА

253


Инсон вояга етгунча катта ҳаётга тайёрланиши, пенсияга чиққунга қадар эса фаол ҳаракатда бўлиши, ундан сўнг қарилик гаштини суриб яшаши керак, деган фикр атрофида ўралашиб қолганмиз. Ўзида толмас куч соҳибларининг енгилмаслик, ишончни йўқотмаслик, бир сўз билан айтганда, позитивлик хусусияти атрофдагиларга қўшимча қувват беради. Ана шундай юртдошларимиздан бири Жиззах давлат педагогика институти талабаси эллик беш Сувонқул Жўраевнинг мактуби  XXI Аср газетасида чоп этилган.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

Кўринг, ҳавас қилинг

Уч талабанинг отасиям ТАЛАБА

Иши беш, ўқиши беш, ёши эллик беш Сувонқул Жўраевдан мактуб

Кунора ОАВнинг турфа қатимларида ғаройиб хабарларни ўқиймиз. Масалан, “Хитойлик аёл 81 ёшида олий маълумот олди”, “Ҳиндистонлик энг кекса талаба” каби янгиликларни олайлик. Аввалбошда ажибсиниб, кейин эса ичдан қойил қоламиз. Сабаби инсон вояга етгунча катта ҳаётга тайёрланиши, пенсияга чиққунга қадар эса фаол ҳаракатда бўлиши, ундан сўнг қарилик гаштини суриб яшаши керак, деган ундалмаларга ичдан кўниб қолганимиздандир, балки. Ҳайратимизни ошираётган ана шу толмас куч соҳибларининг енгилмаслик, ишончни йўқотмаслик, бир сўз билан айтганда, позитивлик хусусияти атрофдагиларга қўшимча қувват бермай қолмайди, албатта. Не дейсизки, Ўзбекистонда ҳам бу борада хорижликлардан қолишмайдиган юртдош­ларимиз бор. Улар билан суҳбат қурган ўттиз ёш чоғроқ киши ҳозирги ҳолатидан уялиб қолса керак, ҳойнаҳой.

Жиззах давлат педагогика институтининг 55 ёшли талабаси Сувонқул Жўраев таҳририятимизга хат йўллабди. Уч ўғилни вояга етказиб, олий маълумотли қилган, ўзи тез тиббий ёрдам хизмати (103)да узоқ йиллардан бери ҳайдовчилик қилиб келаётган бу қаҳрамонимизга нима етмайди дейсиз? Тўғри-да, бола-чақадан қутилган бўлсангиз, бу ёғига кўк чойни ичиб, заҳматдан келган ҳордиққа суюниб ўтиравермайсизми? Ахир ўқишни битиргунча пенсияга чиқасиз, ширин жонингизни оғритмасдан пенсия пулини қўлтиққа уриб (етмаганини уч алп тўлдиради), янгамизни етаклаб ичкию ташқи туризм қилиб юрмайсизми?

Айни фикрлар кўпчиликнинг хаёлидан ўтиши табиий. Майли, фалсафа сўқиб сабрингизни синамайлик. Сувонқул аканинг мурожаатини ўқинг-у, ўзингиз хулоса қилинг…

Ассалому алайкум!

Мен “XXI asr” газетаси орқали халқимизга, айниқса, ёшларга мурожаат қилмоқчиман. Ёшим 55 да. Ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугатганман. Бироқ турли сабаблар билан шу пайтга қадар олий ўқув юртида ўқий олмаган эдим.

Уч ўғлим бор. Тўнғичим Жиззах шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида ёшлар иттифоқи етакчиси. Жиззах давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия факультетини тамомлаган. Ўртанча ўғлим ҳам шу институтнинг чет тиллар факультетини битириб, Пахтакор шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида дарс бер­япти. Кенжам Ички ишлар вазирлиги академиясининг 2-курс талабаси.

Халқ тили билан айтганда, ўзимдан тинчиганман. Шукрки, фарзандларимни олий маълумотли қилиб элга қўшиш бахти каминага ҳам насиб қилаётир. Аммо ОТА деган буюк даражанинг чегараси йўқ. У ҳар неки бўлмасин, ҳеч қачон енгилмаслик инстинктини издошларига кўрсатиб бориши шарт деб ҳисоблайман. Инчунин, одамнинг орзуси пок бўлса, ниятга эришмай қолмайди. Армонли хотираларга берилиш, бўлар-бўлмасга ўксинавериш эса заифликни авж олдиради.

Шу десангиз, Президентимиз ташаббуси билан таълим соҳасида яна сиртқи йўналишлар очилгани армонга айланган орзуларимни алангалатиб юборгандек, гўё. Хушхабарни эшитиб, 2018 йил Жиззах давлат педагогика институтининг тарих факультети сиртқи бўлимига ҳужжат топширдим. Мингга яқин абитуриент орасида юқори натижа кўрсатиб (!) тўққизинчи ўринда талаба бўлдим!

Яширмайман, тўғридан-тўғри юзимга қарата ёки орқаваротдан “Жинни бўлдингми қариган чоғингда ўқиб? Ундан кўра санаторийга бор, тўй эгаси бўлиб тўрда ўтир, ҳажга бор”, деганлар ҳам кўп учради. Гарчи “Бешикдан то қабргача илм изла” деган ўгитни доим тилимдан қўймай келсам-да, ўша пайтлар бу сингари эътирозлардан кейин иккилана бошлагандим. Боз устига, Жиззах шаҳар тез тиббий ёрдам (103) бўлимида ҳайдовчи бўлиб ишлайман. Инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда озми-кўпми ҳиссам борлигидан фахрланаман. Зеро, касбим масъулиятли ва савобли. Қолаверса, яқинда маошимиз оширилди. Янги машина янги тиббий ускуналар билан жиҳозланяпти. Қисқаси, маза қилиб ишлайдиган шароит. Лекин…

Мен халқимизга, юртимизга янада кўпроқ фойдам тегсин, ислоҳотларда фаол иштирок этиб, ўғилларимга ўхшаган, керак бўлса, улардан ҳам билимли, кучли кадрлар тайёрлаш, ўз тажрибамни ўртоқлашиш учун ҳам ўқишни давом эттиришга қарор қилдим. Тақдирнинг туҳфасини қарангки, камина талабалар гуруҳларга ажратилаётганда 103-гуруҳга тушибман! Ўйладим, бу синоат шуки, тез тиббий ёрдам хизмати (103)даги фаолиятим шу тарзда давом этади, мен тўғри йўлни танлабман… Ҳар бир мўмин-мусулмоннинг орзуси – ҳажга бориш ҳам мавриди билан насиб этар, тўйлар ҳам қилармиз.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган тараққиёт дастурига улуш қўшсам, шу ҳаракатларнинг фаол қатнашчиси бўлсам дейман. Тафаккури кенг кадрлар тайёрлаб, Ўзбекистонимизни қудратли давлатлар қаторига киришида бор кучимни, билимимни сафарбар этсам дейман. Шунга аминманки, ёшу қари фидокорлик билан ҳаракат қилсак, ниятимизга албатта етамиз. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Биздан озод ва обод Ватан қолсин!”. Илло, бу юртда фарзандларимиз, набираларимиз, келгуси авлодларимиз яшайди.

Сувонқул ЖЎРАЕВ,

Жиззах давлат педагогика
институти талабаси, 55 ёш

2019 йил 31 январь 4-сон

XXI Аср газетаси

Бошқа хабарлар