ОБУНА БЎЛДИНГ НИМА-Ю, БЎЛМАДИНГ НИМА? ёхуд почталарда тўпланиб ётган тахлам-тахлам газета-журналлар эгасини топадими?

111



Матбуот. Халққа маънавий озуқа улашадиган, кези келганда суянч бўладиган, айни пайтда оғир бочқични босиб ўтаётган соҳа. Кимнингдир муаммоси, дарди бўлса, у орқали тегишли ташкилотларга етиб боради ва ўз вақтида ҳал этиш чораси кўрилади. Эл дардини кўтариб чиқиб, ечим топаётган аксарият нашрлар обунаси айни йилда яхши бўлмагани ҳам барчага маълум. Бунинг сабаблари бисёр. Бу сабабларга тарқатиш тизими қўшимча бўлаётган ҳам сир эмас. Газета ўқийман, дея обуна бўлса, лекин ушбу нашрларнинг ҳар бир сони ўз вақтида эшигини қоқмаса, ким бўлмасин ранжийди. Кўнгли қолиб, кейинги обуна мавсумида иккинчи бор “адашмаслик”ка ҳаракат қилади. Хўш, нашрларни обуначиларга ўз вақтида етказишга қайси ташкилот масъул ва у ерда ишлаётганлар ўз вазифасига виждонан ёндашмоқдами? Бу ҳақдаЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби Равшан Маҳмудовнинг қуйидаги мақоласида ўқийсиз.   

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

“ТОШКЕНТ ПОЧТАМПТИ”НИНГ ХУРМАЧА ҚИЛИҚЛАРИ

ёхуд газета тарқатиш тизими издан чиққан(ми?)

Сўнгги кунларда матбуот нашрлари ва ижтимоий тармоқларда энг кўп ёзилган мавзулардан бири обуна масаласи бўлиб, бу кўплаб соҳа вакиллари, жумладан, журналистлар орасида ҳам турли муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Айниқса, респуб­лика миқёсидаги аксарият газеталарнинг адади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 60–70 фоиз камайиб кетгани, маҳаллий газеталарнинг “ҳаёт-мамот”и ҳал этилаётган айни пайтда бозор иқтисодиётининг бешафқат ҳамласидан шундоқ ҳам базўр тирикчилик қилаётган журналистларнинг боши қотган. Ахир адад камайгандан кейин ўз-ўзидан штат қисқаради, ойлик, мукофот пули, қалам ҳақи кесилади.

Хўш, энди нима қилиш керак? Нашр яшаб қолиши, ададини кўпайтириш учун қандай чоралар кўриш лозим?

Кимдир бу борада муассисга кўз тикаётган бўлса, яна кимдир юртимизнинг барча ҳудуди ва ташкилотида аҳоли билан кўпроқ ижодий учрашувлар ўтказиб, газетанинг тарғибот-ташвиқотини кучайтириш зарурлигини, бугунги кун талаб ва таклифидан келиб чиқиб, одамларни қийнаётган муаммо, камчиликлар, уларнинг ечими хусусида танқидий, таҳлилий, ўқишли мақолаларни кўпайтириб, нашр номини танитиш зарурлигини таъкидламоқда.

Хуллас, энди муассис буйруғи ёки “коррупцион” йўллар билан (айрим тармоқ нашрларини ҳисобга олмаганда, албатта) мажбурий обунани ташкил қилиб, тушган пулни йил давомида сарфлаш даври ўтди. Газеталар ўртасида ҳақиқий рақобат муҳити юзага келмоқда. Унга бардоши етган яшайди, етмаган эса… Гапнинг индаллосини айтганда, энди “осон эмас бу майдон ичра турмоқ”.

Бироқ, бевосита обуна билан боғлиқ яна бир бошоғриқ борки, уни даволамасдан туриб, оёққа туриб кетиш мушкул. Бу матбуот нашрларининг обуначилар қўлига вақтида етиб боришини таъминлаш масаласидир.

Матбуот тарқатиш билан шуғулланувчи ташкилотлар нашрларни обуначилар қўлига кечикиб ёки умуман етказиб бермаётгани борасидаги қусур-нуқсонлар доимо танқид қилиб келинмоқда. Тармоқда рақобат муҳитини бозор талаблари асосида ташкил этиш мақсадида хусусий тарқатувчиларга ҳам рухсат берилди. Тизимни яхшилаш мақсадида қарорлар, дастурлар қабул қилинди, тегишли чоралар кўрилди. Аммо вақтли нашрларни эгаларига етказиш борасида ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ: эски ҳаммом, эски тос.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳудудий кенгашида матбуот ишига масъул бўлганим боис Тошкент шаҳрида “Миллий тикланиш” газетасига обуна билан шуғулланиш зиммамга тушди. Мажбурий обунага қарши “кампаниябозлик” бошланган бир пайтда бировга “газетага обуна бўл”, деб айтишнинг ўзи катта “жиноят” эди. 2019 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиши инобатга олинса, партиянинг энг асосий тарғибот қуроли ҳисобланган газетани кенг оммага етказиш муҳим масала саналади. Қолаверса, партия ходимлари, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар ўз газетасини ўқимаса, у орқали Марказий кенгаш, умуман, партия фаолиятидан хабардор бўлиб турмаса…

Депутатлар, партиядошларга бугунги ва эртанги кундаги вазиятни ётиғи билан тушунтириб, обунада фаоллик кўрсатишга чақирдим. Кимдир тушуниб, обуна бўлди. Кимдир газетага ўтган йили хусусий обуна ташкилоти томонидан ёзилгани, аммо йил якунланаётганига қарамай, бирорта сонини олмаганини айтиб, рад этди. Почта хизмати барибир “қовун тушириши”га кўзим етса-да: “Хабарим бор, шунинг учун 2019 йилда обунани почта орқали қиляпмиз, газета қўлингизга етиб боришига кафолат берамиз, ўзим доимо назорат қилиб бораман” дея ишонтиришга ҳаракат қилдим. Чунки бундай ҳолатлар шахсан ўзимда бир неча бор такрорланган. Қайсидир йили ҳеч ким мажбурламаган бўлса-да, почтага бориб фарзандларим учун “Тонг юлдузи”га обуна бўлиш мақсадида ёзилган эдим. Январь ойи ўтди ҳамки, газетадан дарак бўлмади. Почтага қўнғироқ қилдим, феврал ойидан кела бошлади. Учинчи ойдан эса 2–3 тасини бир қилиб ташлаб кетадиган бўлишди. Олти ой ўтиб эса газета умуман келмай қўйди. Яна почта билан боғландим, бир дунё баҳоналар билан ўзларини оқлашди. Хуллас, йил давомида газетанинг 52 сонидан 38 тасини олдик, холос…

2019 йил ҳам бошланди. Январнинг биринчи ўн куни якунланди. Ишхонага чоршанба (газета шу куни чоп этилади) куни тушга яқин “Миллий тикланиш” газетасининг 1-сонини ташлаб кетишди. Уйимга эса шанба куни етиб борди. Душанба куни ваъдага вафо қилиб, бошқа ҳамкасбларимдан газета етказилганми, йўқми суриштирдим. Ўн нафардан олти кишига кечикиб бўлса-да газета етказилган, қолган тўрт киши эса “Кўрдингми, барибир келмайди дедик-ку!” дегандек бош чайқади. Сабр қилиб навбатдаги чоршанбани кутдим. Ўша куни ишхонага 2-сонини ҳам ташлаб кетишди. Эртаси куни яна бошқалардан суриштирдим, худди аввалги ҳолат.

Жума куни тушдан кейин “Тошкент поч­тампти”ни безовта қилишга мажбур бўлдим. Ўзимни таништириб, обуна билан боғлиқ тартиб-қоидаларни сўраб-суриштирдим. Улар бугунги кунда барча газета эгаларига вақтида етказилаётгани ва бу кафолатланганини таъкидлашди.

Газета етказиб бермаган почта бўлимларига бирма-бир қўнғироқ қилиб чиқдим. Кимдир почтачи касал бўлганини, кимдир газета ҳали марказдан келмаганини, яна кимдир адашиб бошқа манзилга етказганини айтди. Айримлари “Кейинроқ қўнғироқ қилинг, ҳозир иш билан бандман, газета керак бўлса кутинг, шанба куни боради!” деб қўпол муомала қилиб, алоқани узиб ҳам қўйди…

Яна “Тошкент почтампти”га қўнғироқ қилдим. Газета бормаган манзиллар, тизимдаги айрим ходимларнинг баҳонаси-ю муомаласидан шикоят қилдим. Орада почта хизмати ҳам обуначилар камайиб кетишига сабабчи бўлаётганини айтиб, бу ҳақда мақола ёзмоқчилигимни “гуллаб қўйибман”. Бир соат ўтиб-ўтмай, газетани ўз вақтида олмаган ҳамкасбларим нашрнинг икки сони ҳам уйига етказилганини маълум қилишди.

Мана, ишласа бўларкан-ку, дедим ҳамкасбларимга қараб (аммо унгача кайфиятим бузилиб, бошимга оғриқ кирган эди). Нима учун айрим ишларимиз қўнғироқ қилганимиздан кейин ёки матбуот танқидидан сўнг ҳал бўляпти? Нега ташкилотлар вазифасини вақтида бажармай, одамларни ҳамон норози қиляпти? Президентимиз раҳбарларни эскича ишлашдан воз кечиб, уйғонишини қайта-қайта талаб қилаётган бўлса-да, почта хизматига ўхшаган айрим ташкилотлар ҳали ҳам мудраб ўтирибди, назаримда.

“Қўнғироқ қилмаганимизда, газета буюртмачига йил давомида ҳам етказилмаслиги мумкин эди”, деган эътирозимизга ўзини таништиришни истамаган почта масъули “Агар обуначи бу ҳақда вақтида хабар бериб турса, кечикиб бўлса-да, албатта, барча сонини етказамиз” деб айбни буюртмачига ағдарди-қўйди. Демак, бундан кўриниб турибдики, почтада нашрларни эгасига етказилган-етказилмагани умуман мониторинг қилинмайди. Манзилини тополмай, почталарда тўпланиб ётган тахлам-тахлам газета-журналларнинг тақдири энди улар учун қизиқ эмас (бир йилдан кейин барибир макулатурага топширилади). Чунки обуна пуллари аллақачон “Тошкент почтампти”нинг “чўнтаги”га тушиб бўлган. Қолаверса, бир ой олдин чоп этилган газетани буюртмачига етказишнинг энди нима қизиғи бор?! Ҳозир ахборот асрида яшаяпмиз. Шу топда юз берган воқеанинг орадан бир соат ўтиб-ўтмай одамлар учун қизиғи қолмаяпти, эскиряпти. Матбуотнинг энг асосий вазифаси эса ўқувчиларга ахборотларни тез ва холис етказишдир.

Сўнгсўз ўрнида: Шу куни бизга почта хизмати мутасаддиларидан бири қўнғироқ қилиб, бу ҳақда мақола ёзмаслигимизни сўради. Қўполлик қилган ҳамкасблари учун ҳам узр сўраб, газетани вақтида етказишга ваъда берди. Рози бўлдик. Аммо орадан бир ҳафта ўтиб, обуна бўлган бошқа партиядошларимиздан ҳам сўраб-суриштирсак, газетанинг 3-сони чоп этилган бўлса-да, ҳали бирортаси ўз вақтида етиб бормаганини маълум қилишди. Почтага яна қўнғироқ қилишга мажбур бўлдик ва шу куннинг ўзида уларга ҳам етказиб берилди. Улар “мана, кечикиб бўлса-да етказиб бердик-ку”, дея ўзини яна оқлаши мумкин. Аммо бешикдаги бола йиғламаса, оч қолади деганларидек, қачонгача уларни “туртиб” туриш керак?!

Бугун чиққан газета бир ҳафта, бъазида бир ойдан кейин обуначига етиб борса кулгули эмасми? Бу биргина “Миллий тикланиш” газетасини етказиш билан боғлиқ бўлган воқеалар. Демак, бошқа нашрларнинг аҳволи ҳам бундан мустасно эмас. Ҳамманинг диққат-марказида бўлган пойтахтда вазият шундай бўлса, вилоятлар, қишлоқлардаги ҳолатни тасаввур қилаверинг. Почта хизматлари ҳам газеталарнинг оёғига “болта” урмай, аксинча, обуна мавсумида тарғибот-ташвиқот ишларига ёрдам бериши, хонадонларга вақтли матбуот нашрлари бормаслиги маънавиятимизга катта зарар етказишини англаб етиши керак эмасми? Ахир холисонулло айтганда, улар ҳам обуначилар ҳисобидан кун кўриши ёлғон эмас-ку?!

Матбуот тарқатиш тизимидаги бундай муаммолар “обуна бўлдинг нима-ю, бўлмадинг нима — фарқи йўқ, барибир газета етиб бормайди ёки ҳаддан ташқари кечикади” деган қарашларни шакллантиришга “улкан ҳисса” қўшгани алам қилади, холос. Афсуски, шундай.

Равшан МАҲМУДОВ,
ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши
матбуот котиби

Бошқа хабарлар