Буюк мутафаккир ижодига эҳтиром ифодаси

58

Навоий шаҳрида «Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусида III анъанавий халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда Озарбайжон, Афғонистон, Бошқирдистон, Венгрия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Мўғулистон, Россия, Туркия, Швеция, Ҳиндистон, Туркманистон каби 15 давлатдан 50 нафардан ортиқ навоийшунос олимлар, академиклар, профессорлар, ижодкор зиёлилар, фаоллар, талабалар ҳамда ёш олимлар қатнашди.
Анжуман шаҳар марказида барпо этилган истироҳат боғида қад ростлаган Алишер Навоийнинг муаззам ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди.
«Ёшлар маркази»да буюк мутафаккир Алишер Навоий асарларининг янги талқин ва кўринишда чоп этилган намуналари асосида бадиий кўргазма ташкил этилди. Буюк мутафаккирнинг қайта нашр этилган 10 томлик асарлари ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди. Адабиётимизнинг энг дурдона асарларидан иборат китоб акцияси барчада катта таассурот қолдирди.
Конференцияда вилоят ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқиб, истиқлол йилларида вилоятда амалга оширилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари Навоий бобомиз орзу қилган эзгу ғояларнинг амалий ифодаси эканлигини эътироф этди. Улуғ шоирга чексиз эҳтиром сифатида Алишер Навоий жамғармаси ташкил этилгани, мазкур тузилма буюк алломанинг бой маданий меросини янада чуқурроқ ўрганиш ва кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш, дурдона асарларини келгуси авлодларга етказишда ўзига хос кўприк вазифасини ўташи алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг венгриялик навоийшунос олим Бенедикт Перри, Туркиянинг Амасия университети ректори, профессор Метин Орбай, Тожикистон Республикасининг Хўжанд давлат унверситети доценти, филология фанлари номзоди Бахтиёр Файзуллоев, Ўзбекистондаги ҳинд маданияти маркази раиси Чандир Шетхар ҳамда академик Бахтиёр Назаров ва бошқалар сўзга чиқишди.
«Навоий ижодиётининг ахло­қий-маънавий ва ирфоний қатламлари», «Навоий ижодининг хорижда ўрганилиши ва тарғиби», «Навоий ва тилшунослик масалалари», «Навоий ижоди: тарих, фалсафа, санъат» каби бир қатор мавзулар иштирокчиларнинг шўъба йиғилиш­лари мавзуси бўлди.
Конференция «Фарҳод» маданият саройидаги концерт дастури билан давом этди. Ёшлар ўртасида ўтказилган «Навоийлик ёш навоийшунослар» кўрик-танлови ғолиблари ҳам тақдирланди. Кармана туманидаги 28-умутаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Комила Ҳамроевага вилоят ҳокими томонидан Президент совғаси – «Spark» автомашинаси топширилди.
Анжуман назм ва наво кечаси билан якунланди.

Дилафрўз ЎРОЗОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар