МАҚСАД – ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

13

Тадбир


Тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойлари, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш мақсадида вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига 1 814, тергов ҳибсхоналарига 123, реабилитация марказларига 283 замонавий видеокузатув воситалари ўрнатилди. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги иштирокида 2018 йилда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишлар таҳлили юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълумот бериб ўтилди.

Тадбирда ўтган йил давомида соҳада амалга оширилган ишлар, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашишнинг янги ва самарали усулларини амалиётга татбиқ этиш борасида қўлга киритилган натижалар ва камчиликлар ҳақида сўз борди. Жумладан, Тошкент шаҳрида Президент қарори асосида шу мақсадда 73 та ички ишлар бўлими ташкил қилинди.

Турли масъул ташкилотлар, жамоатчилик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда оила-турмуш муносабатларидаги келишмоқчиликлар натижасида содир бўлаётган қотиллик, қасддан тан жароҳати етказиш каби ҳолатларнинг олдини олиш, ҳудудларда нотинч оилаларни яраштириш, хотин-қизлар, вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш, аниқланган муаммоларни ўз вақти ҳал этиш мақсадида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Бундан ташқари, сайёр қабулларда фуқаролар мурожаатлари тингланиб, шикоятларда кўрсатилган масалаларни ижобий ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

– 2018 йилда 6200 нафардан зиёд фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиб, 3504 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал қилинди, – дейди ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Қутбиддин Бурҳонов. – 86 523 нафар фуқаро эса ички ишлар органларининг раҳбарлари қабулида бўлиб, мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,

«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар