Валиевни танийсизми?

178

Қабул қилинаётган қонун ҳужжатларига 500 тадан ортиқ таклиф жўнатган Рустам Валиев ҳақида эшитганмисиз? Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг «Ижтимоий ҳимоя» бўлими мудири вазифасида ишлаганида тизим корхоналари амалиётида қўллаб келинаётган 5 га яқин имтиёз ва кафолатларни жамоа шартномасига киритган. Яна… Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Бундан бир неча йил илгари тузилмавий такомиллашув жараёни агросаноат мажмуи тизимида анча оғир кечди. Бир қанча ташкилотларда шу баҳона бўлиб бош­ланғич касаба қўмиталари тугатилди. Айримлари эса жамоат ташкилоти таркибидан силлиққина чиқиб кетиш тараддудига тушиб қолди. Айниқса, бу ҳолат Самарқанд шаҳридаги нодавлат ташкилотларда кўп эди. Шу боис шаҳарда тармоқ тузилмасини ташкил этишга қарор қилинди. Бу вазифа тугатилган тармоқ кенгашининг собиқ ходими Рус­там Валиевга топширилди.
– Тизимда жорий этилган янги вазифани эгаллаган ­масъул ташкилотчи Нормурод ака билан иккимизга ўшанда анча қийин бўлганди, – дея хотирлайди Рус­там Валиев. – Билсакки, кечагина ҳамкорлик қилиб келган бир қатор хусусий бизнес вакилларида бошқача тушунча пайдо бўлган экан. Улардан баъзилари «Энди тармоқ кенгаши тугаб кетди, биз ҳам касаба уюшмаларидан воз кечишга қарор қилдик», дея рўй-рост айтишгача борди. Тузилмани қайта тиклаб олгунча анчагина тер тўкишга тўғри келди.
Тармоқнинг янги раҳбари зиммасига жуда катта вазифа юклатилган эди. Тармоқ касаба уюшмаси сафини кенгайтириш, янги ташкилотларни тизимга қўшиш, жамоат ташкилотининг пасайиб кетган нуфузини ошириш лозим эди. Етакчининг ютуғи шунда бўлдики, у ёнига касаба уюшмаларида ишлаб пишиган, одамлар билан тил топа оладиган муносиб номзодни топ­­ди. Расул Суюнов хонада чўт қоқиб ўтирмасдан, раис билан баб-баробар елиб-югурди. Бош­ланғич ташкилотлар ҳам, аъзолар сони ҳам кундан кунга кўпайиб борди. Бир қатор хориж инвес­тицияси ҳисобига фаолият кўрсатаётган корхоналар ҳам АСМ таркибидан муқим ўрин эгаллади.
Ана шундай қайноқ иш кетаётган бир пайтда кенгаш адлия идоралари эътирозига учради. Тизимда ўтказилаётган тадбирлар хусусида вилоят адлия бош­қармасига ёзма маълумотлар киритмагани сабабли суд қарори билан тармоқ кенгаши раисига энг кам ойлик маошининг юз баробари миқдорида жарима қўлланилди. Ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши англаган етакчи бу ҳолатга жим қараб ўтирмади. Гарчанд билдирилган эътироз қонуний бўлса-да, йиллар давомида ижросини таъминлашнинг асоси ва низоми ишлаб чиқилмаганини судда исботлаб берди. Суд касаба уюшма етакчисини ҳақ деб топди ва қўлланилган жазони бекор қилди.
Тармоқ фаолиятини жонлантириш, аъзолар сонини кўпайтириш борасидаги ­саъй­-ҳаракатлар ўз самарасини берди. Самарқанд шаҳридаги 5 та йирик қўшма корхона сафга қўшилди. Биргина «Пульсар» қўшма корхонаси билан қарийб тўрт йил мобайнида музокара ўтказилди. Охир-оқибат хориж корхонаси тармоқ таркибида ўз бошланғичини ташкил этди. 2015 – 2016 йиллар натижаларига кўра АСМ Самарқанд шаҳар кенгаши барча натижалар рейтингида туман ва шаҳар кенгашлари орасида биринчи ўринга кўтарилди.
– Бундан олти-етти йил илгари Рустам ака бизнинг корхонада бўлган йиғилишда қатнаш­­ди, – дейди Зарафшон ИТҲБ қошидаги Насос станция­­си ва энергетик бош­қармаси бош­ланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Ёдгор Эгамбердиев. – Жамоат ташкилоти фаолиятига доир бир қатор таклифлар бердим. Шундан сўнг, у киши мени қўмита аъзолигига тавсия қилди. Олти-етти йил жамоат ташкилотининг жамоат ишларида қатнашиб юрдим. Ўтган йили корхонамизда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов конференция­сида раҳбарликка номзодим кўрсатилди. Ҳозирда касаба уюшмани бошқараяпман. Қойил қоладиган жойи, устоз ишлайдиган, меҳнатдан қочмайдиган фаол кишиларни дарҳол қанотига олади.
Тармоқ касаба уюшмаси ташаббуси билан ўтган йиллар мобайнида 354 нафар касаба уюшма аъзолари мамлакатимизнинг турли шаҳарларига саёҳат қилди. 151 нафар саломатлигида нуқсон сезган ходимлар имтиёзли тарзда сиҳатгоҳларда дам олдирилди.
Йигирма йилдан буён касаба уюшмалари мавқеи, эътиборини ошириш, ходимларга муносиб иш ва турмуш шарои­­ти яратилишига ҳисса қўшиб келаётган Рустам Валиевнинг меҳнати кўп бор рағбатлантирилган. Ўтган йили у касаба уюшмаларининг бош мукофоти – «Эҳтиром» нишони билан тақдирланди.
«Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик» шиорига амал қилаётган касаба уюшма ташкилотлари халқимиз ишончини қозонмоқда. Бугун фуқаролар касаба уюшмаларига суянмоқда.
…Танимаган бўлсангиз, таниб олинг: Рустам Валиев мана шундай одам!

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар