ЗАНГЛАЁТГАН ЗАНЖИР ҲАЛҚАСИ

205


Ёрлиқлар, реклама, эълонлар матнидаги хатоликлар, ша­ҳарларимиз, туман марказ­лари, ҳатто олис қишлоқлар­да учраётган тилга бўлган эътиборсизлик она тилимизнинг мавқеига путур етказаётгани аён ҳақиқат. «Mahalla» газетасида чоп этилган мақоладаги бу ҳақдаги фикрлар ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслиги, бундай камчиликка йўл қўяётганлар сергак тортиб, хатосини тузатишга киришиши шубҳасиз.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ОНА ТИЛИМИЗГА ХУРМАТСИЗЛИК ҲАР ҚАДАМДА УЧРАЁТИР

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонуни қабул қилинганига ҳам 30 йил тўляпти. Бу вақт ичида мамлакатимиз ҳаётида нималар ўзгармади дейсиз. Бироқ давлат тили масаласида фақатгина 21 октябрни байрам қилиш, сана арафасида тилимизни асраш тўғрисида мақолалар, кўрсатувлар тайёрлашдан у ёғига ўтолмаётга­нимиз боис соҳада муаммолар тўпланиб бормоқда.

Ажнабий пешлавҳа харидорни кўпайтиради(ми?)

Минг афсуски, бугун ша­ҳарларимиз, туман марказ­лари, ҳатто олис қишлоқлар­да ҳам соф ўзбекча ёзувлар битилган пешлавҳалар ка­маймоқда. Борларида ҳам кўпинча имло, грамматика қоидалари қўпол равишда бузишган, бир-биридан «анти­қа» — «Ати-бати», «Оho ho», «Onetco», «Карабас барабас» каби номланган дўконлару ошхоналар, кўнгилочар масканлар, маиший шохобчалари бугун она диёримизда сизу бизга хизмат кўрсатмоқда.

Баъзан бу сўзлар қайси тилдан олинганини билмага­нимиз учун талаффуз қилиш­га ҳам қийналади киши. Шу боис бундай номлар хаёлдан тез кўтарилади.

Ҳолбуки, ушбу сўзлар­нинг ўзбек тилида муқобил вариантлари бор. Бироқ ўз­галарга «ҳавас» устун келиб, чет тилидаги сўзларни афзал билмоқдамиз. Натижада она тилимизга ҳурматсизлик ҳар қадамда учраётир. Хусусан, бир гўзаллик салони пештах­тасига «Beаuty salon», «Са­лон красоти» сўзлари ёзил­ган. Бироқ унда «Гўзаллик салони» деган атамамиз бор­лиги мутлақо унутилган. Ёки «Мир ковров» сўзидан кўра, «Гиламлар олами» дейилгани харидорларни кўпроқ жалб этмайдими? «Минутка» номи­дан «Дақиқа» сўзи чиройли­роқ янграган бўларди.

Кўчаларимиздаги бун­дай ноўрин жумлаларни са­найверсак, адо бўлмайди. Ачинарлиси, жаргон сўзлар кундалик сўзлашувимизга суқилиб кирмоқда. Хусусан, «Cалон красотига боришим керак», «Учебный центрга қатнаяпман», «заказ бериб келдим» сингари.

Иброҳим ЙЎЛДОШЕВ, филология фанлар доктори, профессор:

— Тилга эътиборсизлик – бу оғриқли масала. Унга ечим топилмаса, саводсизлик, тил­ни билмаслик фожиаси давом этаверади. Қўрқоқлигимиз, бепарволигимиз сабаб ҳамон давлат тилига эътибор суст. Ҳамон ҳукуматнинг айрим қарор, фармонлари матни рус тилида. Нима сабабдан? Ўз­лигини англамаганлар шун­гача олиб келди. Яқинда Рос­сияда бўлдим. У ерда турли давлатлардан борганлар Рос­сия тарихи бўйича рус тилида имтиҳон топширишди. Хўш, нима учун? Негаки, у ерда тил тарғиботи йўлга қўйил­ган. Бизда вазият қандай? Аф­суски, бунинг акси. Куни кеча нотариусга борган эдим. Бир жумлада олтита хато. Нима учун хатолар билан ёздинг, десам «Бизга бўлаверади», дейди. Қаранг, қилмишидан бироз бўлса-да, уялмаяпти. Чун­ки ўтган вақт давомида имловий ха­толарга йўл қўйилса, бирор ким текширмади, уларга чора кўрилмади . Ким нимани хоҳласа, қай­си сўзни қан­дай ишлатса, ишлатаверди. Натижада мана шундай ҳолга тушдик. Она тилимизга масъулиятсизмиз. Махсус комиссиялар тузиш керак. Кўчаларга чиқсангиз, Ўзбекистондами ёки чет элда юрибсизми — билиб бўлмай­ди. Битта ўзбекча сўз ўқисан­гиз, ўнта ажнабий каломга дуч келасиз. Тилшунос бўл­сам-да, кўчалардаги айрим ёзувларга тушунмай қоляп­ман.

Телевидение тарғибот воситаси бўлса…

Телевидениенинг таъсир доираси катта. У томошабин­ларга маънавият-маърифат улашиши билан ҳам аҳамият­ли. Бироқ бир муаммо борки, унга кўз юмиб бўлмайди. Бу — айрим телеканал бошлов­чиларининг шевалардан фойдаланаётганию томошабинни ажнабий сўзлашишга ундаёт­ганидир.

Хусусан, «Zo‘r tv» ҳамда «Milliy tv» телеканалларида­ги кўрсатувлар кўп ҳолларда шевада эфирга узатилмоқда. Нега? Бундан кўзланган мақ­сад нима? Канал ижодкорлари бу билан аудиторияни кенгай­тиришни режалаштирганми? Бироқ кексаларимиз «Коса тагида ним коса», дея бежиз­га айтишмайди. Чунки барча бир ёқадан бош чиқариб, она тилимизнинг равнақига таъ­сир қилаётган омил­ларга қарши курашаётган бир пайтда айрим теле­канал мута­саддилари бепарволик билан «қадамташлаши»ни қандай тушуниш мумкин?

Феруза ЮСУПО­ВА, «Zo‘r tv» канали муҳаррири:

— Бошловчилар­дан адабий тил меъ­ёрларига риоя қилиш талаб қилинади. Би­роқ айрим ҳолларда мақсадимизга эриша олмаяпмиз. Бу эса кўп­лаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ушбу камчи­ликларга барҳам бериш мақсадида бошловчила­римизни эфирда адабий тил қоидаларига риоя қилишга ўргатиш учун каналимиз мутахас­сислари ҳамда олий тоифали сухандонларни жалб қилган ҳолда ўқув-семинарлар таш­кил этяпмиз. Бу эса камчилик­ларга барҳам беради, деган умиддамиз.

Айни масала юзасидан кўп­лаб танқидий чиқишларга қа­рамай, кўчалардаги ёзувлар­да хато ва ғализ жумлаларни хоҳлаганча топиш мумкин. Энг ачинарлиси, идоралараро расмий ёзишмаларда ҳам са­водсизлик учраб туради. Олий маълумотли раҳбар, мутахас­сисларнинг давлат тилида ра­вон ёза олмаслигини қандай изоҳлаш мумкин? Она тилига беҳурмат ходим Ватанга қан­дай хизмат қилсин?

Абдулҳай СОБИРОВ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университе­ти профессори, филология фанлари доктори:

— Дарҳақиқат, ёрлиқлар, реклама ва эълонлар матни­даги хатоликлар хусусида кўп гапиряпмиз. Аммо имловий хато билан ёзилган реклама мамлакат, миллат ва мада­ниятимизга доғ тушириши­ни ҳамма ҳам англаб етавер­маяпти. Агар­да ўз вақти­да тил билан боғлиқ кам­чиликларни бартараф этиб, керакли чора-тадбирларни кўрмас экан­миз, натижа­си аянчли бўлиши муқаррар. Айниқса, бунда телевидение, радио ва газеталарни янада жонлантириш зарур. Чунки шу кетишда давом этсак, яна 50 йилдан сўнгги вазиятни та­саввур қилиш ҳам қўрқинчли.

Ривоят

Одам болалари бир тил­да гаплашишган замонларда қуёшга қадар минора қуриш­га аҳд қилинибди. Барча бир ёқадан бош чиқариб, ишга киришди. Минора кун сари кўкка бўй чўзарди. Инсонлар­нинг қай даражада аҳил ва иноқ эканини билиш мақсади­да Яратган уларнинг тиллари­ни турфа хил қилиб қўйибди. Энди одамлар бир-бирларини тушуна олмасди. Тош олиб кел деса, сув ёки бошқа нар­саларни кўтариб боришарди. Бу эса улар ўртасида келиш­мовчилик чиқарибди. Шундай қилиб минора кўтарилмай, қу­рилиш тўхтабди. Одамлар эса турли томонларга тарқалиб кетишди.

Ривоятдан англашиладики, тил миллат, жамиятни боғлаб турувчи мустаҳкам занжир ва унинг ривожида тамал тоши. Шундай экан, ана шу занжир­нинг ҳеч бир ҳалқаси зангла­шига йўл қўймаслигимиз за­рур.

Хулоса…

Атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳор «Нега кўчада қоида бузган кишига ҳуштак чали­надию тил қонунларини буз­ганга ҳеч ким индамайди?» деган эди. Хўш, биз бугун нима учун жиммиз? Агарда уйимизни ноҳақ бузиб таш­лашса, тегишли жойга шикоят қилиб, ҳақ-ҳуқуқимизни та­лаб қиламиз, ўзбек тилининг бошқа тиллар томонидан си­қиб чиқарилишига эса жим­гина томошабин бўляпмиз. «Давлат тили ҳақида»ги қо­нуннинг 7-бандида «Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий ти­лининг амалдаги илмий қои­далари ва нормаларига риоя этилади», деб қатъий белги­лаб қўйилган. Шундай экан миллий тилдан фойдаланув­чи доираларда тил меъёрла­ри бузилганда, остига қизил чизиқ тортиб тўхтатадиган, ўрни келганда, жавобгар­ликка тортадиган бўлимлар ташкил қилиш вақти етди. Зеро, она тилимизнинг бу­гунги мавқеи ҳам шуни талаб қилмоқда.

Шоҳруҳ САИДОВ

«Mahalla»

2019 йил 7-13 февраль, 9-сон

«Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар