АЁЛИНГНИ АСРА ЭРКАК

98

Эркак жиноят содир этса аёл кечиради, уни жазони ўташ муассасасидан чиқишини йиллаб кутади. Аммо рафиқаси жиноят содир этган эркак деярли барча ҳолатларда аёлидан воз кечади. Фарзандлар бебош, оила пароканда бўлади. Аёлнинг жамиятдан узилиб қолиши эса вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг ошишига сабаб бўлади.

Журналист Аслзода Нусратжон қизининг “Nuroniy”газетасида чоп этилган мақоласида ўз хатосини англаб, оиласи фаровонлиги ва фарзандалари тарбияси йўлида ҳалол меҳнат қилишга астойдил аҳд қилган 4 нафар маҳкума Хотин-қизлар қўмитаси кафиллигида муддатидан олдин озод этилгани акс эттирилган.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг. 

Аёл озодликка чиқди…энди унинг тақдири қандай кечади?

Ўзбекистон Республикси Олий суди ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ижтимоий шериклик асосида имзоланган меморандум доирасида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота туман суди томонидан 42-сон манзил колонияси биносида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда ўз хатосини тўла англаб, жамият равнақи, оиласи фаровонлиги ва фарзандалари тарбияси йўлида ҳалол меҳнат қилишга астойдил аҳд қилган 4 нафар маҳкума Хотин-қизлар қўмитаси кафиллигида муддатидан олдин озод этилди. Улар учун белгиланган жазо муддатлари қисқартирилиб, ўталмай қолган муддат ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди.

Ниятларим бошқача эди

— Бундай кўргулик ҳеч бир аёлнинг бошига тушмасин, — дейди Андижон вилояти Хўжаобод туманидан маҳкума Д.Ҳайдарова. — Жазони ўташ муассасасида эканман, ҳар дақиқа болаларимнинг ҳоли нима кечяпти, деган ўй менга тинчлик бермади. Ҳар сонияда озодликнинг, ҳаётнинг қадрига етдим, хатоларимни англадим. Ниятларим бошқача эди. Бир оилани обод қиладиган аёл, фарзандларига ибрат кўрсатадиган она бўлмоқчи эдим. Таассуфки, ўйламай босган қадамим туфайли пешонамга “жиноятчи”, деган тамға босилди, маҳалла-кўй, яқинларим олдида бошим эгилди.

— Она жиноят содир этса, жабрини бола чекаркан, — дейди Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидан маҳкума Ш.Муҳиддинова. – Қилмишим туфайли 3 нафар фарзандим “Меҳрибонлик уйи”да қолди. Айни ота-она меҳри керак пайтда уларни зориқтириб қўйганимдан минг афсусдаман.

“Жазодан кейинги “жазо”

— Болаларим оқу қорани танийдиган, элга қўшиладиган ёшга етганида катта хатога йўл қўйдим, – дейди Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидан маҳкума М.Усмонова. – Улар айбимни юзимга айтмасалар-да, кўзларидан мендан хафа эканликларини сезиб тураман. Фарзандларим, турмуш ўртоғим бағрига қайтаётганимдан севиндим. Бироқ энди менга ким ишонади, фарзандларимнинг келажаги не кечади? Виждон азоби оғир. Бу азоб мени жазодан кейинги “жазо” – яқинларим, маҳалладошларим ишончини қайта қозониш йўлидаги синовларга тайёр туриш учун огоҳлантирмоқда.

Қаерда хато қиляпмиз?

Тасаввур қилинг, бир йилда 10 та аёл жиноят кўчасига кирди. Бу – шунча оила барбод бўлди ва шунча бола етимлик ситамларини гарданига олди, деганидир. Чок-чокидан сўкилиб кетаётган бундай оилаларда ўсаётган фарзандларнинг тақдири энди қандай кечади? Ахир фарзандлар тақдири уларнинг бугунги тарбиясига боғлиқ-ку. Хўш, қаерда хатога йўл қўйяпмиз?

Статистик маълумотларга қараганда, республикамизда содир этилаётган жиноятларнинг 11 фоиздан ортиғи хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Сабаблар ўрганилганда, айрим ҳудудларда аёллар муаммолари етарли даражада ўрганилмаётгани, эркакларнинг оилани қониқарли даражада моддий таъминлай олмаслиги, аёлларнинг ҳуқуқлари камситилиши, ажралишлар, ишсизлик, оилавий муҳит, маънавий тушкунлик каби омиллар жиноят кўчасига кираётган аёлларнинг сафини кенгайтирмоқда.

Демак, айни муаммоларга қарши олиб бораётган чора-тадбирларимиз етарли эмас. Холис айтадиган бўлсак, ҳисоботларни тўлдириш-у режаларни бажариш учунгина ўтказилаётган одатий тадбирларнинг аллақачон сийқаси чиққан. Шу боис амалий ишларга ўтишнинг вақти аллақачон келган. Ахир бугун биз тараққиёт янги босқичга кўтарилаётган даврда яшаяпмиз.

Умид ва ишонч уйғотишга интилайлик

Ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатадики, жиноят содир этган эркакни аёл кечиради, уни жазони ўташ муассасасидан чиқишини йиллаб кутади. Аммо рафиқаси жиноят содир этган эркак деярли барча ҳолатларда аёлидан воз кечади. Охир-оқибат оила парокандаликка юз тутади. Фарзандлар бебош қолади. Аёлнинг жамиятдан узилиб қолиши эса вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг ошишига сабаб бўлади.

— Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони хотин-қизлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, оилаларни мустаҳкамлаш, юксак маънавиятли авлодни тарбиялашда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди, – дейди Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маърупова. – Ушбу ҳужжатда белгиланганидек, айни кунда хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш, қолаверса, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда шуғулланиш бўйича самарали ишларни амалга оширяпмиз. Айниқса, Олий суд билан ижтимоий шериклик асосида имзоланган меморандум қилмишидан астойдил пушаймон бўлиб, ҳаётини оиласи, фарзандлари келажаги учун ҳалол меҳнат қилишга бағишлайдиган аёлларга яна бир имкон бераётир. 

Дарҳақиқат, шундай ғамхўрликдан баҳраманд бўлаётган аёлларнинг бу имкониятдан унумли фойдаланиши учун маҳалла фаоллари-ю, катта ҳаёт тажрибасига эга нуронийлар, қолаверса, Хотин-қизлар қўмитаси ва ҳокимликлар вакиллари,  кенг жамоатчиликнинг ёрдами зарур. Негаки, жазо муддатини ўтаб қайтган аёлларнинг баъзилари кўп нарсаларга бефарқ, эътиборсиз бўлиб қолишади. Улар учун ҳаёт тўхтаб қолгандек, атрофдагилардан ўзларини четга олишади. Айримлари содир этган жиноятида бошқаларни айбдор билиб, аламзада бўлишади. Яна бошқа тоифадагилар эса одамларга ўзларининг ҳақ эканини исботлашга уринадилар.

— Шу боис уларни қўллаб-қувватлашимиз, аввал қандай яхши кўрган бўлсак, худди шундай яхши кўришимизни исботлашимиз, айбларини юзига солиб эмас, бу ҳам тақдирнинг синови эканини тушунтиришимиз, ҳаётга умид, ишонч уйғотиб, ўтмишини унутишига ёрдам беришимиз лозим, — дей­ди Сирдарё вилояти Оқолтин туманидан Муқаддас Абдурасулова. — Авлодлар кўз қорачиғидек эъзозлаб келаётган муқаддас она тимсолига доғ туширганим, мен учун ўлим билан баробар бўлди,  қилмишидан чин дилдан пушаймонлар қатори мен ҳам кафиллик асосида озод этилдим. Бироқ  “жиноятчи” деган тамға билан уйга қайтиш, атрофдагиларнинг ёвқарашидан жуда чўчидим. Шукурки ундай бўлмади. Озодликка чиққач, Хотин-қизлар қўмитаси ва туман ҳокимлиги мутасаддиларининг кўмаги билан тадбиркор бўлдим, жамиятда ўз ўрнимни топ­дим. Асосийси, маҳалладошларим, дуогўй ва маслаҳатгўй нуронийларимиз ишончини оқладим. Мўъжаз тикувчилик цехимга эҳтиёжманд, оғир ижтимоий аҳволда қолган ва боқувчисини йўқотган 8 нафар аёлни ишга олдим. Мақсадим – улар мен қилган хатони такрорламасин. Буларнинг барчаси учун давлатимизга, Президентимизга раҳмат.

Ҳақиқат шуки, уйнинг асоси мустаҳкам, ғиштлари тўғри терилган бўлса, бу уй ҳеч қачон бузилмайди. Оила  бамисоли бир уй. Унинг асоси эса аёлдир. Аёл тинч ва хотиржам экан, оила мустаҳкам, фарзандлар баркамол бўлиб улғаяди. Аёлнинг хотиржамлигини таъминлаш эса, аввало, оила бошлиғи бўлмиш эркакнинг, шу жумладан, жамиятнинг бурчи ва вазифасидир.

Аслзода НУСРАТЖОН қизи, 

“Nuroniy” мухбири

2019 йил 6 февраль, 5-сон

“Nuroniy”газетаси

Бошқа хабарлар