МАТБУОТГА СУЯНЧ КЕРАКМАСМИ?

271

Матбуотни ўзимизча икки турга ажратамиз: давлатники ва хусусий. Фарқ уларнинг мулкчилик кўринишида эмас, балки шакл-шамойилида, мазмун-моҳиятида. Яъни бири “зерикарли” мавзуларни (айтайлик, маънавият, таълим-тарбия, ғаллани суғориш, агротехник тадбирлар каби) ёритса, иккинчиси шов-шув, миш-миш, ғийбат кабилар билан ўқувчилар эътиборини тортишга ҳаракат қилади (сариқ матбуотни назарда тутяпмиз).

Мажбурий обуна масаласи кўтарилгач, кўплаб расмий газета-журналлар бироз қийин аҳволда қолди. Тўғри, бунга уларнинг ўзи ҳам айбдор. Узоқ йиллар бир хил қолипда қотиб қолишди. Лекин шу баҳона билан матбуотнинг ижтимоий, маънавий ривожланишга қаратилган миссиясини кучсизлантириш шартми? Аслида бундан кўпроқ ким зарар кўради: матбуотми ёки жамият? Мажбурий обунани оқламоқчимасмиз, фақат бошқа қандайдир йўллар билан нашрларнинг тарғиботчилик кучига куч қўшилса бўлмайдими?..

“Тошкент ҳақиқати” газетасида журналист Беҳзод Қобулов шу каби саволлар атрофида ўй-мулоҳазаларини баён этган.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг

МАТБУОТ, МАЖБУРИЙ ОБУНА, ВИЖДОН…

Дунёқараши хасталар ўқимасин!

Давр ўзгарди. Интернет тобора қизиқарли, жозибали бўлиб бораяпти. Яқинда “Тафаккур” журналида бир муаллиф шундай ёзибди: “Инсон компьютер ёки телефон ойнаси қаршисида бутун олам билан юзлашиб, сўзлашиб ўтирибди, аммо у ёлғиз. Ниҳоятда ёлғиз…”

Ҳа, шундай. Ҳазрати инсоннинг ўзи, ўй-хаёллари виртуаллашаяпти. Реалликнинг таровати интернетга ғаройиб бир шаклда кўчаяпти.

Шундай вазиятда барча таҳририятлар аввалига веб сайтларга, эндиликда телеграмм мессенжерига кўча бошлади. Муҳокамалар, фикрлар майдонига айланаяпти телеграмм деганлари. Икки инсон телеграмм орқали бемалол суҳбатлашиб, гўёки гувоҳларсиз машварат қиларкан, олис-олис юртларда бу ёзишмалари темир сандиқларда сақланишини ҳали билмайди…

«Сникерс»ни тўхтатма, обунани тўхтат!

Шу кунларда обуна ҳақида биз ҳам ўйлаяпмиз. Биз ҳам мактабларга чиқиб, жойларга бориб, обуна жараёнининг шаффоф ва ихтиёрийлик принципи асосида ташкил қилиниши тарафдоримиз. Яшириб нима қилдик, мажбурий обунадан манфаатдор ҳам бизмиз. Қанийди, ҳамма газетамизга ўзи обуна бўлса, деб хаёл қиладиган анойи ҳам ўзимиз…

Лекин, қайси маънода манфаатдор? Гап шунда. Оддий бир туман газетасининг йиллик сарф-харажати камида 800 миллион сўмни ташкил этади. Шундан, салкам 200 миллион сўми босмахона учун сарфланади. Солиқлар ва бошқа харажатлар учун яна 300 миллион сўм атрофида сарфланади. Қолган 300 миллион сўм ишчи-ходимларнинг маоши, йил давомида, қонунчиликда белгиланган тартибда, давлат байрамларида бериладиган мукофот пуллари, меҳнат ва туғуруқ таътили учун ажратиладиган тўловлар, турли тадбирларни уюштириш, техник жиҳозларни сифатли сақлаш харажатлари, канцелярия маҳсулотлари, хуллас, барибир йил охирида рўзғорхалта тешилиб қолади. Алқисса, обуна учун ажратиладиган пуллар туман-шаҳар газеталарининг жон сақлаб туриши учун зўрға етади.

Ўзи шу куннинг ўлчами билан айтганда, энг кам ойлик оладиган тоифа ҳам журналистлар бўлиб қолди… На чора, касбга муҳаббат, ишлайверамиз…

Айтганча, бир машҳур реклама бўларди: “Сникерсни тўхтатма!” деган. Ҳа, тўхтатманг. Босинг газига! Шундан фойда…

Журналистлик гадойчилик эмас!

Айримлар айтадики, халқнинг пулига кўз тикиб ишлаш ҳалолми, шуям ишми? Ҳатто баъзилари дангалини айтиб, ундан кўра гадойчилик қилиб, пул топсанг бўлмайдими, дейишгача борди.

Ҳа, уларнинг ҳам ўз ҳақиқатлари бор. Матбуотнинг қадри йиллар ўтган сари билинади, шунақанги билинадики… Яшириб нима қилдик, биз ҳам айни пайтда вазият бандаси бўлиб қолдик. Давлат ўз матбуотига қарашадими ёки газеталар хусусийлашадими, молиялаштириш нима бўлади қабилидаги ўй-фикрлар бизга ҳам тинчлик бермаяпти.

Унутманг, матбуот жуда катта қурол, унинг молиялаштириш манбаси хусусийлашгани давлат учун қимматга тушиши ҳам мумкин. Илмда “бешинчи колонна” деган машҳур ибора бор. Мамлакат ичида яшайдиган, шу мамлакатнинг фуқароси бўлганларда норозилик кайфияти туғдирилади, оммавий ахборот воситаларида қўрқинчли хабарлар тафсилотини ўқийверган одамларда давлатга ишончсизлик кайфияти етилади. Қарабсизки, тап-тайёр “бешинчи колонна”.

Бу иборанинг тарихи ҳам қизиқ. Фуқаролар уруши. Испания. Шаҳарга бостириб кирмоқчи бўлган қўмондоннинг тўртта колоннадан иборат армияси бўлади. Маслаҳатчилар унга ҳужум қилмасликни тайинлайди. Қўмондон эса мутлақо хотиржам равишда: “Парво қилмаларинг, ичкарида бешинчи колонна ҳам бор…”, деб жавоб беради. “Бешинчи колонна” эса боя айтганимиз – жамиятдан норози тоифа эди…

Демоқчимизки, биз сизларнинг маошингизга қараб қолмаганмиз. Бу дунёда пулдан ҳам муҳим нарсалар бор. Матбуотга сиз эмас, сизга матбуот керак. Фақат яхши матбуот керак. Давлат нашрлари халқнинг жорий кайфияти билангина яшамайди. Унга эргашмайди. У замонлар чорраҳасида туради. Эргаштиришга интилади. Унинг мезонлари, мақсад-муддаолари давлатнинг эсонлиги устига қурилади. У жорий ислоҳотларнинг маромини қадамма-қадам кузатади, жанжаллар, пичоқвозликлар ҳақида бўлар-бўлмас айюҳаннос солмайди, ғаллани суғориш каби “зерикарли” мавзуларни ўрганади, шу каби ҳолатлар устидан жамоатчилик назорати ўрнатади.

Бир жонли мисол. Беш-олти йил муқаддам Тошкентда қонхўр жиноий тўда пайдо бўлган эди. Унинг изига тушилган, аммо маълум вақтгача тутқич бермаган эди. Йиртқич махлуқлар кўпинча ёш болаларни нишонга оларди. Ўшанда журналистлар орасида воқеани қандай ёритиш бўйича маслаҳат бўлган. Жуда кўпчилик одамларни огоҳлантириш учун ҳамма баравар бу тўда ҳақида ёзиши керак деган. Шунда бир ёши улуғ матбуотчи акамиз бошқача мулоҳазани ўртага ташлаган:

“Халқимиз болажон. Бу хабарни эшитган заҳоти мамлакатда тартибсизлик бошланади. Одамлар боласини боғчага, мактабга юбормай қўяди, аёллар ишга бормай, боласига қараб ўтиради. Хуллас, халқнинг турмуш тарзи издан чиқади. Бошқа тарафдан олганда, ўша тўда мақсадига ҳам эришади – мамлакатда фойдали иш коэффициенти пасаяди. Алҳол ундай қилиш керак эмас. Шундай катта бир давлатдаги ҳаёт тарзини тўртта жиноятчи издан чиқариши хато бўлади. Шунинг учун биз, барча журналистлар эртадан бошлаб, фарзанддан доимий хабардорлик, масъулият, оила бахти каби мавзуларда чиқиш қилайлик, телеэкранларда роликлар намойиш этайлик, токи одамларда фарзандидан ҳар соатда, ҳар дақиқада хабар олиб туриш кўникмаси шакллансин…”

Мана, сизга мантиқ. Давлат ва халқ ўртасида журналист қандай позицияда туриши керак, десалар сира иккиланмай шу воқеани мисол келтириш мумкин. Жараённи шарҳлашда, изоҳлашда мақсадга қараш керак. Муҳими, фуқароларнинг, халқнинг борлиги ва бирлиги тажассуми бўлган жонажон давлатимиз манфаатлари иккинчи даражага тушиб қолмаслиги керак.

Туман (шаҳар) газеталари керакми?

Халқ таълими вазирининг пойтахтдан туриб “Обунани тўхтатинг!” деб берган амру фармони нақадар ҳақиқат эканига тарих сўз айтар. Аммо, туман ва вилоят газеталари ўша ўқитувчиларнинг ўзига, айниқса, керак. Фан ойлиги, турли тадбирлар, очиқ дарслар… Буларни маҳаллий матбуот ёритмаса, ким ёритади? Дарвоқе, яқинда Ангрендаги бир мактабда бўлиб ўтган тадбирни оммабоп, рейтинги баланд сайтда чоп этиш учун 2 миллион сўмлик шартнома тузилганини эшитиб қолдик. Қизиқсиниб, ўша мақолани очиб ўқидик. Эсиз, эсиз… Бир тийинга қиммат шов-шув учун қарийб 20 та туман газетасининг бир йиллик обуна пули исроф бўлаяпти.

Бошқа томондан олганда, сиз мактабдаги “Балли, қизлар”, “Ёш чегарачилар” тадбирларини минг кучаниб оммабоп сайтларга тиқиштирманг, барибир бундай типдаги материалларнинг ўқувчилари кўп бўлмайди. Одамларга вирусли гепатитга қарши эмлаш жараёни бошлангани ҳақидаги хабарлар эмас, АҚШ Сурияда нималар қилаётгани қизиқ, ким-кимни пичоқлагани қизиқ. Интернет аудитория ана шу тарзда шаклланиб қолди. Афсуски, шундай.

Қолаверса, туман газеталарида чоп этилган мақолаларнинг аксарияти маҳаллий аҳоли учун манфаатли, фойдали. Тўрт секторда бўлаётган ўзгаришларни кафтдек кўрсатадиган минбар ҳам мана шу. Сизу бизнинг ҳудудий, ички муаммоларимиз ўзимизга қизиқ, ўзимизга муҳим. Катта минбарлар эмас, туман, вилоят миқёсида айтиш лозим бўлган гаплар жуда кўп. Умуман, бирорта нашр мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида бўлаётган муҳим воқеликларни бирдек қамраб ололмайди.

Туман (шаҳар) газеталари жойлардаги адабий жараённинг ташкилотчиси ҳамдир. Шеър ёзадиган йигит-қизлар, адабий иштиёқи мавжуд, таъби назми бор инсонларнинг дўсти, тарбиячиси, устози ҳам айнан туман газеталари.

Мухбир сизга нима беради?

Газета – халқ виждони. Агар сизга шундай нашрга обуна бўлишни тавсия қилишса, аниқки, рад этмайсиз. Газета жонли тарих, архив. Йиллар суронида йўқолиб кетмайдиган предмет. Интернет имкониятлари бир муддат газетачиликни карахт аҳволга солган бўлса ҳам, ишонинг, босма нашрлар интернетда фаоллаша бошлаган заҳоти, бугун кариллаётганлар тумтарақай қочиб қолади. Чунки, журналистиканинг қаймоғи, мияси айнан матбуотда жодир. Стилистика усталари, адабиёт билимдонлари, таҳрир санъати намояндалари айнан матбуотчилар. Ўзбек адабий тили ҳам миллий матбуот бағрида барқ уриб яшнайди, бор таровати билан намоён бўлади.

Яна бир гап. Журналистика фақат ахборот ва шов-шувли хабарлардан иборат эмас. Фикрга қувват берадиган, мулоҳаза улашадиган эссе, очерк, суҳбат каби жанрлар матбуотнинг юзидир. Веб сайтда ёки телеграмм каналларда чоп этилган суҳбатлар ва бошқа таҳлилий мақолаларни берилиб ўқимайсиз. Кўпроқ янгилик қидирасиз. Аммо, шу суҳбатлар газета ёки журналда бўлса, портфелга солиб, ўй-хаёллар оғушида қайта ва қайта ўқийсиз. Аниқроғи, ўқишга мажбурият сезасиз, варақлар оралаб ўша матнга кўз тушади ва кетди… Ўқийсиз. Балки янглишаётгандирмиз, аммо матбуотда ҳафтанинг, ойнинг энг муҳим воқеалари, тафаккур ютуқлари яхлит тарзда қўлингизга тутқазилиши, масалан, бозорга бориб, керакли нарсаларни харид қилиш эмас, ҳар ҳафта ўша керакли нарсаларнинг ўзи остона ҳатлаб уйингизга келишидай гап. Сиз учун мухбирлар ҳафтанинг кун тартибини саралайди, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий кайфиятини қамраб олиб, уни сизга ҳам юқтиришга, умумий мақсад йўлида бирлашишга чорлайди.

Матбуот ўз билганидан қолмайди…

Қиёслаш учун мисол. Яқинда содир бўлган воқеа – Оққўрғондаги “сувтушар” ҳодисаси жуда катта шов-шув бўлди. Бош вазир ўринбосари ишдан олинди.

Бу воқеанинг мантиғи жуда ғалати. Айтайлик, Зойир Мирзаев ўзининг хусусий томорқаси учун эмас, сиз ва бизнинг умумий ризқ-рўзимиз, нонимиз учун куюнган эди. У катта йўл ёқасидан анча пиёда кириб борган, ташландиқ кўринган жойга нима экилганини сўраган. Сувга тушганлар уни алдаган. У ишонмаган ва ўз кўзи билан бориб кўрган. Нега суғормадинг, деб сўраган. Сув йўқ, дейишган. У яна дала оралаб, ўша жойгача пиёда борган. Мана бу нима, сувми, нега ғаллани суғормайсан, дея жаҳл қилган. Айбдорларни ўзича шу тариқа жазолаган. Яна қайтарамиз, биз уни оқламаймиз. Аммо, танганинг иккинчи томони ҳам бор-да…

Ғалла тахминан 1 ноябргача суғорилмаса, келгуси йил ҳосилидан путур кетади. Ҳукумат эса пахта кампанияси билан бир вақтда ғалла экиш чора-тадбирларини олиб боришга мажбур. Фермерми? Кулгимизни қистатманг. Бизнинг аксарият фермерларимиз бу пайтда такрорий экиндан тирикчилик қилиб юрган, савдоси юришганлари болишни ўмровга тортиб, чойхонада бўкача паловни паққос тушириб ётган бўлади…

Эътибор бердингизми, ақалли бирорта веб сайт ёки телеграмм канали ғаллани суғориш агротехник талабларини ўз вақтида бажариш бўйича чиқиш қилмади. Қилмайдиям. Лекин келгуси йили ноннинг нархи 10 фоиз кўтарилса, ана унда томошани кўринг… Айюҳаннос, ур-тўполон, айбдор қидириш…

Матбуот эса, балки, кимларгадир зерикарли туюлар, лекин ўз билганидан қолмайди. У ғаллани суғориш ишларидан репортажлар тайёрлайди, сувчилар билан суҳбатлашади, жамоатчилик эътиборини шу мавзуга қаратишга уринади. Матбуот бир қарашда қизиқ бўлмаган, аммо керакли, фойдали гапларни айтади. Демоқчимизки, матбуот одамларнинг қизиқишларига эргашмайди, аксинча, қизиқтиришга ҳаракат қилади.

Унда нега бу майдон аро матбуотнинг роли пасайиб бормоқда?

Бунга бир неча сабаблар бор. Биринчидан, почта тизимининг издан чиқиши интернет журналистикаси билан рақобатлашишда матбуотга жуда катта халал бермоқда. Масалан, Оҳангарон туманлараро почтаси Олмалиқ, Ангрен, Оҳангарон шаҳри ва тумани аҳолисига хизмат кўрсатади. Ходимлар сони жуда кам. Имкон қадар ишлашаяпти, кўз тегмасин. Аммо, уларга боғлиқ бўлмаган муаммолар бор. Кам ойлик ва кўп юклама билан ишлаётган оз сонли почтальонлар нима қилсин? Газета тарқатиш тизими издан чиққан экан, таҳририятлар қаёққа борсин? Арзини ким эшитади?

Иккинчидан, олдинги эпохада мавжуд ички цензура, мавзулар ва шахслар бўйича тақиқларнинг мавжудлиги, йиллар давомида матбуотга янги қон қуйилмагани, журъатсиз муҳаррирлар… Хуллас, ана шундай бир вазиятда лоп этиб интернет журналистикаси дадил ва очиқ ёзишни бошлади. Блогерлик оммалашди. Халқ гапира бошлади. Ижтимоий тармоқлар реал ҳаётда акс-садо бера бошлади. Хуллас, оғиркарвон матбуот бу жараённи ҳазм қилгунча, анча ортда қолиб кетди… Вазиятни ўнглашга уриниш бошланганида эса ўғил отасига қўл кўтариб бўлганди – собиқ газетачилар, газета ва журналлардан ишдан урилган аламзадалар матбуотга мириқиб, завқ-шавқ билан тош отишга тушиб кетдилар.

Аммо, буларнинг бари ўткинчи. Беш-олти йил муқаддам Ўзбекистонда энг оммабоп сайт sayyod.com эди. Бугун биров бу сайт борлигини ё билади, ё билмайди. Интернет журналистикаси ижтимоий-сиёсий жараённинг маромига монанд равишда ривожланади, турланади, тусланади. Унинг илдизлари матбуотчалик чуқур эмас.

Мавзулар одамларнинг меъдасига тегиши билан янгича фикрлар оқими пайдо бўлади. Демак, матбуот ҳали қайтади!..

Беҳзод ҚОБУЛОВ,

журналист

Манба: “Тошкент ҳақиқати” газетаси

Бошқа хабарлар