Инсон қадри азиз бу юртда

70

Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида уй-жой, маиший техника жиҳозларига эҳтиёжи бор, яшаш жойларини таъмирлашда, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилган бўлиб, унга мувофиқ Қашқадарё вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

«Бизнинг ҳам ўз уйимиз бор…»

\Ушбу манзилли дастурларга мувофиқ, Шаҳрисабз шаҳри ва туманида 50 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойи таъмирлаб берилди. 140 нафар кам таъминланган оила эса маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Шунингдек, 9 нафар уй-жойга муҳтож фуқарога янги уйларнинг калити топширилди.
…«Дўстлик» маҳалласида «Сун-Жавоҳир-Кеш» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қуриб битказилган икки қаватли уй бугун ўзгача файзга бурканган.
Хонадон соҳибларига янги уйларнинг калитларини топширар экан, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев ва вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раи­­си Эсон Ражабов ўзларининг энг самимий тилак­ларини изҳор қилишди.
– Шаҳрисабз туманининг энг чекка Кўл қишлоғидаги авария ҳолатига келиб қолган уйда онам, икки укам, турмуш ўртоғим ва икки фарзандим билан яшаб келаётгандик, – дейди янги уй соҳибларидан бири Қудрат Муртазоев. – Ўзим биринчи гуруҳ ногирониман. Касаба уюшма ва маҳалла фаоллари хонадонма-хонадон юриб, бизнинг муаммоларимиздан ҳам хабардор бўлишди. Мутасадди раҳбарларнинг хулосасига кўра, Президент қарорига асосан уй билан таъминландим. Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги томонидан газ плита ҳам берилди. Бутун оиламиз билан эътибор ва ғамхўрлик учун ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

– Уч фарзандимиз бор, – дейди Ҳулкар Эргашева. – Саккиз йилдан бери ижарама-ижара кўчиб юриш­лардан роса чарчагандик. Ҳатто ММТП биносида ҳам яшашимизга тўғри келди. Мана бизга ҳам уй насиб этди. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига оиламиз номидан чексиз ташаккур изҳор этамиз.
– Беш фарзандим билан аввал онам­нинг каталакдек уйида яшардик, – дейди Гўзал Хуррамова. – Бугун ҳаётимдаги энг бахтли кун десам, асло муболаға эмас.
– Турмуш ўртоғим Муқаддам Бердиева иккинчи гуруҳ ногирони, – дей­ди Саид ака Мамадалиев. – Унинг хасталанганига 30 йилдан ошди. Етишмовчилик қурсин, яхши даволатолмадим ҳам. Ўзим болалар боғчасида қоровул бўлиб ишлардим. Уйимиз торлиги учун шу ёқда ётиб юрардим. Уч хонали уйга кўчиб ўтдик. Қувончимнинг чеки йўқ.
Бу янги уй соҳиби бўлганларнинг дил сўзлари. Шу куни Шаҳрисабз шаҳри ҳокими қарори билан яна уч нафар уй-жойга муҳтож фуқарога ҳам янги уй калитлари топширилди.

«Ёруғ кунлар учун шукрона айтамиз»

Қарши шаҳрида ҳам учта уйга эгалари кўчиб кирди.
– Кўп йиллар далада механизатор бўлиб ишладим, – дейди Маҳбуба Саидалимова. – Бригада бош­лиғи бўлиб, Нишон чўлларини ўзлаштиришда қатнашдим, давлат режаларини ошириб бажардик. Меҳнатларим муносиб қадрланди.
Аммо тақдир мен учун оғир зарбалар, синовларни тайёрлаб қўйган экан. 2009 йилда икки нафар ўғлимдан айрилдим. 2017 йилда келинимни машина уриб кетди ва яна бир фарзандимдек бўлиб қолган инсондан ажрадим. Тўрт нафар набирам тарбияси ўзимга қолди.
Дардим ичимга сиғмай, вилоят ҳокими ҳузурига бордим ва навбатга ёзилиб, қабулига кирдим. Зафар Рўзиев дардларимни сабр билан тинг­лади, далда берди. Ёрдам берилишини айт­­ди.
Бир куни уйимга маҳалла ва касаба уюшма фаоллари келиб, аҳволимизни ўрганишди, вазиятимизни теран англашди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича тузилган ҳудудий дастурга кўра, бизнинг оиламизга ҳам уй-жой берилди. Шикаста дилларимиз ёришди, қалбимиздан йироқлашиб кетган қувонч муждалари қайтди. Бизга шодлик улашган барча инсонларга миннатдорлик билдириб, дуо қилишдан тўхтамайман…
– Беш нафар фарзандим бор, – ­дейди Шаҳло Убайдуллаева. – Уларнинг тўртови сил касалликлари диспансерида рўйхатда туради. Ўзим ҳам ногиронман. Шукр, бизнинг оиламиз учун ҳам ёруғ кунлар бор экан. Бош­панамиз йўқ эди, янги уй беришди. Мендай ожиза учун бу катта бахт-сао­­дат. Насиб бўлса, болаларимга яхши тарбия бераман. Ватанини севадиган инсонлар қилиб вояга етказаман. Оиламизга рўшнолик олиб кирган давлатимиз раҳбарига, касаба уюшма фаолларига раҳмат!

Келажакка ишонч

Бундай савобли ва хайрли тадбирлар Косон туманида ҳам давом этмоқда. Тўрт нафар эҳтиёжманд фуқарога янги уй берилди.
– Уйимиз йўқлиги учун хўжаликнинг эски ҳаммом биносида яшаб келардик, – дейди оила бекаси Дилсўз Эргашева. – Иккинчи гуруҳ ногирониман. Турмуш ўртоғим мавсумий ишларни бажариб юради. Бир қиз, икки ўғлимиз бор. Янги уйга кўчиб ўтар эканмиз, барчамизда ҳаётга, яшашга қизиқиш, иштиёқ ортди. Умидсизлик ўрнини ишонч эгаллади.
Шунингдек, Матлуба Турсунова, Саодат Арзиқулова, Шаҳло Холдорова сингари ҳамюртларимиз ҳам янги хонадонларга кўчиб ўтишди, ҳаёт лаҳзалари шодлик ва бахт зиёсидан чароғонлашди.
– Президентимизнинг қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йилда 6 нафар ётиб қолган беморга дори-дармон воситалари олиб берилди, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Косон тумани кенгаши раиси Шуҳрат Ортиқов. – 25 нафар фуқаронинг уй-жойи таъмирлаб берилди. Маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, 87 нафар кам таъминланган фуқаро рўйхати шакллантирилди. Улар орасидан энг ночор аҳволда яшайдиган, уй-жойга эҳтиёжи борлар манзилли дас­турга мувофиқ, уй билан таъминланди.
– Инсонпарварлик, аҳолининг ­эҳтиёжманд қатламларига ғамхўрлик одамларнинг кайфиятига, розилигига сабаб бўлмоқда, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Рес­публика кенгашининг Қашқадарё вилоятидаги масъул ташкилотчиси Шодмон Кубаев. – Бундай манзараларни кузатар эканмиз, ёруғ келажакка бўлган ишончимиз ортаверади.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар