Имло қоидасини бузганга чора йўқми?

92

Мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида турли идора ва ташкилотлар, хусусий корхоналар, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва бошқа муассасалар пешлавҳаларида қатор имло хатоларига кўзимиз тушади.  Буларни кўриб улғаяётган ёшлар “шундай ёзилиши керак экан-да” деган фикрга бориб қолмайдими? Бу саводсизлик эпидемиясига сабаб бўлмайдими? Нима учун имло қоидалари бузилишига ҳаммамиз бефарқ қараб туришимиз керак? Журналист Назокат Машарипованинг “Ҳаёт кўзгуси” газетасининг 2019 йил  28 январь № 3-сонида чоп қилинган мақоласида шу ҳақда сўз юритилади.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ПЕШТАХТАЛАРДАГИ ЛАВҲАЛАР ЁҲУД АЖАБТОВУР СЎЗЛАРГА «МУККА»СИДАН КЕТАЁТГАНЛАР…

         «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддасида «…Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда  ахборот воситалари республика давлат тилида ёзилади ва эълон қилинади…» деб белгилаб қўйилган. Афсуски, қонуннинг амалий ижроси тўла таъминланмаётгани кўнгилни хира қилади.        

         Яқинда рўзғор ташвиши билан туманимиздаги кундалик бозор атрофидаги дўконларни айландим. Даставвал бозорга бораверишда йўл устида фаолият кўрсатаётган бир қанча гўзаллик салонлари, тикувчилик цехлари, катта пештахтага ёзилган реклама ва эълонлар, шунингдек, одамлар овқатланадиган ошхоналар пештоқига ёзилган ёзувларга кўзим тушди. Инсонни жалб қила оладиган бир-биридан чиройли кўринишга эга бўлган, гўёки рақобатлашаётган пештахта ёзувлари учун тадбиркорлар шунча вақт ажратишибди-ю, наҳот сўзлардаги имловий, тиниш белгили, услубий хатоларга эътибор беришмаган бўлса…деган хаёлга бордим. Шу онда тикувчилик цехи рўпарасидан ўтиб-кетаётган мактаб ўқувчиларидан икки нафарига «ҳар-хил» сўзи қандай ёзилади? – деган савол билан мурожаат қилдим. Улар дарҳол тикувчилик цехи пештоқига кўзи тушди-ю, «хар-хил» деб жавоб беришди. Кейин уларга тўғри вариантини айтганимда, кўчалардаги барча ёзувлар тўғри ёзилади деб ўйлашларини, кўп ҳолларда ана шу ёзувларга таяниб хатоларини тўғрилаб олишини айтишди.

         Ана хато-ю, мана хато. Бир қарашда арзимасдек туюлаётган бу каби ҳолатлар  келажак авлоднинг маънавиятига қандай салбий таъсир кўрсатишини ва бунинг натижасида келиб чиқадиган оқибатини бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Йўлимда давом этар эканман, гўзаллик салонлари олдида реклама кўринишида ёзилган педикюр, моникюр, lovestory, slideshow, barbershop salon,  салон красоти, real salon, ошхоналар пештоқида jizza beauty, тикувчилик цехлари пештоқида «хар-хил турдаги пардаларни тикамиз», «арзон кийим кечаклар», шунингдек, дўконлар пештоқида «оптом нархларда сиз хохлаган усулда» ҳамда акфа маҳсулотлари сотиладиган дўкон пештоқида «тежамкор ёритгичларнинг янги авлоди» деган сўзларга кўзимиз тушди. Аслида ривожланиб бораётган, таълим соҳаси янада равнақ топаётган пайтда бундай камчиликларга йўл қўйиш уят ва ачинишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Юқорида келтирилган «хар-хил» сўзи аслида имловий қоидаларига кўра «ҳар-хил», «хохламоқ» сўзи эса «хоҳламоқ» шаклида ёзилади. «Тежамкор ёритгичларнинг янги авлоди» жумласидаги «авлод» сўзи ўрнига «тури» сўзи ишлатилса тўғри бўлади. (Бу сўз жонсиз нарсаларга эмас, айниқса, инсониятга нисбатан ишлатилиши фанда исботланган). Ошхона пештоқидаги «jizza beauty» сўзини ҳар қандай инсон «гўзал жизза» деб тушунади. Унинг ўрнига «Миллий таомлар», «ширин таомлар» каби ўзбек тилидаги бир қанча чиройли сўзлардан фойдаланиб ёзувлар тайёрлашса мақсадга мувофиқ бўларди.

         Ўтмишга бироз бўлсада назар ташлаб кўрайлик, она тилимиз мавқеини ошириш учун қандай курашлар олиб борилди,  минбарларда ва расмий ҳужжатларда ўзбек тилига ўрин берилмай, хақорат қилинганлиги, эътиборга олинмаганлигини наҳот хотирамиздан чиқариб ташлаган бўлсак? Қанча қийинчилик ва машаққат эвазига эга бўлган тилимизни қадрлаш, ёш авлодни  унга нисбатан ҳурмат руҳида улғайтириш ўрнига мантиқсиз, инсон ҳаёлларини чувалаштирадиган ажнабий сўзлардан фойдаланишга муккасидан кетмаяпмизмикан? Сержило тилимиз имкониятларини мукаммал билмай туриб, ўзга миллат тилига шу қадар ифтихор билан қарайдиган инсонлар кошкийди ўзлари ёзган сўзларга ўзлари тушуна олсалар?! Бу гапимиз билан бирча савдо дўконлар пешдоқидаги номларда хатоликлар бор  демоқчи эмасмиз, бироқ кўнгилни хира қиладиган, маънавиятга путур етказадиган, ўзимизнинг она тилимизнинг қадрини билмай, алмойи-алжойи сўзлардан фойдаланишга устасифаранглар эса талайгина. Баъзида эса  бинолар пештоқидаги инглизча, русча, ўзбекча, баъзан сўзларнинг қайси тилга мансуб эканлигидан бошинг айланиб, қай мамлакатда яшаётганингни ҳам англолмай қоласан гўё…

Исм инсоннинг безаги бўлганидек, бехато ёзилган ёзувлар ҳам ташкилот, муассаса, дўкон, биноларнинг кўрки бўлиши билан бирга шу ерда ишловчиларнинг ҳам билимини, маданиятини акс эттирадиган кўзгуси ҳисобланмайдими?!

         Озод Шарофиддиновнинг шундай сўзлари бор: «Йўл қоидасини бузган инсонга жазо бор-у, нега тил қоидасини бузганга жазо йўқ».

         Ўз жонимизни жазодан  асраш учун йўл қоидасини бузмасликка чин дилдан киришамиз. Бироқ миллий қадриятларимиз, ўзбекона урф-одатларимиз, ўзлигимизни ўз ичига олган она тилимизга беписандларча қарашга виждонимиз қандай йўл қўяётганига ҳайрон қоласан киши.

         Ахир она тилимизда ҳам  минглаб маъноли, оҳорли, рекламачилар хоҳишига монанд, жозибадор сўзлар талайгина. Биз чет элнинг ажабтовур сўзларига эмас, ўзлигимиз, миллийлигимиз, юксак маданиятимизни ўзига сингдирган она тилимиз сўзларига эҳтиёж сезайлик. Ёзувчи П.Қодировнинг «Тил ва эл», «Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» каби асарларига таяниб, она тилимизнинг софлигини сақлаб қолайлик. Ёш авлоднинг билими, тафаккури қай даражада бўлишида ҳам пештахталардаги лавҳаларнинг ҳиссаси катта.

Назокат МАШАРИПОВА

Қўшкшпир туман «Ҳаёт кўзгуси» газетасининг 2019 йил 28 январ №3- сонида чоп қилинган.

Бошқа хабарлар