САЙЛОВ САМАРАСИНИ ОШИРИШ қонундаги ўзгаришларда акс этди

58

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Медиамарказида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан пойтахтимизда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ қабул қилинган қонун меъёрларини ёритиш масалалари юзасидан ОАВ ходимлари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Унда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида» ва «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунлар юзасидан маълумот берилди.

– Олдинги қонун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда унинг маслаҳатчисини ҳам сайлашни назарда тутар эди. Раиснинг ваколат муддати 2,5 йил бўлиб, бу муддат уларга ўз билим ва бошқарув қобилиятини тўлиқ намоён этишга имконият бермаётган эди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Ширинов. – Шунинг­дек, раислар фуқаролар вакиллари йиғилиши томонидан сайланарди. Бунда сайловчилар номидан атиги 50-80 нафар вакил овоз берарди. Бошқа фуқаролар баъзан бундан бехабар қолаётган, ўз фикрини билдира олмаётганди. Яна бир жиҳати, сайлов очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилгани боис, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш имконияти чекланганди.
Қонундаги ўзгаришлар натижасида маслаҳатчиларнинг раис (оқсоқол) билан бир вақтда сайланиши бекор қилинди. Унинг ваколат муддати 2,5 йилдан 3 йилга узайтирилди. Вакилликнинг минимал нормаси белгиланди. Эндиликда Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмак­лашувчи алоҳида республика комиссияси тузилади. Бундан ­кейинги сайловларда яширин овоз берилади.
Фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар тўғрисида ахборот Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларининг расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштирилади.
Бундан буён «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, мамлакатимиз бўйи­­ча фуқаролар йиғини раи­­си сайловини ташкил этиш ва ўтказиш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан ишчи гуруҳ тузилади. Аҳолининг ижтимоий-сиёсий фао­ллигини ошириш, сайлов жараёнида ошкораликни таъминлаш, энг муносиб номзодларни қўллаб-қувватлаш учун адолатли муҳитни яратишда ушбу ишчи гуруҳ муҳим ўрин тутади. Фуқаролар йиғини раи­­си, унинг маслаҳатчилари ва бошқа ходимлари, шунингдек, раис лавозимига номзоднинг яқин қариндошлари ишчи гуруҳ таркибига киритилиши мумкин эмас.
Фуқаролар йиғини раиси сайловида рўйхатга киритилган фуқароларнинг ярмидан камроғи иштирок этган бўлса ёки фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан камроғи қатнашган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади.
Агар фуқаролар йиғини раи­­си лавозимига икки нафардан ортиқ номзод кўрсатилган ва улардан биронтаси ҳам сайланмаган бўлса, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) энг кўп овоз олган икки номзод бўйича так­рорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши кўзда тутилган.

Давронбек ОРИПОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар