Масъулиятсизлик кечирилмайди

45

Меҳнат муҳофазаси комиссияси раиси касаба уюшмаси ташкилоти аъзолари орасидан сайланади. У бир вақтнинг ўзида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил ҳам ҳисобланади.

Комиссия раиси ва аъзолари ташкилотнинг таркибий бўлинмалари ва хизматлари, давлат бош­қаруви ва назорат қилувчи органлар, тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари, суғурта компаниялари, Федерация Кенгаши меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги хизмати ходимлари билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритади.
Меҳнат муҳофазаси ишларини қандай йўлга қўйиш керак? Комиссия ҳар қандай ҳолатда кучли ҳамда ўз ўрнига эга бўлиши учун нима қилиш зарур?
Жавоб тариқасида шуни айтишимиз жоизки, меҳнат муҳофазаси комиссиясининг фаолияти аниқ мақсадга йўналтирилиши даркор. Бунинг учун, биринчи навбатда, меҳнат муҳофазаси вакиллари билан келишган ҳолда вазифаларни белгилаб олиш лозим бўлади.
Уч поғонали маъмурий жамоатчилик назоратини ўз вақтида амалга ошириш, ходимлар малакасини оширишга қаратилган ўқув-семинарлар ташкил этиш, аниқланган камчиликларни муҳокама қилиш ва уларни аниқ муддатларда бартараф этиш юзасидан раҳбарият ва ­масъул шахсларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш ҳамда уларнинг ижросини қатъий назоратга олиш ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга.
Комиссия раиси ёки аъзоларидан бири касаба уюшмаси билан ҳамкорликда, жумладан фойдаланишга топширилаётган, янги ёки қайта таъмирланган ишлаб чиқариш ёки ижтимоий-маданий аҳамиятга эга объектларни меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлигини текшириш бўйича қабул қилиш ва бошқа масалалар билан шуғулланувчи комиссиялар фаолиятида иштирок этади.
Комиссия меҳнат муҳофазаси меъёрларига амал қилиниши билан боғлиқ қатор ҳолатларни тўсқинликсиз текшириш ҳуқуқига эга. Чунончи, меҳнат шароитлари ва хавфсизлиги, санитария­маиший хоналар ҳолати, жамоавий ҳимоя воситаларининг мавжудлиги ва белгиланган меъёрларга мувофиқлиги, меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена (ювиш ва зарарсизлантириш) воситалари билан бепул таъминланганлиги, мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилганлиги кабиларни санаб ўтиш мумкин. Бу борада ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларини олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилгани, шунинг­дек, жамоа шартномасининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимида қайд этилган мажбуриятларнинг бажарилишига алоҳида аҳамият қаратиш лозим бўлади.
Таассуфки, айрим меҳнат муҳофазаси комиссияси раислари ўз ҳуқуқларини билгани ҳолда, ундан фойдаланишда уқувсизлик қилади. Юзага келаётган муаммоларнинг ечимини таъминлашда қатъият, матонат етишмайди. Ахир, комиссиянинг асосий вазифаси – иш берувчининг қонунлар ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, мазкур соҳада касаба уюшмалари аъзолари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эмасми!?

Мухтасар айтганда, меҳнат муҳофазаси комиссияси раи­­си меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиб фаолиятни изчил йўлга қўйса, иш жараёнида юз бериши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ишловчиларнинг касб касалликларидан ҳимоялашда ижобий натижани таъминлаши шубҳасиз.

Камол НИГМАТУЛЛАЕВ,
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши меҳнат муҳофазаси бўйича
бош мутахассиси

Бошқа хабарлар