ТИББИЁТ ХОДИМИ МАҚОМИ уни расман мустаҳкамлаш фурсати келмадимикин?

173

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизими муттасил ислоҳ этилаётир. Шубҳасиз, бу жараёнда тиббиёт ходимлари иштироки муҳим ўрин тутади. Боиси, тиббий асбоб-ускуналар ҳар қанча замонавий бўлмасин, шифокор ундан тўғри ва самарали фойдаланмаса, у оддийгина буюмлигича қолаверади. Хўш, мутахассис қачон малакали хизмат кўрсатади? Қачонки, муносиб шароитда ишласа, олаётган иш ҳақи оиласини таъминлашга етса, жамоада унинг меҳнати қадр топса. Бу фақат тиббиёт ходимлари учун эмас, барча соҳа вакиллари учун бирдек муҳимдир.

Тан олиш керак, кейинги йилларда тиббиёт ходимларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, пенсионер шифокорлар ҳам нафақасини, ҳам иш ҳақини тўлиқ олмоқда. Врачларнинг ўриндош­лик асосида бир нечта лавозимларда ишлаш тартиби қайта кўриб чиқилди. Иш ҳақи оширилмоқда. Қолаверса, солиқ тизимидаги ўзгариш­лар ҳам тиббиёт ходимларининг иш ҳақлари ошишига хизмат қилди. Албатта, бундан соҳа вакиллари мамнун.
Бироқ бевосита соғлиқни сақлаш ходимлари манфаатларини ҳимоялашга масъул шахс сифатида жойларда бўлиб, соҳа вакиллари фаолияти билан танишганимда, суҳбатлашганимда ҳали бу борада амалга ошириш лозим бўлган вазифалар кўплигига гувоҳ бўляпман.
Кўпчиликнинг хабари бор, 2018 йил якунларига кўра Ўзбекистон Респуб­ликасида ўртача ойлик номинал ҳисоб­ланган иш ҳақи 1,8 млн. сўмни ташкил этди. Энг кам ойлик иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасига тўғри келиб, 1,1 млн. сўмдан иборат бўлди. Англашиладики, соғлиқни сақлаш ходимларининг иш ҳақини ошириш борасидаги давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ҳам бу миқдор ўртача иш ҳақига тенг­лаша олмайди. Агар тиббий хизмат сифати бутун жамият ҳаётига, бошқа соҳалар ривожига бевосита таъсир кўрсатишини инобатга оладиган бўлсак…
Яқинда бир маълумотга кўзим тушиб қолди. Ўтган йили биргина соғлиқни сақлаш тизимидаги шикоятларни ўрганиш учун 77 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланибди. Нима деб ўйлайсиз, ушбу шикоятларнинг неча фоизи ўз тасдиғини топди экан? Нимага кимнингдир асоссиз шикояти учун яна кимдир вақтини беҳуда сарфлаши, мутасадди идора маблағ ажратиши керак. Назаримда, шикоят асосланмаган тақдирда, уни ўрганиш учун сарфланган харажатларни аризачидан ундириш тартибини жорий қилиш фурсати етиб келди.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолардан яна бири, бу тиббиёт ходимлари шахсий ҳимоя воситалари билан бепул таъминланмаётганлигидир. Иш фаолияти учун зарур бўлган ушбу воситаларни шифокор шахсий маблағи ҳисобига сотиб олмоқда.
Яна бир нарса, соғлиқни сақлаш ходимларининг саломатлиги тўғрисидаги ғамхўрлик талаб даражасида эмас десам, асло муболағага йўйманг. Шифокор беморга соғлом турмуш тарзига риоя қилишни, жисмоний тарбия машғулотлари билан шуғулланишни, ҳаво алмаштириб, баҳаво жойларда дам олишни тавсия қилади-ю, ўзи бундай имкониятга эга эмас. Сабаби, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга мўлжалланган санаторийнинг йўқлигидир. Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга тиббиёт ходимлари учун ажратилаётган йўлланмалар эса эҳтиёжни тўла қоп­лай олмайди.
Ҳозирги кунда кўпгина тиббиёт муассасаларида беморлар учун спорт-соғломлаштириш хоналари ташкил қилинган. Бироқ тиббиёт ходимлари учун спорт майдончалари, фитнес заллари ташкил қилишга ҳамон совуққонлик билан ёндашилмоқда. Бугун ходимлар гимнастикаси ҳақида кўп гапирилмоқда. Кўпгина ташкилот ва муассасаларда эрталабки бадантарбия машғулотлари билан шуғулланиш жорий қилинган. Бу яхши, айни вақтда ёмон ҳам. Чунки, гигиена қоидаларига мувофиқ, жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари билан шуғуллангандан кейин, албатта, ювиниш зарур. Бу демакки, ходимларни гимнастика билан оммавий шуғулланишга жалб қилиш учун ҳар бир корхона ва ташкилотда ювиниш учун шароит яратиш керак бўлади. Ҳозирда деярли ҳеч бир жамоада масаланинг ушбу жиҳатига эътибор қаратилмаяпти.
Кейинги йилларда кўпгина соҳа вакилларини турар жойлар билан таъминлаш масаласи давлат эътиборида бўлмоқда. Жумладан, ҳарбийлар, ўқитувчиларга имтиёзли кредитлар асосида арзон уй-жойга эга бўлиш имкониятлари яратилди. Миллат ва мамлакат тақдирига улардан кам масъул бўлмаган тиббиёт ходимлари эса, негадир, ҳалигача бундай имтиёзга эга эмас.
Тиббиёт ходимларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий-маънавий муҳофазасини таъминлашда учраётган шу ва бошқа муаммоларни бартараф қилиш учун мен «Тиббиёт ходими мақоми тўғрисида» қонун қабул қилишни таклиф қиламан. Ушбу қонун тиббиёт ходими фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни тартибга солишга хизмат қилиши зарур. Бу қонун билан тиббиёт ходимининг ҳуқуқий мақоми тўлиқ ифодаланишини, унинг касбий фаолияти, ижтимоий-иқтисодий мавқеи, ижтимоий ҳимоя кафолатлари жорий этилиши мақсадга мувофиқ. Тиббиёт ходими фаолият принциплари, унинг шаъни ва қадр-қиммати кафолатлари белгиланиши керак. Бундай қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари учун ҳам, унинг кўмагидан баҳраманд бўлувчи аҳоли учун ҳам, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни талаб даражасида олиб боришда давлат учун ҳам бирдай аҳамият касб этади. Тиббиёт ходимларининг ўз устида ишлаш, малака ошириш имкониятларини кенгайтиради, аҳолининг малакали хизматдан фойдаланишдек конс­титуцион ҳуқуқини кафолатлайди, соҳанинг ривожланишини, жаҳон тиббиётига асос солган Ибн Сино ворислари жаҳон стандартлари даражасида фаолият кўрсатишини ва энг муҳими, юртдошларимизнинг соғлом ва бахтли турмуш кечиришларини таъминлайди.

Рашид ЙЎЛДОШЕВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси

Бошқа хабарлар