Миллий эстрада муаммолари Уларга қандай ечим изланмоқда?

300

Очиғини айтганда, барчамиз қизиқадиган, кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айлаган бир соҳа бор: миллий эстрада. Шу боис, гап-гаштак, гурунгларимизнинг асосий мавзуларидан бири ҳам у билан боғлиқ. Ҳақиқий истеъдод эгаси ҳам, адашиб кириб қолган «ижодкор» ҳам аралаш-қуралаш бўлган айни пайтда бу соҳани ислоҳ қилиш, миллий санъат даражасига кўтариш борасида қандай ишлар амалга ошириляпти? Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси раҳбари Одил Абдуқаҳҳоров халқимиз тили ва дилидаги ана шу саволларга жавоб берди.

ЛИЦЕНЗИЯ РАД ЭТИЛДИ. НЕГА?

Санъат маънавиятни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Бугунги авлод кўпроқ эстрада қўшиқларини тинг­лайди, уларнинг шахсига қизиқади. Савиясиз қўшиқлар оғушида маст бўлиб улғайганлардан эса ким чиқиши маълум. Бу ҳолатни «Ўзбекконцерт» инобатга олмоқдами?
– Албатта, – деди Одил Абдуқаҳҳоров. – Шу мақсадда тизимли ишларни йўлга қўйдик. Ўтган йилда муассасага 3598 нафар лицензия талабгори ҳужжат топширган. Концерт-томоша фаолияти учун лицензия сони 3433 донани ташкил этди. Кенгаш хулосалари асосида малака ва мезон талабларига жавоб бермагани учун 165 нафар лицензия талабгорига рад жавоби берилган. Шунинг ўзи ҳам айни саволга жавобнинг ўзидир.

«СЕЛФИ»ГА МУНОСАБАТ

Жаҳонгир Позилжоновнинг «Зўр» ТВ канали билан ҳамкорликда суратга олинган «Селфи» қўшиғи кенг жамоатчиликнинг баҳс-мунозараларига сабаб бўлганди. Хўш, унга «Ўзбекконцерт» қандай муносабат билдирган?
– Президентимиз мақташ бўлмайди, амалий ишларга ўтайлик, дея кўп таъкидлайди, – деди унга жавобан Одил Абдуқаҳҳоров. – Давлатимиз раҳбарининг амалга ошираётган ишларини бутун дунё кўриб, тан оляпти. Бу ишлар эстрада рекламасига муҳтож эмас. Бугун Жаҳонгир Позилжоновга индамасак, эртага бош­қаси ҳам шунақа қўшиқ айтиб чиқиши мумкин. Кимгадир яхши кўринишни истаётганлар халқ учун хизмат қилиб, ўз ишини ­масъулият билан бажарса, амалга оширилаётган ислоҳотларга оз бўлса-да ҳисса қўшса, мақсадга мувофиқ бўлади. Айтиш жоизки, Президент сурати ёки давлат рамзларини қўллашда ўзига яраша тартиб-қоидалар бор. Қайси ҳолатларда ишлатиш мумкинлиги тегишли қонунларда белгилаб қўйилган. Шулардан келиб чиққан ҳолда канал маъмуриятига клипни эфирдан олиб ташлаш тавсия қилинди.

САВИЯСИЗ КЛИПЛАР ОЛИНМАЙДИ(МИ?)

Санъат, аввало, инсонни тарбиялаши, тўғри йўлга бошлаши лозим. Қўйилаётган клиплар, саҳнада санъаткорларнинг ўзини қандай тутиши, қўшиқ матни бу борада муҳим вазифани бажаради. Афсуски, баъзилар буни ўз вақтида англаб етмай, қанчалаб ёш авлоднинг келажагини заҳарлаб қўяётганини билишмаяпти.
«Ўзбекконцерт» лицензиялаш ва бу жараённи мувофиқлаштиришдан ташқари қўшиқ ва клиплар, маданий-кўнгилочар концерт ­дастурларининг ғоявий-бадиий савиясини ҳам ўрганади, назорат қилади, тавсия беради. Айни вақтда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– 2018 йилнинг 1 февралидан бошлаб, ҳар ойда икки маротаба муассасада санъаткорларнинг қўшиқларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш Бадиий кенгаши ташкил этилди, – деди мутасадди. – Ўтган йили ушбу кенгашнинг 18 марта йиғилиши ўтказилиб, санъаткорлар томонидан 185 та видеоклиплар тақдим қилинди. Шундан 75 та видеоклип тас­вирида жузъий камчиликлар учрагани сабабли қайта тўғрилашга тавсия берилди. 48 таси умуман талабларга жавоб бермагани учун рад қилинди.

ЖОНЛИ ИЖРОГА ҲАММА ТАЙЁРМИ?

Республикамиздаги барча концерт дас­турлари жонли ўтадими? Бу қачон амалга ошади?
Маълумот берилишича, айни йилда концерт бераётган ҳар бир санъаткор 30 фоиз, ­кейинги йил 60 фоиз, ундан кейин эса тўлиқ жонли ижрода куйлашга ўтади. Хоҳ унвонли, хоҳ унвонсиз бўлсин – барчасига шу талаб қўйилади. Бунгача ўзини тайёрлаб бормагани ўз-ўзидан бошқа соҳани танлашга мажбур бўлади. Ана шунда сараги саракка, пучаги пучакка ажралади. Ҳақиқий истеъдодларгина бу майдонда қолади.

ИСТЕЪДОДЛИЛАР ЭЪТИБОРДА

«Янги истеъдодлар» деб номланган танлов эълон қилиниб, ҳар бир ҳудуддан битта жонли ижрода куйлай оладиган ёш истеъдод кашф этилса, ушбу вилоятнинг ҳудудий бўлим раҳбарини 5 миллион сўм миқдорида моддий рағбатлантириш йўлга қўйилган эди. 100 нафар ёш орасидан 16 нафари сараланиб, Конс­титуциямизнинг 27 йиллиги муносабати билан ўтказилган давлат тадбирида улар жонли ижродаги концерт дастурида иштирок этишга муваффақ бўлишди. Қорақалпоғистон Респуб­ликаси, Жиззах, Наманган, Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудий бўлим раҳбарлари 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Айтиш жоизки, кимда ким ўзида истеъдодни англаса, «Ўзбекконцерт»нинг телеграм каналига ўз ижросидаги қўшиқни юбориши мумкин. Маъқул бўлса, бу ижодкор давлат тадбирларида куйлаш учун тавсия қилинади.

«БРАВО»НИНГ «БУРАМА»СИ ҚАЧОНГАЧА?

Бугун истаймизми-йўқми, «Браво», «Дизайн», «Миллион» каби жамоаларнинг концерт дастурида бўш ўриндиқ қолмаяпти. Халқ артистларининг концертида ташкилотларга билет илтимос қилиб ўтказилаётган бир пайтда бу ҳолат бўлиши…
– Тўғри, уларнинг айрим ҳазилларини оила даврасида томоша қилиб бўлмайди, – дея жавоб берилди тадбирда. – Лекин улар эл дилидаги гапларни айтишса, «кимларгадир» бу таъсир қилиши мумкин, албатта. Лекин «Браво» жамоасининг сўнгги концертида айрим саҳна лавҳалари кенгаш талаби билан олиб ташланган эди. Концертнинг биринчи куни улар бу талабга риоя қилишмади. Чақириб огоҳлантиргандан сўнг кейинги кунлари бу саҳналар қўйилмади. Лекин дискларда биринчи кундаги дастур халққа тарқалиб кетди. Бу бўйича чора кўрилади. Яқин кунларда бу ҳақда маълум қилинади.

ЛИЦЕНЗИЯ НАРХЛАРИ ТАБАҚАЛАШАДИМИ?

Маълумот берилишича, шундай тартиб жорий этилади. Вилоят ва туманларда санъаткорларга тўланадиган хизмат ҳақи анча паст бўлиб, пойтахт даражаси билан таққослаб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудуд учун алоҳида тўлов тури жорий этилади. Ҳозирга қадар арзон лицензия учун энг кам ойлик иш ҳақининг 13 баравари миқдорида пул тўланарди. Бу кўрсаткич туманларда энг кам ойлик иш ҳақининг 7, вилоят марказларида 10 баробари бўлади. Эндиликда лицензия ва концертлар учун рухсатномалар олиш интернет орқали, он-лайн тизимда амалга оширилади. Бу санъаткорларга енгиллик туғдириш билан бирга, турли қоғозбозлик ва оворагарчилик­ларнинг олдини олади.

МИЛЛИЙ ЭСТРАДА МИЛЛИЙЛИККА ЮЗ БУРАДИМИ?

Ҳа, бу амалга ошади. Ошиши керак. Чунки бугун баъзилар турли бачкана қилиқлари билан эл эътиборига тушишни ўйлаётган бўлса, бошқаларнинг қўшиқ куйлари чет элники. Бачканаликдан одамлар бир кун зерикади. Шунда у ўз-ўзидан эътибордан четда қолади. Чет эл куйларидан фойдаланаётганлар бўйича те­гишли ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилди. Бу ҳол тез орада барҳам топади. Куйга ёзилаётган баъзи «эъжод» намуналари ҳам ўз-ўзидан назардан қолади. Вақти келиб санъатнинг асл вазифасини англаб етган, жонли ижрода куйлайдиган ҳақиқий соҳа эгаларигина қолганда ўзларига ўхшаган истеъдод соҳиблари, яъни шоирлар, бастакорлар билан ҳамкорлик қилади. Мумтоз адабиётимизга мурожаат этади. Ана шунда миллий куйлар яратилади, эстрадамиз ҳам ҳақиқий миллийликка юз буради.

Абду РАҲМОНОВ

Бошқа хабарлар