Хатолар жабрини биров тортмасин

140

Қарши шаҳар «Қарлибоғот» маҳалласида яшовчи Нафиса Баҳриддиновадан вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига ариза тушди.

Гап шундаки, у 2005 йилда шаҳардаги 14-умумий ўрта таълим мактабига кутубхоначи бўлиб ишга кирган, болалар кетма-кет туғилгани боис туғуруқ таътилида бўлган.
Н.Баҳриддинова боласи уч ёшга тўлганда у мактаб маъмуриятига ишга қайтиш масаласида учрашади. Бироқ иш берувчидан «Ҳозирча иш ўрни йўқ, қачон бўлса, чақирамиз. Унгача ўз ҳисобингиздан таътилга чиқиб туринг», қабилида жавоб олган. Бу вақтда кутубхоначи лавозимида бошқа бир киши ишлаётган эди.
Ишсиз қолган Н.Баҳриддинова масала ечимида амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилади ва мактаб директори унга дарс соатлари, албатта, берилишини, бироз кутиб туришини билдиради.
«Буларнинг ҳаммаси ёлғон ваъда экан, чақирмади ҳам, қўнғироқ ҳам қилмади», дея ёзади муаллиф ўз шикоят аризасида.
Бирлашма юридик бўлим мутахассислари аралашуви билан адолат қарор топди. Нафиса ишга қайтди.
Бу каби ишдан ғайриқонуний бўшатилганлар сони кам эмас. Жумладан, «Ипак йўли» банки Қарши филиалида ишлаган Нигора Муродова, Қарши тумани «Ёртепа» МФЙ Шойхўжа қиш­лоғида яшовчи Фотима Набиева, Қарши шаҳар «Боғишамол» маҳалласидан Дилрабо Ибрагимова юридик бўлимга мурожаат қилиб, иш берувчи томонидан ғайриқонуний тарзда ишдан бўшатилганини билдиришди. Улар текшириш ва ўрганишлар натижасида аввалги иш жойларига тикланди.
Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига 2018 йилда 257 та ёзма, 428 та оғзаки, 282 та «Ишонч» телефони орқали арзномалар тушди. 91 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхоналарига фуқаролардан тушган мурожаатлар бўлиб, уларнинг ҳам ечимига кўмаклашилди.
Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш учун 42 та ҳолда иш берувчига тақдимномалар киритилди. 501 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.
Шунинг баробарида мурожаат муаллифларининг иш ҳақлари, нафақа ва товон пулларининг кечиктирилиши юзасидан 117 миллион 170 минг сўм миқдоридаги ­маблағлар ундириб берилди…

Абдурашид МУРОДОВ,
Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари
бирлашмаси юридик бўлими
етакчи мутахассиси

Бошқа хабарлар