«Жаҳон меҳробида пайдо Алишер…»

42

Ҳамма даврларда буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг юксак бадиият уммони шоир-у адибларга ўзгача илҳом бахш этган. Шул сабаб улуғ шоирга бағиш­лаб шеър-у достонлар ёзиш, унинг ғазалларига мухаммаслар боғлаш кўнгил фарзига айланган.
Алишер Навоий таваллуд айёмида улуғ мутафаккир шоирга
эҳтиром намунаси сифатида ўзбек шеъриятининг ёрқин
намояндалари пири комил ғазаллариг боғлаган мухаммаслардан намуналарни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Мани истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас

Фалакким яхшилар базмида қадримни баланд этмас,
Дами йўқким ямонлар мажмаида мустаманд этмас,
Бу ҳасратдин кўзим ашки йўлин бир лаҳза банд этмас,
Мани ман истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мани истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.

Фиғонким даҳру дун ичра рафиқи топмадим огаҳ,
Қаён борсам бўлурлар ғулвашлар ҳамдаму ҳамраҳ,
Тиларлар баҳра мандин, мен тилаб топман биридин, ваҳ,
На баҳра, топғоман ондинки мандин истагай баҳра,
Ўзи ҳам баҳраманд ўлмас,мани ҳам баҳраманд этмас.

Кўзи заҳри эса ҳар нечаким мойил мамотимға,
Лаби шаҳди эди роғиб ўлимдин ҳам нажотимға,
Бу дам восил иймон ул қотили Исо сифотимға,
Нетой ҳуру пари базминки қатлим ё ҳаётимға,
Аён ул заҳр чашм айлаб ниҳон бу нўш ханд этмас.

Чиқо олмай кўнгул ҳайрондур усру шому фурқатдин,
Тўкар ашкини кўз ҳам интизори субҳ васлатдин,
Иложи бўлмаса ул маҳваши хуршид талъатдин,
Керакмас ой ила кун шакликим ҳусну малоҳатдин,
Ичим ул чок-чок этмас,таним бу банд-банд этмас.

Бугун чобаклар ичра йўқ эди ул шаҳсуворимким,
Бирини қилмади манзур чашми ашкборимким,
Ғубор осо нетонг гар қолмаса сабру қароримким,
Керак ўз чобаку қотилвашу мажнун шиоримким,
Бузуқ кўнглимдин ўзга ерда жавлон саманд этмас.

Савод зулфини кўргач юмар Огаҳий тун деб кўз,
Юзиға нозир ўлғоч ҳам тутар қўл бирла кун деб кўз,
Кўнгул, ҳайратға қолма кўрмас они не учун кўз,
Ул ой ўтлуғ юзин очса Навоий тегмасун деб кўз,
Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра писанд этмас.

Муҳаммад Ризо ОГАҲИЙ

Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин, эй пири дайр

Айрилиқ они яқиндур, кема йўл бонгин чолур,
Ваҳ, мени ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур,
Жон бориб жоно билан, соҳилда бир жисмим қолур,
Ҳар қачонким кемага ул ой сафар раҳтин солур,
Мавжлиғ дарё каби ошуфта кўнглим қўзғолур.

Мен неча айтдим, кўнгул, жондин кечиб ёр севма деб,
Сўнг йироққа кетса ташлаб, урма оҳ, дод дема деб,
Кетди ёр, бас энди, ким айтди ёшингни тийма деб,
Йиғлама, эй кўз, недин соҳилга чиқмас кема деб,
Ким ёшинг дарёсидур ҳар сориким эл кўз солур.

Ел турар, йиғлар фалак, бу гулдурак ҳам барқ дема,
Дарди ҳижронимни ўкраб сўзлар осмон ҳар кима,
Жисм аро жондек омонат чайқалиб боргай кема,
Титрабон сиймобдек кўнглим, етар жон оғзима,
Тунд ел таҳриқидин ҳар дамки дарё чайқолур.

Эй фалак, бас, йиғлама, йўқ фойда, ул ой кемада,
Ўртада дарёю мен бу жойда, ул ой кемада,
Келмас энди, ойда не, минг ойда, ул ой кемада,
Сабр кўнгулда, кўнгил ул ойда, ул ой кемада,
Ваҳки, бориб, термулиб кўз, мунграйиб жоним қолур.

Таскиним шулким, кема кўздан йўқолмабдур ҳали,
Бир нафас бор фурсатим ёр йўлига термулгали,
Оҳ, демай, сақлаб нафас, қўзғолмайин турдим, вале,
Дам тутилгандин ўлар элдек етибман ўлгали,
Сурмасин деб кемасин, баским, нафаслар асролур.

Эй шамол, жим тур, само жим, мавжудот, бир лаҳза жим,
Тингла, олам, тингла, одам, сен агар бўлсанг-да ким,
Булдур устоз панди: сиймин тандин ўзга сурма сийм,
Кирма савдо баҳрига оламдан истаб судким,
Сийм нақди тушса, лекин умр нақди сийғолур.

Сун қадаҳ, бергил менга жоним ҳақин, эй пири дайр,
Ким қадаҳлар зарбидан чиқсин чақин, эй пири дайр,
Борми Эркинга ул устоздин яқин, эй пири дайр,
Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин, эй пири дайр,
Илгига чунким Навоий бода киштисин олур.

Эркин ВОҲИДОВ

Жунун манъини манга қиласиз

Ҳузури ишқ Сизга-ю, тавқини кимга иласиз,
Маломат ханжари бирла доим юракни тиласиз,
Нечук ғам устига ғамдур, аҳли ғанимим ила Сиз,
Жамоатеки, жунун манъини манга қиласиз,
Тош отибон не учун телбаларга қотиласиз.

Ғарибман, васл учун дилни гадоингиз қилдим,
Йигитлик умрими ишққа фидоингиз қилдим.
Агарчи кўрмадим меҳре, дуоингиз қилдим,
Кечинг, кўнгил била жонким, видоъингиз қилдим,
Фироқ агар будурур, эрта кунни кеч қиласиз.

Буюк дард етди Мажнунға, оломон, йиғланг,
Кетур армонда кўнгул, ман нотавон, йиғланг,
Тўкилсин ашк каби юлдуз, осмон йиғланг,
Фироқ кунидир, эй кўзлар, эмди қон йиғланг,
Билурми сизки, бу кун не кишидин айриласиз.

Танимни бўйла зах айлағон қон бири, бири ашк,
Не эрди билмам, аё жононки, ғалат сири ашк,
Мени қилурки ғариқи дарё, нетай охири ашк,
Кўзим ҳақини биҳил қилдим, эй жавоҳири ашк,
Ки бори ҳам онгинг-ўқ макдамиға сочиласиз.

Бағирға найзаму доғи яна захм битмай,
Кўнгул, дард устина дард, аввалғи дард кетмай,
Йиқилғум охири бу йўлда эмди сабр етмай,
Фироқ нешлари, ваҳки яна раҳм этмай,
Нафас-нафас нега мажруҳ ичимға санчиласиз.

Неча ишқ куфрини қилдим, Аллоҳ, нетуб яшурай,
Жунун ҳайронлари, дардни, оҳ, нетуб яширай,
Ғалат девоналигим тутса гоҳ, нетуб яширай,
Кўнгил фасоналари, Сизни, воҳ нетуб яшурай,
Бу навъиким, юз уза қон ёш ила ёзиласиз.

Келубдур оғзима жоним, қилурман ишқим зикр,
Нетайким; васл эрди орзу, вале дилдордин макр,
Нетсин, Абдулла ҳайрондир, аё пир, айланг фикр,
Навоий ҳажрға қолди, қилинг висолда шукр,
Жамоатеки, севар ёрингиз била биласиз.

Абдулла ОРИПОВ

То ғамзаси ул наргиси жоду била ўйнар

Кўнглим очилиб, ўйлаки орзу била ўйнар,
Кўрганда юзинг, орзуси қайғу била ўйнар,
Қайғуси яна завқ ила туйғу била ўйнар,
Зулфинг очилиб орази дилжў била ўйнар,
Ҳинду бачае шўхтурур су била ўйнар.

Кечдим шу замон қолган умр, бори ҳавасдин,
Жон куйдию, фарқ қолмади дил бирла нафасдин,
Кўнглим отилиб, ишвасидан, чиқса қафасдин,
Ул шўх кўнгил лавҳин этиб тийра нафасдин,
Бир тифлдур, алқиссаки кўзгу била ўйнар.

Юзи ўзидин мағруру ҳам ўзи юзундин,
Киприклари дарс олган эрур икки кўзундин,
Бир жилваси — минг шеваю афсона ҳусндин,
Ўйнай-ўйнай боғлади уйқумни фусундин,
То ғамзаси ул наргиси жоду била ўйнар.

Гул ҳам сени кўрганда чаман ичра уёлиб,
Қолгайму лабинг олдида қонига бўёлиб,
Қаддинг била қатлинг манга ғоятки муносиб,
Тонг йўқки кўнгил бўлса кўзунг бирла мулоиб,
Мажнунга ажаб йўқ агар оҳу била ўйнар.

Сочлар туну, юз – ойми, қуёш – анвар ичинда,
Зулфлар ичида бўйунларинг анбар ичинда,
Бўйнунгга боқиб ўлсам агар ғамлар ичинда,
Бир лўлийи бозигар эрур чанбар ичинда,
Холингким ўшал ҳалқаи гесу била ўйнар.

Дунё ишида бордир азал икки тарафким,
Ул меҳру муҳаббатдир, бири – қаҳру ғазабким,
Ағёр била дўст кулса агар, қилма сабабким,
Зоҳид била нафс этса тамасхур, не ажабким,
Ит сайд қилур вақтида тулку била ўйнар.

Бу меҳру вафо олам аро кўҳна гурунгким,
Кўнгил тилаган ҳамдаму ёр бирла юрунгким,
Бу умр йўлин сидқу сахо сори бурунгким,
Муғ дайрида маст ўлса Навоийни кўрунгким,
Бир олма киби гунбади мину била ўйнар.

Сирожиддин САЙЙИД

Бошқа хабарлар