КЎП НАРСА КЕРАКМИ?

41


Кийим кийиш, овқатланиш ва шунга ўхшаш нарсалар жисмимиз учун зарур. Шундай экан, руҳимиз нимадан қувват олади? Бошқача айтганда, руҳнинг «озиқа»си нима? Қўша-қўша нақшинкор иморатлар, ялтир-юлтир кийим-кечак, дур-у гавҳар руҳий тарбияга хизмат қилмаса, уларга эришиш учун тинимсиз елиб-югуришимиздан не фойда?

Таниқли ижодкор Шароф Бошбековнинг “Nuroniy”газетасида чоп этилган фикрлари кишини шулар хусусида чуқур мушоҳада юритишга ундайди.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг. 

БИЗ НИМАНИ ОЗИҚЛАНТИРЯПМИЗ

 

Бемор бўлишнинг бир яхши томони бор — ўйлашга, мушоҳада қилишга вақтингиз бемалол бўлар экан. Маълумки, одамзод тана ва руҳ (жон)дан иборат бўлади. ?

Олимлар ўлим тўшагида ётган турли ёшдаги олти минг одамни текшириб кўриб шундай хулосага келган: беморнинг жони узилган пайти мурда 0,04 грамм енгиллашаркан. Демак, жоннинг оғирлиги 0,04 грамм келаркан. Шуниси қизиқки, янги туғилган чақалоқ ўладими, 90 ёшли чол ўладими, оғирлиги бир хил — 0,04 грамм. Демак, руҳ қаримайдиган, танага бўйсунмайдиган, алоҳида яралган субстансия экан. Ўйлаб кўрсам, бутун жамият ана шу субстансия учун ишлар экан. Оғир ва енгил саноат, транспорт, қурилиш, озиқ-овқат саноати, бичиш-тикиш, сартарошхона ва гўзаллик салонлари, ресторанлар, поликлиникаю касалхоналар танамизга хизмат қилар экан. Буларнинг ҳеч бири руҳимизга керак эмас! 
Қимматбаҳо хориж машиналарини минамиз, 80-90 кило келадиган гўштимизни у ёқдан-бу ёққа олиб бориш учун керак, руҳимизга кераги йўқ — у учиб юради. Совуқ еганимиз учун кийинамиз, руҳ эса совуқ ҳам емайди, исиб ҳам кетмайди. Танамиз учун қор-ёмғирдан тўсадиган бир бошпана керак, руҳ учун мутлақо кераги йўқ. Руҳга тилла тақинчоқлар ҳам керак эмас. Ҳатто армия ҳам танамизга хизмат қилади — у ер-бу еримизга ўқ тегишидан, танамиз портлаб кетишидан асрайди. Хўш, руҳимизга нима хизмат қилади? Руҳнинг «озиқа»си нима? Қўша-қўша нақшинкор иморатлар, ялтир-юлтир кийим-кечак, дуру гавҳар керак бўлмаса, унда руҳ учун нима керак?

Руҳимиз у қадар инжиқ эмас. Унинг «нон»и — Аллоҳнинг каломию адабиёт ва санъат. Шу пайт хаёл суришнинг белига тепиб, ҳамшира келиб қолди:

— Капилница оламииз!.. Игнадан илма-тешик бўлиб кетган билагимга яна игна тиқиб чиқиб кетди. Булар тағин танамни даволашяпти…

Шароф БОШБЕКОВ

2019 йил 6 февраль, 5-сон

“Nuroniy”газетаси

Бошқа хабарлар