ЯНА ҚАНЧА КУТАМИЗ? бир йилми, уч йилми, ўн йилми?..

83

Футбол бўйича Осиё кубоги учун баҳслар якунига етганига, мана, хаш-паш дегунча уч кун ҳам ўтиб кетибди. Ҳолбуки, куни кеча ушбу мусобақа бошланишини кутиб, тақвимдан кўз узолмай тургандик.

Эътироф этишга мажбурмиз: бу галги чемпионат аввалгиларига қараганда анчайин шиддатли ва кескин тарзда кечди. Қилни қирқ ёриш ҳадисини олган мутахассисларнинг башорати йўққа чиқди. Ўйлаб қоласан киши. Улоқни олиб кетишга биринчи даъвогарлар четда қолиб, гуруҳ ўйинлариданоқ қанчалар пухта ҳозирлик билан ­БААга ташриф буюрганини исботлашга уринган Қатар термаси финалда Японияни 3:1 ҳисобида енгиб, олтин медал соҳибига айланганини қандай баҳолаш мумкин? Шунинг ўзиёқ қитъа футболи янгича кўриниш ҳосил қилишга ўтганидан далолат эмасмикан?
Япония, Жанубий Корея, Эрон… Улар сафига Саудия Арабистони, ­Австралия, Ироқ каби жамоаларни ҳам қўшиш мумкин эди. Лекин амалда…
Бу яхшими ёки ёмон? Буни вақт кўрсатади ва шак-шубҳа йўқки, мураббийлар Қатар бошқотирмаси қайси жиҳатларига кўра бошқаларникидан устун ва мукаммаллроқ эканлигига аниқлик киритадилар ҳамда ўзлари танлаган стратегия ва тактикаларни қайта кўриб чиқадилар. Улар қаторида ўзбекистонлик мутасаддилар ҳам борлигига асло шубҳа қилмаймиз.
Рост-да, нима, биз чемпион бўлсак ярашмасмиди? Шундоқ ҳам ярашардики!.. Лекин лойиқлик ва муносиблик деган тушунчалар ҳам борки, дўппини бошдан олиб, мушоҳадага берилганимиз ҳамон жавоб топишимиз даргумон бўлган бир қатор саволлар қуршовида қолишимиз ҳам тайин.
Қаерда янглишдик? Ёки биздан омад юз ўгиргани сабабми бунга? (Австралия термаси билан кечган пенальтилар серияси ёдга тушади беихтиёр). Умуман, яхшироқ натижага эришиш учун имкониятимиз етарли эдими, ёки…
1994 йили Осиё ўйинларида чемпионликни қўлга киритган футбол жамоамиз, мана 15 йил ўтяптики, қанчадан-қанча мундиаллардан қуруқ қайтаяпти. Тўғриси, биз мухлислар ҳам чор-ночор бунга кўникиб қолдик, худди шундай бўлиши керакдек. Нима, бизда истеъдодлар йўқми – Красницкий, Абдураимов, Ан, Қосимов ёки Шквиринларнинг издош­лари наҳотки орамизда бўлмаса? Демак, бу масалада ечимини кутаётган жавобсиз саволлар йиғилиб қолган ёки истеъдод эгаларини кашф этиши лозим бўлган селекционерларимизнинг фаолиятида кемтиклик мавжуд…
Бешинчи синфда ўқийдиган неварам бор. Баъзан-баъзан ғурури ичига сиғмай сўз очиб қолади:
– Кеча телевизорда кўрдим. Месси менинг усулимда гол урди…
Тунов куни дарвозага қай тарзда тўп йўллаганини бутун тафсилотлари билан гапириб берди:
– Бурчакдан ўртоғим оширган тўпга оёғимни букиб, товонимни қўйгандим, тўп бошимдан ошиб аввал дарвоза тўсинига, кейин устунига тегиб, тўрга бориб тушди…
Шубҳам йўқ, болалардан ёки ўсмирлардан сиз ҳам шунга ўхшаш гапларни кўп эшитгансиз, ўз кўзингиз билан кўргансиз ҳам.
Нима демоқчиман? Иқтидор эгалари жуда кўп, улар ҳамма жойда бор. Уларни рағбатлантириш, тўғри йўналиш бериш ва янги-янги марраларни эгаллашлари учун бироз эътиборлироқ бўлиш талаб этилади, холос.
Узоққа бориб нима қилдик – ўсмирларимиз, шунингдек, ёшларимиз қанчадан-қанча халқаро турнирларда совринли ўринларни эгаллаб келганида, улар аэропортдами, вокзалдами зўр тантаналар билан кутиб олинганлигини, шов-шувли мақолалар ёзилганини унутиб бўларканми, ахир! Бироқ…
Савол туғилади: қани ўша бўлажак юлдузлар? У ёки бу клуб таркибига кириб, униб-ўсиш ўрнига сув қаърига сингиб кетган каби ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетганликларини нима билан изоҳлаш мумкин?
Яна бир ўта муҳим гап – мураббий масаласида бундан буён шошма-шошарлик қилинмагани маъқул. Яхлит жамоа икки-уч ой, ярим йилда юзага келмаслиги кўп бор тажрибадан ўтган. Бунинг учун ками бир йил, эҳтимолки, яна бир мунча кўпроқ муддат керак бўлади.
Чол ибн Хаттобликни фақат болаларбоп фильмларда кўриш мумкин. Бош­қача айтганда, Э.Куперга нисбатан ишлатганимиз «супер» деган ташбеҳ чиндан-да ўз тасдиғини топиши учун аргентиналик мутахассисга имкон берайлик. Ажаб эмас, бу ёғига умид қилганимиз ва ишонганимиз ёрқин ғалабаларни кўриш насиб этса!

Зайниддин РИХСИЕВ

Бошқа хабарлар