Баъзи сериаллар бизни манқуртга айлантирмоқда ёхуд хусусий телеканаллар раҳбарларига очиқ хат!

481

Мана, бир неча кундирки, ижтимоий тармоқларда турк сериаллари ҳақида баҳс-мунозаралар авжига чиққан. Баҳс-мунозара кучайган сари телеканалларимизда турк сериаллари ҳақидаги реклама кўпайгандан кўпаймоқда. Нима учун? Халқнинг талаби, хоҳиш-истаги нега эътиборга олинмайди? ОАВларда, сайтларда бу ҳақда тинимсиз таҳлилий, мулоҳазали мақолалар бериб борилаётган бўлса-да, кенг аудитория­­ни қамраб олган телеканаллар раҳбарлари нега бу ҳақда ўйлаб кўрмаяпти? Ахир, ҳамма канални турк сериаллари босиб кетди.

Азалдан салла деса, каллани олиб келамиз – турклар билан яхши ҳамкорлик дегани уларнинг ўзида беришни ман қилган сериаллари бутун каналларни эгаллаб олсин дегани эмас-ку! Масалан, бир оилада ота ҳам, она ҳам хиёнаткор, уларнинг уйланган ўғли ёки қизи ҳам оиласига хиёнат қилади. Ва бу табиий ҳол. Худди дунёда эркак зоти қуриб кетганидек опа синглисининг эрига кўз олайтирган. Худди дунёда қиз зоти қуриб кетганидек йигит ўгай онасининг қизини севиб қолган. У ўгай она ҳам эрига хиёнат қилиб, йигитнинг отасига тегиб олган, оқибатда йигитнинг онаси отасини ташлаб кетган, аслида ўгай сингил бир пайтлар отасининг онасига хиёнати меваси – туғишган сингил!

Ўйлаб кўрайлик: хиёнаткорликни тарғиб қилувчи турк сериаллари бизга нима беради? Аввало, ёшларимизда ўша миллатга нисбатан меҳр уйғотади. Меҳримиз баландки, қизларимиз бугун турк йигитига фахр билан турмушга чиқиб кетаяпти. Туркларнинг кинодаги ҳаёти нафақат онгимизга, балки хонадонларимизга кириб келмоқда. Ёшлар кинолар орқали бошқа миллатнинг туриш-турмушини ўрганади, тарихига қизиқа бош­лайди. Мен, албатта, бошқа халқларнинг тилини, урф-одатини, тарихини ўрганишга қарши эмасман. Ўрганиш бош­­қа, меҳр қўйиш бошқа… Қолаверса, бундай сериаллар орқали эмас. Яна сериалки қизнинг онаси билан теппа-тенг гап талашиши, ўғилнинг ота билан ёқа бўғиб қолиши… Кийимларини-ку айтманг. Ҳавасимиз зўрлигидан Туркиянинг кўйлагини киймасак тўйга боролмайдиган бўлиб қолдик. Сарполаримизда, албатта, туркларнинг либоси, ҳатто галстук, пайпоқ, совунгача. Ўйлаб кўрмаяпмиз: улар сериаллар орқали кийимларига ҳавас уйғотиб, иқтисодини ривожлантираяпти. Биз эса кўп нарсани йўқот­япмиз. Чўнтагимиздаги пулимизни ўзга давлатнинг маҳсулоти учун ўн баравар қимматига сарфлаяпмиз. Ачинарлиси, эвазига оладиган бадалимиз нафақат моддий йўқотиш, балки МАЪНАВИЙ таназзулга олиб келяпти.
Қайси каналга олманг, қайси каналнинг дастурини кузатманг – турк сериали. Баъзида ҳар бир канал келишиб олгандек кетма-кетликда қўйиладиган «Гуллар изтироби», «Ҳовли» «Аёл», «Жасур ва гўзал» каби сериаллар оқими тўхтамаётганидан ҳайратга тушасан. «Эртуғул», «Муҳташам юз йил» каби тарихий киноларга чидаш мумкиндир. Американинг жангари, уруш саҳналарига бой бўлса-да, барибир инсонийликни, ғурурни, қаҳрамонликни тарғиб этадиган киноларига чидаш мумкин. Ўзимизнинг кўнгилни тўлдирар даражада ишланмаган бўлса-да, миллий менталитетни сақлаб қолишга ҳаракат қилган сериалларга чидаш мумкин, қаҳрамонларининг кўзидан ҳеч ёши тинмайдиган ва шу билан бирга урф-одатлари бизга яқинроқ бўлган корейс сериалларига чидаш мумкин, аммо Туркия киночилари томонидан ишланган, туркларнинг ўзлари ҳам кўришни маън қилган, уларнинг ҳаётидан, турмушидан узоқ бўлган сериалларга чидаб бўлмайди.
«Facebook» ижтимоий тармоғида «Халқ билан мулоқот» гуруҳи бор. Айни кунларда ушбу гуруҳда турк сериалларига одамлар қандай муносабатда эканини уларнинг турк сериаллари ҳақидаги постларга ёзилаётган фикрларидан ҳам англаш қийин эмас.
Б.Суяров: Барча турк сериалларини тақиқлашни таклиф қиламан. ТВнинг барча каналларини турк сериаллари банд қилмоқда.
Г.Бейсеитова: Бир тийинга қиммат сериаллар. Асоратини айтмайсизми? Умуман кўрмаслик керак. Беҳаё хотин-қизлар ва хотинбоз эркак­ларни кўриб ёшлар нимани ўрганади?
Д.Ходжаев: Бу сериалларни кўрсатишдан мақсад нима? Одамларни беномус ва ёвуз қилишми?
В.Холияров: Ҳақиқатдан ҳам турк сериаллари безор қиворди одамни, кўнгил айнийдиган даражада.
Х.Маджидова: Сериал муҳокама қилишдан ­бошқа иш йўқми? Ёқмаса, кўрманглар, бошқа муҳим масалалар ҳам бор.
Флу: Айнан ўша муҳим масалаларга аралашолмаслигимиз учун бизларни чалғитиш учун сериал беришади-да.
Д.Тошназаров: Ҳаммасида битта муаммо. Битта аёлнинг иккита эри бўлади, шуям киноми? Юқоридаги комментларда ёқмаса бошқа канални кўринг, дейилибди. Ахир, қайси каналга олсак, турк сериаллари ­навбат кутиб турган бўлади…
М.Мирҳайдаров: Агар эътибор берсак, турк сериалларини кўкларга кўтариб мақтаётганларнинг кўпчилиги аёллар. Энди фарзандларимизнинг тақдири шу аёлларимиз қўлида эканини бир тасаввур қилиб кўрингсизлар-а…
Х.Инаятов: Умуман бизга керакмас турк сериаллари, биз мусулмонмиз деб, мусулмончиликка тўғри келмайдиган ишларни қилишаяпти.
Р.Маманазаров: Маънавий хуруж бу турк сериаллари.
Ф.Муҳаммадиев: Айниқса, қамоқдаги аёллар курортда юргандек тасвирланган кинони қизиқиб кўришаяпти… Бу эса жуда ачинарли ҳолат…».

Туркияда яшайдиган фарзандиникида бўлиб қайтган фарғоналик бир онахон шундай дейди: «Туркияда янги сериалларнинг бир-икки қисмини намойиш этишади, кейин одамларнинг ижтимоий тармоқдаги мулоҳазаси кузатилади, агар янги сериал яхши баҳо олмаса қўйилмайди». Аммо бизда-чи, ҳатто журналистлар бу масалани кўтариб чиқишига қарамай турк сериаллари тўхтатилмаяпти. Нима, бу нописандликми ёки «шаҳар бедарвоза» деганими? Бу сериалларни тарғиб қилаётган, қўйишга рухсат бераётганларнинг асл мақсади нима? Бугун Президентимиз халқни китоб мутолаасига чорлаётган, китобхонлик маданиятини юксалтириш сиёсат даражасига кўтарилиб турган бир пайтда бу сиё­сатга қарши қилинаётган ишми? Мақсад одамларни китобдан чалғитиш, фақат маиший мавзудан бошқасига онги етмайдиган, савиясиз халққа айлантиришми? Масалан, божхона томонидан фалон порнографик фильм дисклари ушлаб қолинди, деган хабарларга кўзимиз тушади. Аммо нега телевидениеда берилаётган порнографик киноларнинг дебочаси сифатида ишланган сериалларни назорат қилмайди ҳеч ким? Ёки бунинг ортида миллатнинг маънавиятини ўлдиришдек атайлаб уюштирилаётган ғоя ётибдими? Бунга ким ЖАВОБ БЕРАДИ? Эртага бу сериаллар туфайли порнографияни очиқ-ойдин кўрсатадиган ва табиий қабул қиладиган авлод етишиб чиқмайди, деб ким кафолат беради?
Бундан муддао нима? Ўзбек маданияти, маънавиятини бутунлай йўққа чиқаришми? Ёш авлод бугунги кунимиз тарихга айланганда ўз тарихини мана шундай сериаллар орқали яратадими? Турк сериалларига тобора кўникиш, воқеа­-ҳодисаларини табиий қабул қилиш оқибатда ҳаётимизни ҳам шунга мослаштиришимизга, миллат таназзулига олиб келишини эсдан чиқармайлик.

Бугун турк сериалларининг ашаддий томошабинлари, ёқлагувчилари ҳам бор, албатта. Уларга ушбу сериалларнинг салбий жиҳатлари ҳақида гапирсангиз, «бир пайтлар қўйилган Мексика, Бразилия ва ҳ.к. сериаллари унутилиб ҳам бўлди», дегувчилар топилади. Лекин жиноятчилар, фоҳишалар айнан ўша унут бўлган сериалларни кўриб катта бўлган авлод вакиллари, ярим яланғоч ки­йиниб қўшиқ айтадиган, отасига тик қараб гап қайтарадиган, ўзининг номуссизлигидан уялмаётган баъзи қизлар, аёллар, йигитлар – ўша сериаллар қурбони, эмасми? Йиллар давомида асабийлашиб кўрилган, онг остида тўпланиб ётган салбий ҳиссиётларнинг юзага чиқиши оқибатлари буларнинг барчаси. Бугун ўзга миллат вакилига турмушга чиқишга ҳавас қиладиганлар қаердан пайдо бўляпти, деб ўйлайсизлар? Яна 10-20 йилдан кейин бундан ҳам баттар бўлиши мумкин. «Ҳовли» сериалидагидек қамоқхоналар кўпаймаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.
Айтмоқчи бўлган гапим шуки, Сизлар ҳам шу миллатнинг фарзандларимисиз, оилангизда аёлларингиз, қизларингиз шу сериалларни кўрадими? Уларнинг тарбиясидан ташвишланмайсизми? Ёки сизларга фақат даромад муҳимми? Мен бу фикрларим билан сизларнинг бу борадаги позиция­нгизни билмоқчи эдим. Эътирозларингиз бўлса ҳам, марҳамат, эшитишга тайёрман. Ва шу билан сизлар узлуксиз қўяётган сериалларнинг инсон руҳиятига қанчалик салбий таъсири борлигини исботлаб беришга ҳам тайёрман.
Олимларнинг фикрича, сериаллар одамни зомбига айлантиради. Очиқ хатимга маънавиятимиз орқасидан чорак асрдан буён оила ­тебратаётганлар, мутасаддилар, қолаверса, парламент ҳам ўз муносабатини билдиради, деган умиддаман.

Барно СУЛТОНОВА,
журналист

Таҳририятдан: Мавзу ОАВда қизғин муҳокама қилинмоқда. Бироқ энг қизиғи, унга айнан иккинчи томон – яъни сериалларни намойиш этаётганларнинг муносабати йўқ. Ўйлаймизки, жамият ривожланиб борар экан, ҳар ким бунда ўз ўрни, масъулиятини сезиши керак. «Ishonch» иккинчи томонга ҳам минбар таклиф этади…

Бошқа хабарлар