НОТОВОНЛАР

91


Инсон хато қилса, ўз ҳаёти учун ёмонлик келтиради. Лекин у жамият учун хавф туғдирса, бунинг жазоси муқаррар. Тўғри йўлдан адашмаслик энг яхши чора. Фориш тумани Сайёд қишлоғида туғилган Шерзод Ибайдуллаев Ватан бағридаги фаровон ҳаёт қадрини билмаган кимсалардан. Журналист Холнисо Раҳмонованинг “Oila va jamiyat” газетасида чоп этилган мақоласида унинг қилмиши ва тақдири ҳақида билиб оласиз.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ҚАЛБ КЎЗИ СЎҚИРЛАР

Бугун диний экстремистик гуруҳлар фаолиятининг нохуш ҳодисаларга сабабчи бўлаётгани, элларга қирғин келтириб, сиёсий низолар келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу фаолиятнинг дунёнинг деярли ҳамма давлатларида тақиқланганини ҳали вояга етмаган ёшлар ҳам яхши англаб етган. Лекин Шерзод кўра била туриб, онгли равишда риёкор кимсаларнинг тузоғига илинди.

Шерзод Ибайдуллаев 1990 йил 21 мартда Фориш тумани, Сайёд қишлоғида туғилган. Икки нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз. Шу сабабли иш излаб, 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг йўлланмаси асосида Жанубий Корея Республикасига чиқиб кетади. У бир қанча муддат Кимхе шаҳрида жойлашган “Виятех” заводида ишчи бўлиб ишлаб юради. Сўнг олаётган маоши уни қониқтирмай, кам бўлганлиги сабабли ишдан бўшайди. Энди турар-жой, еяр-ичардан қисиниб қолгани туфайли қандай чора топишини билмай, шаҳардаги “Ат Тацво” номли мусулмонлар масжидига бориб вақтинча яшайди.

Ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, асалга ари ҳам, чивин ҳам бирдек ёпишини ҳамма билади. Шундай экан, динни булғаб,  исломни бутун дунёга террорчилик фаолиятига алоқадор қилиб кўрсатаётган бундай сохта диндорлар бу ерга ҳам келиб-кетиб тургани ажабланарли эмас.  Шерзод бу ерда ана шундай кимсалардан бир нечтаси билан танишиб қолди. Бу ерга намоз ўқиш учун келган С.Худойбердиев, Б.Саксоновлар унга дин ва намоз қоидаларини ўргатиш мақсадида келиб, суҳбатлашиб туради. Улар йигитга намоз ўқиш учун шароити бор жойдан иш топишни маслаҳат беришади. Шу орада Ш.Ибайдуллаев иш излаб Чонгжу шаҳрига кетди. У ерда юрган пайтида С.Худойбердиев иш топмаган бўлса, Кимхега қайтиб келишини маслаҳат беради. Оқибатда, шаҳарга яна қайтиб келгач, янги танишлари уни ўзлари ижарада яшаётган уйга олиб боришади.

Бу уйда яшайдиган ва тўпланиб турадиган гуруҳнинг яна бошқа аъзолари билан ҳам танишади. Шундай тарзда у “Жиҳодчилар” диний экстремистик оқимнинг аъзосига айланади. Ушбу ташкилот фаолиятининг ноқонуний эканлигини била туриб, тез-тез ўтказиб туриладиган, тақиқланган диний йиғинларда иштирок этади. Йиғилишларда Б.Саксонов ва С.Худойбердиевлар унга турли диний мазмундаги тушунчаларни бериб, ислом давлати қуриш, бу йўлда жиҳод қилиш кераклиги ҳақида уқтиришади. Улар ижтимоий тармоқ орқали туркиялик А.Бухорий исмли шахснинг шогирдидан сабоқ олиб туришади. Бундан ташқари, интернет тармоғи орқали “Обид қори”, қирғизистонлик “Рашод домла” кабиларнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, ҳижрат, жиҳод, шаҳидликка даъват қилувчи маърузаларини ва овозли ёзувларини эшитиб, маъноларини тўғри дея ўзларича талқин қилишади.

Б.Саксонов “маш­варат”ларидан бирида Сурия давлатида ўзининг таниши борлигини, у жиҳод амалларини бажариб келаётганини маълум қилади. У билан телефон орқали боғланганида: ”Сенлар кофирсанлар, жиҳод амалини бажармаяпсанлар” дея таъна қилганини айтади. Шунда йиғинда ўтирган Абдуллоҳ (Ш.Рашидов) исмли шахс Сурия давлатига кетиш нияти борлигини билдириб, бошқаларни ҳам жиҳод қилишга даъват этади.  Қалб кўзи кўр бу кимсалар ўз йиғилишларида Ўзбекистондан “ҳижрат” қилиб чиқиб кетиш кераклиги, ислом давлати қуриш йўлида қуролли “жиҳод” қилиш ҳақидаги маърузаларни қўллаб-қувватлаб, аввалига “Муаллими соний”, “Қуръон тажвиди” китобларини ўрганиш билан бир қаторда, интернет тармоқлари орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан таъқиқланган диний мазмундаги материаллар рўйхатига кирувчи  ақидапарастлик мазмунидаги маърузалар, жиҳодга ундовчи видеороликларни томоша қилишади. Шунингдек, қидирувда бўлган “Абдулло Бухорий”, “Абдулло домла” тахаллуси билан диний экстремистик фаолият юритиб келган М.Ҳамидовнинг Туркия давлатида фаолият юритаётган, шахси аниқланмаган “Аҳлиддин” ва “Ҳамидулло” исмли шахсларнинг Сурия давлатидаги жангари ҳаракатларда иштирок этишга қилган маърузаларини тинглайди. Унинг ушбу давлатдаги мужоҳид биродарларига эргашиб, ўзларини гўёки “Ироқ Шом ислом давлати”(ИШИД) деб атаб, ўзларига халифа сайлаб олган террорчи ташкилот таркибига кирувчи “Бухорий” гуруҳига қўшилиб олишади.

Ш.Ибайдуллаев шу тариқа сохта диндорлар орасида узоқ вақт мияси заҳарланиб, улоқиб юргач, охири 2015 йилнинг 17 мартида Ўзбекистонга қайтиб келади. 1 май куни яна ишлаш учун Кореяга қайтиб кетади. У ердан Инчон шаҳрига бориб, 2018 йилнинг 5 августига қадар ўша ерда бўлади. Ўша йилнинг апрел ойида юртга қайтишга мажбур бўлади ва қидирувда бўлганлиги сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ушланади.

Суд Шерзод Ибайдуллаевга нисбатан иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

Агар инсон ҳаётда кичик хато қилса, ўз ҳаёти учун ўзи ёмонлик келтиради. Лекин у жамият учун хавф келтирса, иллат келтирса, бунинг ажри улкан. Бундай катта хатолар, йўлдан адашишларнинг яраси пушаймонлик чекиш билан ҳам битмайди. Шу сабаб, тўғри йўлдан адашмаслик энг яхши чорадир.

Холнисо РАҲМОНОВА,

суд материаллари

асосида тайёрланди.

2019 йил 6 февраль, 5-сон

“Oila va jamiyat” газетаси

Бошқа хабарлар