“ИЛҲОМ” – ИЖОДКОРЛАР ҚАНОТИ

20

Анжуман


Қадимдан юртимиз оламга донғи кетган буюк олим, шоир, адабиётшунос, санъатшунос, умуман, ижодорларни тарбиялаган замин. Бироқ маълум давр уларни излаб-топиш ва иқтидорини юзага чиқаришда қўллаб-қувватлаш имконияти чекланиб қолган эди. 2017 йил 9 августда давлатимиз раҳбари имзолаган қарори асосида “Илҳом” жамоат фондининг ташкил топиши, шубҳасиз, мана шундай камчиликларга ечим сифатида қаралди.

Миллий матбуот марказида ўтган анжуманда ижодкорларни қўллаб-қувватлашда фонд томонидан амалга оширилган ва режалаштирилаётган ишлар кенг жамоатчилик билан биргаликда таҳлил қилинди.

– Бугунги янгиланаётган ҳаётимизда санъатнинг ҳамма соҳаси ва оммавий ахборот воситалари ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Президентимизнинг икки йил аввалги ижодкорлар, зиёлилар билан учрашувида жуда катта ғоя ва таклифлар ўртага ташланган эди. Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди ҳам ушбу эзгу мақсадлар йўлида ташкил этилди, – деди Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов. – Унинг асосий вазифалари этиб Компазиторлар ва бастакорлари уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасини моддий таъминлаш ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ сарф-харажатларни молиялаштириш, мазкур уюшмалар аъзолари бўлган ва соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган фаҳрийларга манзилли моддий ёрдам кўрсатиш, бу борада тегишли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш белгиланди.  

Фаолиятини бошлаганига бир йилдан зиёд вақт ошишига қарамай фонд ўз ваколати доирасида салмоқли ишларни бажара олди. Юртимизда фаолият юритаётган барча турдаги ижодкорларга ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан ўзининг беғараз қўлини чўза оладиган суянч ташкилотга айланди.  Айтиш жоизки, ўтган йили журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” ХIII Миллий мукофоти учун халқаро танлов, Матбуот ва ОАВ ходимлари кунига бағишланган “Йилнинг энг фаол журналисти”, мамлакатимиз мустақиллиги куни арафасида ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” республика танловлари, мусиқа санъати соҳасидаги V халқаро симфоник фестивали, санъат соҳасидаги “Йилнинг энг яхши ҳайкалтароши”, “Йилнинг энг яхши рассоми, йилнинг энг ёш рассоми, йилнинг энг яхши ранг тасвир ижодкори” каби танловлар ва турли ижодий ҳамда хотира кечаларини ўтказишга фонд томонидан 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ сарфланди.

Бундан ташқари, фонд томонидан ижодий уюшмаларни моддий-техник базасини ривожлантиришга 1 миллиард 100 миллион сўм, уларнинг ҳудудий бўлимлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни моллиялаштириш учун давлат бюджетидан 1 миллиард 100 миллион сўм маблағлар (субсидия) ажратилганини тадбирда фонд масъуллари алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Анжуманда фонд аъзолари ўртага ташланган таклифлар асосида жорий йилда амалга ошириладиган ишларни келишиб олишди.

Маҳлиё УМИРЗОҚОВА,
ishonch” мухбири 

Бошқа хабарлар