ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИККА ОИД «ЙЎЛ ХАРИТАЛАРИ» ИЖРОСИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

28

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни Германия, Франция, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирлик­лари билан икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, қабул қилинган «йўл хариталари» ижросини сўзсиз таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Инвестиция иқтисодий тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Шу боис, бу масала давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. 2019 йил мамлакатимизда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилинди. Бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Респуб­ликаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди.
Йиғилишда мамлакатимиз иқтисодиётига инвестицияларни жалб этиш орқали бизнесни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётгани, лекин бу ҳали етарли эмаслиги таъкидланди.
Инвестиция билан шуғулланувчи ­кадрлар етишмайди. Инвесторлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, мавжуд инфратузилмани ривож­лантириш зарур. Шу боис, бу соҳа бўйича ҳали яна кўп ишлашимиз, изланишимиз керак. Хориждан инвестиция кирмаса, мамлакат ривожланмайди, деди Шавкат Мирзиёев.
Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг етакчи хорижий давлатлар билан алоқалари жадал ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бормоқда. Сиёсий мулоқотлар ва делегациялар алмашуви фаоллашяпти.
Давлатимиз раҳбарининг хорижий мамлакатларга ташрифлари давомида ўзаро ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилгани, жумладан, Ўзбекистон билан Германия, Франция, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида умумий қиймати 14 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган манфаатли шартнома ва келишувлар имзолангани қайд этилди.
Франция ва Германия каби нафақат Европа Иттифоқи, балки жаҳоннинг етакчи давлатлари Ўзбекистоннинг ишончли ва истиқболли шерикларидан бўлиб, ташрифлар ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Ушбу мамлакатлардан, аввало, замонавий технологиялар, инновациялар, илғор тажриба ва бошқарув менежментини юртимизга жалб этиш устувор вазифадир. Инвестициявий лойиҳалар бўйича битим ва келишувларнинг ижро муддати, масъул идоралар ва шахслар «йўл хариталари»да аниқ кўрсатилган.
Давлатимиз раҳбари халқимиз фаровонлигига хизмат қилувчи истиқболли лойиҳаларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш зарурлигини таъкидлади.
Шу мақсадда Германия билан тузилган Инвестиция ва технологиялар бўйи­­ча қўшма қўмитанинг ишчи гуруҳи «Йўл харитаси»даги лойиҳалар мониторинги ва сўзсиз амалга оширилишига жавоб беради. Шундай тизимли ишни бошқа давлатлар билан ҳам татбиқ қилиш кераклиги қайд этилди.
Президентимиз ўтган йили октябрь ойида Нью-Деҳлида ва жорий йил январь ойида Гужаратда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашиб, ушбу ташрифлар натижасида салкам 3,5 миллиард долларга тенг инвестиция­вий лойиҳалар ва савдо битимларини амалга оширишга келишиб олинган эди. Ушбу битимлар ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, инновация, қишлоқ хўжалиги, агрокластерлар, таълим каби соҳаларга оиддир.
Андижонда фармацевтика соҳаси бўйича биринчи қўшма эркин иқтисодий зона ва Шарда университети, Тошкентда технопарк ва Амити университетининг очилиши, замонавий тиббиёт клиникалари қурилиши ва шу каби қатор лойиҳалар ижроси тўлиқ таъминланиши зарурлиги қайд этилди.
Араб-мусулмон дунёсида катта нуфузга ва улкан салоҳиятга эга Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳам икки ва кўп томонлама ҳамкорликни давлатларимиз имкониятларига мос даражага кўтариш йўлида изчил қадамлар ташланмоқда. Кейинги пайтларда ушбу мамлакат билан делегациялар алмашуви фаоллашиб, лойиҳалар бўйича жадал тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Йиғилишда БААнинг молиялаштириш имкониятлари ва инвестицияларини Ўзбекистонга жалб қилиш хусусида ҳам сўз юритилди.
«Йўл хариталари»даги ҳар бир лойиҳа сифатли ва ўз муддатида бажарилишига эришиш, муаммоли лойиҳалар бўйича янги ҳамкорларни излаб топишга асосий эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантиришга қаратилган бу каби қатъий саъй-ҳаракатлар мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилиши таъкидланди.
Хорижий инвестициялар бўйича эришилган келишувлар ижроси юзасидан мутасаддилар ахбороти тингланди.

ЎзА

Бошқа хабарлар