МИЛЛИЙ АВТОСАНОАТ: Биз кутган янгиликлар бор(ми?)

52

Бугунги кунда ҳаммани бирдек қизиқтирган, кўча-кўйда, гап-гаштакларда одамларнинг диққат марказида турган, уларнинг эътибори ва қайсидир маънода эътирозига сабаб бўлаётган бир мавзу бор. Бу – автомашиналар, автомобилсозлик, уларнинг нархлари, сифати ва ҳоказо.

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида соҳа мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Азиз Шукуровдан кўпчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб олдик.

Машиналар нархи тушдими?

Ўтган йили «Ўзавтосаноат» раҳбарияти 2019 йили бутловчи қисмлар нархини тушириш эвазига машиналарнинг баҳосини 9 фоизга арзонлаштиришни маълум қилган эди. Амалда шундай бўлдими?
– Жорий йилда таннархни 9 фоиздан 15 фоизгача туширишга эришдик, – деди Азиз Шукуров. – Бу ўртача битта автомобиль 1100 дан 1500 долларгача арзонлашганини билдиради. 2019 йилда 240 дан ортиқ деталларни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.
Хусусан, ҳозирда 35 та завод ҳамда бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ва Асакадаги заводга етказиб бериш билан шуғулланувчи 98 та хусусий корхона мавжуд. Уларнинг барчаси моделига нисбатан 50-55 фоиз локализацияни таъминлаб беради. Бундан ташқари, биз янги моделлар устида иш олиб боряпмиз. Уларнинг концепцияси ҳамкорларимиз билан келишувга асосан, биринчи кунданоқ локализацияни янада оширишга қаратилади.

«Автомобиль саноатида нархлар шаффофлиги деган тушунча йўқ!»

Нега автомашиналар нархи ўзгариши ҳамда ошиши бўйича аниқ рақамлар ва изоҳлар берилмайди? Нархлар шаффофлиги қачон таъминланади?
– Нархларнинг шаффофлиги дунёнинг бирорта автосалонида йўқ. Сабаби, сотувчи маҳсулот нархининг шаффофлигидан манфаатдор эмас, – деди айни шу саволга жавобан мутасадди. – Бу популизм нуқтаи назаридан яхши фикр. Лекин бизнес тарафдан қаралса, автомобилсозликда маҳсулот таннархи энг махфий жиҳатлардан бири. Чунки уни ошкор қилиш бошқа рақобатчилар фойдасига хизмат қилиши мумкин. Шунинг учун бу амалиёт автомобиль саноатида қўлланилмайди.

Жиззахдаги завод қурилиши нега тўхтаб қолди?

Маълумки,  «Жиззах» эркин иқтисодий ҳудудида «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» автомобил заводи 2018 йил охирига қадар қуриб битказилиши ҳамда 2019 йилдан автомобиллар ишлаб чиқара бош­лаши кўзда тутилган эди. Лекин номаълум сабабларга кўра қурилиш ишлари ўтган йилнинг ноябрь ойида тўхтаб қолди. Устига-устак ушбу ҳолат юзасидан жамоатчиликка батафсил ахборот берилмади.
«Халқ сўзи» газетаси мухбирининг Жиззахда «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» заводи қурилишининг тўхтаб қолиши сабаби ҳақидаги саволига Азиз Шукуров «Икки томон ўртасидаги шартнома шартларига кўра, бу ҳолатнинг иқтисодий томонлари ҳақида маълумот бера олмаймиз. Ҳозирда бино деярли қуриб битказилган. Лекин бино девор ва томдангина иборат бўлмайди. Технологияга боғлиқ жиҳатлар ҳали тайёр эмас. Ҳозирда компания билан музокаралар давом этмоқда. Яқин келажакда бу борада ҳам масала ижобий ечим топиши керак», дея жавоб берди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар