ДАВЛАТ СТИПЕНДИЯСИ КИМЛАРГА БЕРИЛМОҚДА?

254


Ҳақиқий илмли талабагами ёки бўлмаса…

Давлат стипендияси ғолиби бўлиш ҳар бир талабанинг орзуси. Бу номга ўз кучи билан эришганга нисбатан курсдошлари ва олийгоҳ ўқитувчилари орасида ўзгача муносабат шаклланади, ўзига яраша ҳурмати бўлади. Лекин бу жараён нохолис ўтса, ўз шахсига нисбатан қўлни бигиз қилиб кўрсатилса, бундан ёмони бўлмайди. Хўш, Давлат стипендиясига аслида ким лойиқ? Ҳақиқий илмли талабами ёки бўлмаса… Бу борада тизим тўғри йўлга қўйилганми? Шу ҳақда Наманган вилоятида чоп этиладиган “Халқ иродаси” газетасида сўз боради.

ДАВЛАТ СТИПЕНДИЯСИГА САЗОВОРЛАРНИНГ

БАРЧАСИ ҲАМ БУНГА ЛОЙИҚМИ?

      Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги жорий йилда давлат стипендияси ғолиби бўлган талабалар рўйхатини эълон  қилиши билан Интернет  сайтлари ва ижтимоий тармоқларда  жараёнга  боғлиқ баҳс, мунозаралар бошланди. Айрим ҳолларда комиссия  аъзоларини нохолисликда айблаб, номуносиб номзодлар тақдирлангани билдирилмоқда. Хўш, эътирозлар ўринлими? Бизнингча, муаммонинг илдизини анча қуйироқдан излаш керак. Келинг, мавзунинг баъзи  жиҳатларига эътибор қаратамиз. Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2008 йил 13 октябрда тасдиқланган “Давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш  тартиби тўғрисида”ги низомга асосан, бакалавриатнинг охирги икки босқичида таҳсил олаётган талабалар давлат стипендиясига номзод сифатида кўрсатилиши мумкин. Бунда аъло ўқиш ва илмий – ижодий  ишларда  иштирок этиш, давлат тилига қўшимча хорижий  тиллардан бирини  ўзлаштириш мезон қилиб олинади.

   Ҳужжатнинг айни шу бандига олий таълим муассасаларида етарли аҳамият берилмаяпти. Биргина мисол. Номзодлар фақат юқори босқич талабаларидан саралаб олинади. Чунки, уларнинг билими ва илмий салоҳиятини аниқлаш, раҳбар бириктириш, изланишларида кўмаклашиш  учун кетадиган фурсат шуни тақозо этади. Бу каби  ишлар I-II семестр даврида тегишли кафедралар томонидан бажарилиши, V семестрда арзирли номзодни улар кўрсатиши керак. Аммо, аччиқ ҳақиқат шуки, амалда бу жараён иккинчи босқичга келиб, яъни, талаба ўзини ўзи(!) номзод қилиб кўрсатганидан сўнг бошланади. Хўш, бунинг нимаси ёмон дерсиз?   Биринчидан, дастлабки семестрларда аъло баҳо олишга интилиш (аксарият ҳолатда) сунъий рақобатга айланиб улгурган бўлади. Илмий салоҳияти бор, бироқ, қишки сессияни “етарлича ўзлаштиролмаган” талаба назардан четда қолади. Натижада, номзодларни саралаб олиш қийинлашади. Кафедранинг имконият доираси чекланади. Чунки, низом талабига кўра, фақат аъло баҳога ўзлаштирганларгина давлат стипендиясига номзод сифатида кўрсатилиши мумкин. Агар салоҳиятлилар ўз вақтида аниқланиб,  эътибор қаратилганида давлат стипендияси учун муносиброқ номзод кўрсатиш имкони кенгайган бўларди. Афсуски, бу жиҳат низомда қатъий белгилаб қўйилмаган. 

    Шундай бўлгандан  кейин IV семестрга келиб, илмий раҳбар бириктириш ва номзоднинг илмий-ижодий ишлар билан шуғулланиши учун  жуда кам вақт қолмоқда. Натижада, сохта ҳужжатлар йиғиш, хом-хатала буюртма мақола, тезисларни эълон қилиш, сифатига эмас, сонга диққат қаратиш авж олмоқда.

 Олти ойда элликта мақола…

     Номзодлар ўртасидаги рақобат асосан, изланишнинг эълон қилинганлик даражаси, нуфузи, эришган ютуқлари ҳисоби билан ўлчанади. Айтишингиз мумкин, ҳали бакалавр босқичини тамомламаган талаба олти ой, нари борса, бир йил ҳисобига 50 – 60 та мақола, рисола, монография нашр этишга, аниқроғи ёзишга  улгурадими?  Қизиғи, улгураркан! Давлат стипендиясига сазовор бўлган талабаларнинг йиғма жилдини варақлаб кўринг. Ҳатто, материалларнинг асл нусхасини тақдим этмаслик ҳуқуқидан фойдаланган айрим талабалар бировларнинг мақолалари тагига ўз исм-шарифларини       компьютерда  киритиб олиб, плагиат мақолалар ҳам  тайёрлашмоқда.   Бугина эмас, яна ўнга яқин диплом, сертификат, фахрий ёрлиқ, ташаккурномаларга дуч келасиз. Улар орасида илмга мутлақо алоқаси бўлмаган “эътирофнома”ларга нима бор? Айтайлик, сиёсий партия кенгаши ёки кўзи ожизлар жамиятининг бирор тадбирида иштирок этса – этмаса берилаверадиган фахрий ёрлиғ талабанинг шахсий сифатини белгилаб бермайди. Лекин, бу ҳужжатлар саралаш бос-қичидаям, вазирлик комиссиясида ҳам номзоднинг фойдасига “ишлаяпти”. Буни эса бўлажак стипендиат ўта яхши билади.

     Энди илмий мақоланинг савияси хусусида. Ҳозир фақат номига илмий нашр мақомида турган, муайян  ҳақ эвазига “хизмат кўрсатадиган” газета, журналлар топилади. Хорижда  чоп эттириш ҳам у қадар муаммо эмас. Ҳаммаси қонуний. Низомида “Бу тижорий журнал”, деб кўрсатилган. Мақоланинг илмий сифати эса улар учун иккинчи даража. Украинада чиқадиган бир хусусий альманах фаолияти билан қизиқдик. Унда 16 (!) тил, жумладан ҳатто, ўзбек тилида ҳам мақолалар босиларкан. Ваҳоланки, таҳририятда бизнинг она тилимизни биладиган мутахассис йўқ.

    Шунинг ўзи  нашрнинг савиясини белгилаб бермайдими? Давлат стипендиясига номзодларнинг эълон қилинган аксар илмий ишлари шу каби журналлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

     Китоб нашр эттириш эса ундан-да осон. Ўзингиз ёзган тақризга нуфузлироқ бир олимнинг имзосини ололсангиз бўлгани. Талабанинг (ҳали илмий раҳбарига ҳам насиб қилмаган) “монография”си нашрдан чиқди, деяверинг. Камига, мамлакат бўйлаб ҳар икки куннинг бирида ўтказиладиган илмий конференция тўпламлари бор.  Уларнинг номига ўтиши-ю муқовада  кўрсатилган таҳрир     ҳайъати материалларни ўқиб ҳам кўрмаслиги кундай  равшан. Шундай экан, жон койитиб ўтириш чикора. Битта мақоланинг сарлавҳа ва кириш қисмини бироз ўзгартириб, шу каби ўнта тўпламда чоп эттирсангиз бўлди. Фақат ҳар  бетига  15 минг сўмдан тўлов ўтказсангиз бас.  Қарабсиз-ки, “арзимас” ҳаракат-у харажат билан давлат стипендиясига номзоднинг ёстиқдай ҳужжатлар йиғма жилди тахт…

 Имтиҳон қалбакими?

    Фақат ҳужжатми, саралаш имтиҳонлари-чи, деб эътироз билдиришга ошиқманг. Ҳа, дастлабки имтиҳонлар ҳам низомда акс этган.  Унга кўра, кафедралар номзод қилиб кўрсатган талаба чет тиллари бўйича махсус суҳбатдан ўтиши лозим. Аслида эса буткул бошқача. Бу ерда барча ҳужжатлар иш беради ва деярли ҳеч ким имтиҳондан “йиқилмайди”. Битта асос билан фикримизни исботлашимиз мумкин. Муқаддам стипендиатлик даражасига эришган талаба билан суҳбатлашиб кўринг.   Дастлабки синовда 86 фоиз натижа қайд этганларнинг аксарияти 10 – 20 та сўздан нарига ўта олмайди.

    Имтиҳондан ҳамма ўтиб кетаверса, республикадаги қайси бирининг номзоди кетади,  дейсизми,  ўринли савол. Талабалар учун Ўзбекистон Республикасининг  “Давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 4 – бандига мувофиқ, имтиҳондан мувафаққиятли ўтган номзодларнинг хужжатлари йиғма жилди ОЎЮ  кенгашига тақдим этилиши керак. Кимнинг номзоди республика комиссиясига тақдим этилиши кенгашда  яширин овоз бериш йўли билан ҳал этилади. Лекин, бу қоғоздаги гап.

    Кенгаш қарорининг кун тартиби қисмидаги сўнгги банд “Турли масалалар”, деб кўрсатилганидан хабарингиз бўлса керак.  Кенгаш иродаси билан охирги марта ўтган  қарордаги ана шу ҳар хил масала давлат стипендиясига номзодларни аниқлаш сифатида    талқин қилинади. Республика кенгашига эса энг “семирган” ҳужжатлар юборилади.  Барибир,  ҳужжат иш беради, дегандик-ку! 

Тизимни қайта кўриб чиқиш  керак!

    Фикримизча, тизимни тубдан қайта кўриб чиқиш фурсати аллақачон келган. Аввало, ОЎЮ илмий кенгаши давлат стипен-диясига номзодлар тақдим этиш бўйича махсус вакил тайинланиши (улар амалда ҳам ишлаши) шарт.

   Республика комиссиясига тақдим қилинадиган ҳужжатлар ҳам сонга эмас, сифатга кўра баҳоланса, сохта рақобатнинг олди олинган бўларди. Бинобарин, номзоднинг кўпи билан ўнта, дуч келган тижорий нашрда эмас, нуфузли газета-журналларда чоп этилган илмий мақоласи инобатга олинсин. Давлат стипендиясига сазовор талаба магистратура босқичига имтиёзли қабул қилинади. Бу эса соф илмий фаолият, дегани. Шундай экан, стипедияга номзоднинг турли жамоат ташкилотларидаги фаолияти мезонга киритилиши мантиқан тўғри эмас (Аслида бу низомда ҳам йўқ). Зеро, фанга фаол жамоатчидан кўра, том маънода илмталаб, иқтидорли, истеъдодли, қобилиятли, салоҳиятли, заҳматкаш олимлар керак.

Орифжон Одилов

2019 йил, 1-2-сонлар,

“Халқ иродаси” газетаси

Бошқа хабарлар