СИФАТСИЗ УЙЛАР, АБГОР ЙЎЛЛАР, ҚОП-ҚОП “ПУЧ ЁНҒОҚ”

253


Хонқа туманидаги нохуш ҳолатлар интернет тармоқларида  тарқалиб улгурди. Бу масалани мутасаддилар ўрганди. Уларнинг обод кўчалар хусусидаги фикрлари пучга чиқди. Аҳолининг норозилиги-ю, ҳокимлик мутасаддиларининг иддаолари журналист Давлатназар Рўзметовнинг “Жамият” газетасида чоп этилган мақоласида ўз аксини топган.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

Ёлғон Ҳисоботлар, бажарилмас ваъдалар

Хоразмда йўқ жойдан муаммо пайдо қилиб, кейин унинг ечимини излаш одатий ҳол…ми?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018 йилда  уй-жой қурилишини ривожлантириш мақсадли дастурларини самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Хонқа туманидаги «Олажа» қишлоғи  «Ширин»  маҳалласида  124 та уй-жой  қурилиши режалаштирилган эди. Хонқа туман ҳокими О.Жуманазаровнинг маълум қилишича, ушбу уй-жойларнинг 78 таси фойдаланишга топширилган бўлиб, янги уйларнинг соҳиблари кўчиб ўтган экан…

Хабарингиз борми, йўқми, мазкур ҳудуддаги нохуш ҳолатлар интернет тармоқларида ҳам тарқалиб улгурди. Бу масалаларнинг ҳақиқатга қанчалик яқин эканини билиш мақсадида бир нечта мутасаддилар билан аҳволни ўрганишга бордик. 

Хусусан, туман ҳокимлигининг бош мутахассиси Дониёр Собиров ҳамроҳлигида янги уй соҳибларига яратилган шароитлар билан танишдик. Очиғини айтиш лозим,  янги уйлар жойлашган кўчаларнинг ўнқир-чўнқири, лойга ботиб, сал олдин ёққан қорнинг эришидан кейин пайдо бўлган кўлмаклар обод кўчалар хусусидаги фикрларимизни пучга чиқарди. Хонадонларга кириш учун сирпанчиқ лойдан зўрға ўтиб, уй соҳиблари билан таниша бошладик.

— Мустақиллик байрами арафасида Хива шаҳрида вилоят ҳокими тантанали равишда «Президент совғаси» сифатида янги уйларнинг калитларини топширди, — дейди биз билан суҳбатда икки фарзанднинг онаси Замира Ҳамроева. — Бундан қувончимиз чексиз эди. Бироқ кейин билсак, биз калитини олган уйларнинг қурилиши эндигина бошланган экан… Амаллаб янги йил арафасида янги уйларга кўчиб ўтдик. Аҳволимизни кўриб турибсиз: турмуш ўртоғим ва болаликдан ногирон икки нафар фарзандимиз билан бир хонани электр иситиш мосламалари ёрдамида иситиб, жон сақлаяпмиз. Ҳолбуки, бизга ўша пайтда уйлар, албатта, газ тармоғига уланишини ваъда қилишганди. Йўлларимизнинг аҳволи эса янада абгор. Рости, ўзимизни алдангандек ҳис қиляпмиз. Тўғри, давлатимиз томонидан бизга мурувват кўрсатилиб, бошланғич тўлов тўлаб берилди. Бироқ ҳали 15 йил давомида яна 300 миллион сўмдан ортиқ пулни тўлашимиз керак.  Бундан кўринадики, пешона теримиз билан топадиган пулларимиз эвазига олинаётган ушбу уйларнинг сифати ҳам, шароити ҳам ўз нархига мутаносиб эмас.

Жўрабек Ражабов  ва унинг турмуш ўртоғи Манзура Сатторова ҳам кар-соқов. Шундай бўлса-да, бир амаллаб, имо-ишора билан уйни иситиш имкони йўқлиги, ёш болаларининг касалликдан боши чиқмаётгани учун кун ора «тез тиббий ёрдам» чақиришга мажбур бўлаётганини тушунтирди. Уйларнинг зах босиб,  моғорлаб кетаётганини кўрсатди. Яна бир уй соҳибаси Озода Ражабова эшиклар ўта сифатсизлиги, «очилса, ёпилмай, ёпилса, очилмай» қолишини айтиб, эшикларга кўрпа осиб, совуқ кунларда жон сақлаётганидан нолиди.

— Бизга уйни иситиш учун беш-олти қопдан кўмир тарқатишди. Аниқроғи, кўмирнинг «уни», уни ёқиб, уйни иситишнинг имкони йўқ. Ўтин сотиб олай десанг, пул йўқ. Мутасаддилар келиб, тўғрилаймиз, ҳал қиламиз каби ваъдалардан нарига ўтмайди. Боз устига ҳамманинг ошхонасида  суюлтирилган газ баллонлари турибди. Айримлар кечаси совуқдан жон сақлаш учун шу газ баллонини ёқиб,  тунни ўтказишга мажбур. Худо кўрсатмасин, бирор кор-ҳол бўлса ёки ис газидан заҳарланса, нима бўлади? Балки мутасаддилар шундан кейин бизнинг муаммоларимизни тинглашар, —  дейди яна бир фуқаро Ирода Хўжакова.

Туман ҳокими бизга ушбу уйлар бошиданоқ муқобил ёнилғига мослаштирилган лойиҳа асосида қурилиши мўлжалланганини тушунтирди. Шундай экан, «Нима учун сифатли кўмир билан таъминлаш чораси кўрилмаган? Нима учун суюлтирилган газ баллонларини хавфсиз жойга ўрнатиш назарда тутилмаган? Қолаверса, кўпчилик хонадонларда ногиронлар бўлса, нима учун ушбу уйларни газлаштирилган ҳудудда жойлаштириш ёки қурилиш давомида газлаштириш масаласи режалаштирилмаган?», деган саволларимизга мутасаддилар тўлиқ жавоб бера олмай, аҳоли шикоятидан кейин ҳозирда газлаштириш ишлари бошлаб юборилганини маълум қилди, холос.

Чиндан ҳам, вилоят ҳокимлигида 10 январда бўлиб ўтган  йиғилишнинг 19-сонли баёни қарорига кўра, Хонқа туман «Олажа» қишлоғи «Ширин» маҳалласида 124 та уй-жойнинг газлаштириш ишларини газдан ажратилган бошқа ҳудудларда демонтаж қилинган қувурлардан фойдаланиб амалга ошириш режалаштирилган.

Хонадон соҳибларининг эътирозига сабаб бўлаётган уй сифати ва йўллар хусусидаги масалага эса «Қишлоқ қурилиш инжиниринг» компанияси Хоразм вилоят бўлимининг лойиҳаларни бошқариш ва техник назорат бўлими бошлиғи Ражаббой Сапаев ойдинлик киритди:

— Уй эгаларининг йўллар ва уй сифати хусусидаги эътирозлари ўринли.  Негаки, қурилиш билан боғлиқ тадбирлар кечикиб ўтказилгани учун  ишлар июль ойида бошланди. Табиийки,  пардозлаш ишлари учун қулай иссиқ кунлар бой берилди. Шу боис қурувчиларнинг ишларида айрим камчиликлар бор. Лекин барча  пудратчилар об-ҳаво имкон бериши билан ҳар бир хонадондаги камчиликларни тўлиқ бартараф қилиш мажбуриятини олди. Ҳозирги кунда қурувчилар уйма-уй юриб, камчиликларни бирма-бир аниқламоқда.  Қурилишда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди.

Газ ҳам келар, қурилишдаги камчиликлар ҳам бартараф қилинар. Аммо бизни бир савол қизиқтиради. Хоразмда йўқ жойдан муаммо пайдо қилиб, кейинчалик унинг ечимини излаш одатий ҳолми? Бирон бир ишни амалга оширишдан аввал мутасаддилар пухта режа тузганида инсон манфаатлари ва уларга яратилаётган шароитларнинг қулайлиги инобатга олинганида халқ рози бўлган, норизоликларга, шикоятларга ўрин қолмаган бўларди. Бугунги кунда олиб борилаётган сиёсатнинг бош мақсади халқни рози қилиш, уларнинг яшаши, ишлаши ва дам олиши учун барча шароитларни яратиб бериш эканини айрим мутасаддилар яна бир бор эсга олсалар ёмон бўлмас эди. Кўзбўямачилик, ёлғон ҳисоботлар, ура-урачиликка барҳам бериб, юртимиз равнақи, халқимизнинг фаровонлиги учун сидқидилдан, виждонан ишлаш вақти келди.

Буни қачон англаб етамиз?

Давлатназар РЎЗМЕТОВ

2019 йил 1 феврал

“Жамият” газетаси, 4-сон.

Бошқа хабарлар