ДИҚҚАТ, ТВ ХАВФИ!

19

Маънавий тарғибот қуроллари кўп, маънавиятсизликни тарғиб этувчи воситалар эса ундан-да кўп. Хўш, айтинг-чи, ҳозирги шароитда ОАВлар, хусусан, телеканаллар қайси вазифани бажаряпти? Интернет саҳифаларида бош мавзуга айланган турк сериаллари муҳокамасида, матбуот нашрларида эълон қилинаётган куйинчаклик билан ёзилган мақолаларда бу ҳақда кўплаб фикрлар ўртага ташланяпти. 

“XXI asr” газетасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалилов қаламга олган мавзу ҳам шу ҳақда.

Мақолани қуйида тўлиқ ўқинг.

ТОМЧИ ТОШНИ ЁРАДИ

ёхудтўтиқушбошловчилар, ваҳшийликни тарғиб қилаётган турк сериаллари ва жиловсиз телеканаллар хусусида баъзи кузатувлар

Тасодифан кўзим тушиб қолди. “Менинг юртим” телеканалидаги “Марказий студия” (россиялик ўша машҳур Вадим Такменевнинг “Центральное телевидение”сига ўхшатма) деган хабарнамо кўрсатувда (бундаям аҳён-аҳёнда савияли, таъсирчан, кутилмаган мавзуларда лавҳалар берилишини тан олиш керак) икки бошловчидан бирининг кадрда айтаётган гапини эшитинг: “Халқ таълими тизимида … обуна деган иллатга барҳам берилди” (?). Дод деворгинг келади. Барака топгур, ким сенга шу аҳмоқона матнни ёзиб берди, фикрлаб ўқисанг асаканг кетармиди? Ажабо, қорлар ёғиб излар босилган бир паллада энди обуна жамият иллати бўлиб қолдими? Ҳатто миллатга гиёҳвандлик, фоҳишабозлик, одамхўрлик каби даҳшатли балолар хавф солиб турган бир пайтда обуна иллатга айланганини қайси ақли расо одам қабул қила олади? Ким кимни мажбурлаяпти китоб ё газет-журнал ўқигин деб? Маърифат истаган кишининг кўнглига ҳам, хонадонига ҳам ана шу илму зиё воситалари қўл-оёқсиз, ҳеч бир тазйиқсиз кириб бориши кўп бора исботланган ҳақиқат.

Нафақат халқ таълими тизимида, балки жамиятимизнинг барча жабҳасида газета-журналларга обуна бўлишда мажбурийликдан воз кечилаётгани, ойлик маошдан ушлаб қолишга барҳам берилаётгани матбуот ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Боиси, аҳолимизда ўзи истаган нашрга обуна бўлиш ва танлаб ўқиш имконияти яралиши ортидан газета-журналлар орасида тенг рақобат муҳити пайдо бўлади. Сифатли обуначи сифатли матбуотнинг шаклланишига туртки беради. Фақат масала шундаки, “обуна” ва “мажбурий обуна” тушунчаларининг фарқига етволишимиз керак.

Одамлар тутуриқсиз кўрсатув ва сериаллардан безиб бораётган даврда телеканаллардаям жиддий ислоҳотлар бошланмаса, эртага миллий ўзликни бой беришимиз аниқ (радиоэшиттиришлар бундан мустасно, албатта, уларда ҳеч бўлмаса дилга сурур бағишлагувчи миллий тароналар, ўйга толдиргувчи эшиттиришлар берилаяпти). Томошабин бечоранинг айби нима? У шундоғам кун бўйи бўлар-бўлмас сайтларда чайналавериб увадаси чиқиб кетган мавзудаги шов-шувларни ўқиб-эшитиб чарчаган. Ҳеч бўлмаса қалбга ёруғлик, юракка таскин бергувчи хабарлар наҳот қуриб кетган бўлса? Бу ерда гап “жаннатдан дараклар” дея киноя қилинадиган ҳавойи дастурлар ҳақида кетмаяпти, табиийки.

Энг даҳшатли кўргилик, билмайман, қачондан бери “Zo‘rTV” телеканалида “Ҳовли” сериали намойиш қилиняпти, икки саҳнасини кўришга мажбур бўлдим (негаки, меҳмонда эдик, мезбонларнинг 7 ёшидан 90 ёшигача шу сериал жинниси экан). Бирида севган йигити ўзи яхши кўрган, касалхонадан чиқиб келган, қўлтиқтаёққа суянган ярим жон севгилисини қийнаб, бўғиб ўлдирди! Ёшу қарининг нигоҳи ана шу ваҳшиёна саҳнадан узилмаяпти! Иккинчисида фожеали ўлдирилган қизнинг онасининг қамоқхонадаги телбанамо ҳаёти, ўзини осиб ўлдиришга уриниши… ҳатто ёзишга қўрқади одам, ана шу саҳналар “Zo‘rTV”да “праймтайм” – қимматли дамларда сал кам икки соатга яқин бемалол кўрсатиляпти! (Сериалнинг профессионал даражада ишлангани, актёрлар маҳорати, режиссура… булар бизнинг киночилар ўзлаштиролмаётган жиҳатлар эканлигини ҳам тан олмасдан иложимиз йўқ.) Шуми бизга намуна деб кўрсатилаётган турк қардошларимизнинг миллий қиёфаси! Биламан, орамизда кимдир нима бўпти, туркчами, корейсчами, японча ё мексиканчами, киносериал намойиш этилса, улардан ўрганадиган жиҳатлар ҳам бор-ку, қолаверса, моддий манфаатдорлик турган жойда маънавиятга йўл бўлсин, сизга ёқмаётган бўлса, марҳамат, кўрмай қўя қолинг, милёнлаб одамларни экранга михлаб қўйди-ку, дея эътироз билдириши ҳам табиий.

Биз яна мажлису машваратларда турли кўринишдаги хавф-хатарлар ҳақида фалсафа сўқиб ётибмиз, маънавиятчилар тадбирлар ўтказяпти… ТВ ХАВФИнинг (интернетдаги хатарлар алоҳида мавзу) олдини олишгаям ПРЕЗИДЕНТ фармони ё қарори керакми энди? Қачонгача фақатгина давлат раҳбари бу каби миллий манфаатларимиз ҳимояси йўлида қайғуриши керак? Нега томошабинлик қилиб ўтирибмиз, шу пайтгача йўқотган, бой берилган, топталган маънавий бойликларимиз ўрнини қачон тўлдирамиз?

Алам қилар экан одамга, ҳозир мамлакатда фаолият кўрсатаётган телеканалларда (яна денг, улар орасида неча ўн йиллар давомида давлат бюджети ҳисобидан яшаб келаётганлари қанча) кишини ўйга толдирадиган, фикрлашга, тафаккурини ўстиришга хизмат қиладиган кўрсатувлар бармоқ билан санарли. Аксариятида кўнгилочар (аслида кўнгилёпар), шоусифат, “эгизак”, “студиягап” кўрсатувлар урчиди. Шунинг учун ҳам ҳамма ёқни бачкана сериал ва пултопар ўйинлар босиб кетди-да (улардаги шоумен ва даллол-бошловчиларнинг ҳеч бир тил қоидаларига сиғмайдиган гап-сўзлари, бачкана қилиқлари ҳаммасидан ошиб тушяпти).

Кўп бора кузатдим, давлат раҳбари Президент бўлиб сайлангунига қадар юртимизнинг ҳар бир бурчагида ўтказилган сайловолди учрашувларида, кейин эса катта-кичик йиғилишларда, байрамолди тадбирлардаги чиқишларида ҳам куйиниб кўп бора таъкидлаётган оғриқли масалалардан бири миллий ўзликни асраб қолиш, фарзандларимиз тақдирига бефарқ қарамаслик ва асосийси, таълим-тарбия ҳар доим давлат сиёсати даражасида бўлмоғини унутмасликдир. Шундай экан, бугун ҳаётимизнинг бир бўлагига айланган ТЕЛЕВИДЕНИЕ соҳаси жиддий ислоҳотга муҳтож. Таъкидлашни истардим, сўз эркинлиги ва демократия тамойилларининг ҳам ўзига хос меъёри, чек-чегараси бўлади.

Маънавият, маънавият деган билан халқ бир кун ё бир йилда ўзгариб, яхши китоб ўқийдиган, давр руҳини англайдиган, зиёли ё маърифатли миллатга айланиб қолмайди. Бахтга қарши, телевидение ёки радио (уларга жиддий рақобатчи сифатида интернет деган “чегарасиз дунё” ҳам турганини унутмайлик) эса бизнинг хоҳиш-истагимизга бўйсунмай ҳар бир оиланинг рўйхатсиз аъзосига айлангани-чи?

Хўш, айтинг, бу аҳволда қандай йўл тутиш керак? Сизу биз, зиёлилар, маърифату маҳалла аҳли, эртамиз тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ватандошимиз яна бир бор улуғ аллома Авлоний ҳазратлари айтган хавфли йўллардан бири – ё ҳаёт, ё ҳалокатни танлаш фурсатига етдик. Энди кечиксак, кечирилмаймиз. Шунинг учун ақлини таниган инсон борки, оиласидаги фарзандидан бошлаб қўни-қўшни, танишу бегона – ҳаммасини ана шундай сирли хавфлардан огоҳ этмоқни ўзининг инсоний бурчи деб билиши шарт. Шунга нима бўпти, дея вазиятга беэътибор қарашимиз охири яхшиликка олиб бормайди. Бунақада томчи тошни ёриши турган гап.

Миллат манфаати ҳамма замонларда ҳам ҳар қандай бойлик, зебу зарлардан бежиз устун қўйилмаган. Зеро, улуғ шоиримиз ёзганидек, инсон қалби билан ҳазиллашиб бўлмайди!

Норқобил ЖАЛИЛОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

2019 йил 7 февраль, 5-сон

“XXI asr” газетаси

Бошқа хабарлар