«Унутилган» йўллар

46

Иқтисодиёт равнақи кўп жиҳатдан йўлларнинг равонлигига боғлиқ. Наманган ­вилоятига келган киши, таассуфки, йўлларнинг носозлигидан шикоят қилади. Бу соҳада ҳеч қандай иш амалга оширилмаяпти дегани эмас, шунчаки, амалга оширилганлари етарли бўлмаётганидан далолат.

Биргина мисол: вилоят марказидаги кўчалардан бири – Ҳамроҳ деярли бир йилдан бери ковлаб ташланган ҳолда турибди. Ёки «Сардоба» бозори атрофи, Марғилон кўчаларидаги ҳолатлар акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда тез-тез кўриниш бериб туради. Бироқ бу масалага муносабат билдириши лозим бўлган мутасаддилардан негадир садо чиқмаётир.

Вилоятнинг қатор туманларидаги йўллар ҳам қониқарли даражада эмас. Чуст туманига эътибор қаратамиз. Хусусан, машҳур Чуст шаҳрининг қадимий бозори атрофида юришга яроқли йўлнинг ўзи йўқ. Ҳунармандчилик маҳсулотлари билан номи дунёга таралаётган шаҳар аҳолиси якшанба кунлик «Дўппи бозор» (аслида, дўппидўзларга ҳам қийин, тайинли ҳунармандчилик растасининг ўзи йўқ, қиш­ли-қировли кунларда бошидан ёғин, оёғидан лой тепчиб, пешона тери маҳсулини сотиш ҳам бир азоб), ҳафтанинг қолган кунларида қатнов йўли сифатида ботқоқликдан фойдаланади, очиғи йўл, дейишга истиҳола қиласан киши.

Аввалроқ, 2018 йилнинг ярмига қадар ўйдим-чуқур бўлса-да, асфальт йўл бор эди. Реконструкция қилиш ниятида ҳунармандлар растасини бузиб, янгидан йўл қилишди, бироқ асфальт тўшама қилишни «унутиб» қўйишди. Бу ботқоқ йўл ёқасида янги капитал таъмирдан чиқарилган боғча бор, маҳалланинг аксарият болалари шу йўлдан мактабга, одамлар бозор-­ўчарга қатнайди. Аммо уларнинг лойга ботиб қийналаётгани ҳеч кимнинг парвойига келмайди.
Кишини ўйлатадиган яна бир жиҳат бор: мана шу ботқоқ йўл ёқасида қадимий Отчопар эшон ҳонақоси жойлашган. Бино 2017 йилда ­реставрация қилинган. Ислом оламида номи машҳур бўлган ҳонақо ҳозир ҳам зиёрат туризмининг муҳим объектларидан. Аммо унга нобоп йўл сабаб кўпчилик эмин-эркин кела олмайди.


Бугун биз сўз юритган масала: йўллар ва улардан фойдаланиш масаласида қонунчиликда мукаммал ечимлар берилган. Ҳамма гап ана шу қонунларнинг ишламаётганида. Зеро, «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари давлат мулки эканлиги қатъий белгилаб қўйилган бўлиб, мазкур мулкни «Йўл ташкилотлари автомобиль йўлларининг соз ҳолатда бўлишини, улардан транспорт воситалари муттасил ва хавфсиз ўтишини таъминлаши шарт» (16-модда).
«Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўллари минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш» қоидаларига биноан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини (шаҳар кўчаларини) бир йилда икки марта (баҳор ва кузда) мавсумий кўрикдан ўтказиш, кўрик натижалари асосида йўл ҳаракати хавфсизлиги тадбирларини ишлаб чиқиш белгиланган. Бундан ташқари, уларнинг амалга оширилиши мониторингини олиб бориш, ҳаракат хавфсизлигига зид ҳолатлар ёки йўлнинг ҳолатига боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисалари кўпайган йўл қисмларини келгуси йилда таъмирлаш режасига киритиш бўйича тегиш­ли органларга таклиф тақдим этиш (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари эса ўз режаларига киритиши) зарурлиги белгиланган.
Айтмоқчи бўлган фикримиз шуки, йўлларимиз аҳволига муносабатимиз шу тарзда давом этса, бор асфальтлар ҳам емирилиб, лой кўчаларда қолиб кетаверамиз. Ваҳоланки, биз барча имкониятлар орзуларимизга уйғун бўлган юртда яшамоқдамиз.

Дилдора РАҲМОНОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар