Монтёр бир марта адашади

65

«Монтёр бир марта адашади» деган иборани ортиқча изоҳлаш шарт эмас. Энергетика соҳаси ишчиси хавфсизлик техникаси қоидаларига тўлиқ риоя қилса, меҳнат муҳофазаси тадбирларида фаол иштирок этса, у, албатта, ўз ҳаётини суғурталаган бўлади.

«Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Қарши шаҳри ва Шаҳрисабз, шунингдек, Қарши туманида шаҳар ва туманлар электр тармоқлари корхоналарининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи вакиллари иштирокида ўқув ташкил этди.
Унда малакали соҳа мутахассислари, жумладан, жамиятнинг Мустаҳкамлаш, хавфсизлик техник хизмати ­бошлиғи (МХТХ) Мансур Бўриев, МХТХ бошлиқ ўринбосари Содиқ Аҳмедов, хизматнинг етакчи мутахассиси Бобохон Неъматов, муҳандис Улуғбек Ризаев, АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Баҳодир Тошпўлатов ва хавфсизлик техникаси муҳандиси Илҳом Бобомуродов жамоатчи вакилларга назарий ва амалий машғулотлар ўтишди.
Тадбирда «Ўзбекэнерго» АЖ таркибига кирувчи корхоналарда содир бўлган бахт­сиз ҳодисалар тафсилотлари, сабаблари бўйича тушунтириш­лар берилди.
– Йил давомида режа асосида меҳнат муҳофазаси тадбирлари, турли ўқувлар ўтказиш белгиланган, – деди биз билан суҳбатда жамиятнинг Мустаҳкамлаш, хавфсизлик техник хизмати муҳандиси Улуғбек Ризаев. – Масалан, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти объектларини «Хавфсизлик техникаси қоидалари» талабларига мос ҳолга келтириш, энергетика тизимида эксплуатация ишларини янада яхшилаш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ишчи-ходимлар ўртасида ўз касбига бўлган масъулиятни ҳамда уларнинг билим ва малакасини ошириш мақсадида «Хавфсизлик техникаси кўрик ойлиги» ўтказилди.
Ойлик якунида фаол қатнаш­ган жамоалар муносиб рағбатлантирилди. Жумладан, танловда биринчи ўринни эгаллаган Қарши туман электр тармоқлари корхонасига 3 000 000 сўм, иккинчи кўрсаткични қайд этган Яккабоғ ТЭТК жамоасига 2 500 000 сўм, учинчи ўринни қўлга киритган Касби ТЭТК вакилларига 2 000 000 сўм миқдорида мукофот топширилди.
Ишлаб чиқариш хизмат гуруҳлари иши сарҳисоб қилинганда эса электр ускуналарини синаш хизмати биринчи, реле ҳимояси автоматика ускуналар хизмати иккинчи, подстанциялар хизмати ходимлари учинчи ўринни эгаллаб, муносиб рағбатлантирилди.
Кўрик давомида ходимларнинг махсус кийимлар, пойабзаллар, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланганлик даражаси ҳам жиддий ўрганиб чиқилди, сусткашликка йўл қўйган ТЭТК ходимларига интизомий жазо белгиланди.
Яна шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ҳар ойнинг иккинчи сешанбасида жойларда хавфсизлик техникаси кунлари ўтказилаётир. Унда малакали мутахассислар ёшларга бириктирилиб, «Устоз-шогирд» анъаналари давом эттирилаётир.
Дарвоқе, «Чақмоқ» ҳажвий деворий газетамиз ҳам бор бўлиб, йўл қўйилган сусткашлик ва хатоларни кескин танқид қилишда кўзгу вазифасини ўтамоқда.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар