КАРНАЙЧИДАН БИР “ПУФ”

118

Юртимизда ўтказиладиган турли
катта-кичик тадбирларни, байрам ва маросимларни санъаткорларсиз тасаввур эта
олмаймиз. Айни соҳа халқимиз маънавий камолотида ҳам беқиёс аҳамиятга эга.
Давлатимиз томонидан мазкур йўналиш ривожига алоҳида эътибор берилаётганига қарамай,
маданий ҳаётимизда ҳамон ўрни сезилмаётган халқ ансамбллари бор.

Жумладан, Андижон вилояти Избоскан тумани маданият
бўлими қошидаги бир пайтлар довруғи достон бўлган “Олтин соз” дастасининг фаолияти
ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ва бадиий ҳаваскорларнинг кўнгли совиб
кетганлигининг сабаби нимада? Туман ҳокимлиги муассислигидаги “Пахтакор”
газетасида чоп этилган мақолада бу саволларга жавоб изланади.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

АВВАЛГИ «ОЛТИН СОЗ» ҚАНИ?

Ўзбекистон халқ ҳофизлари
Шарофатхон Тожибоева, Маҳмуджон Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Элмурод Аҳмедов, «Ниҳол» мукофоти лауреати Адолат Қўлдошева, эл суйган
хонандалар Абдукарим Фармонов, Сурайё Қодирова, Лочинбек Абдуллаев, Комилжон Қўчқаров,
ажойиб доирачи Юсуфжон Назаров ва «Олтин соз» халқ дастаси…

Бундай рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин. Уларнинг барчаси санъатнинг дастлабки алифбосини туманимизда туман маданият бўлимининг бадиий ҳаваскорлик тўгаракларида ўрганган эдилар. Улардан ташқари мақом, катта ашула, қўшиқ айтиш, рақс сирларини ана шу мўъжазгина бўлимда ўрганиб, истеъдодлари тобланиб, республикамиз бўйлаб ҳозирда халқ хизматида бўлиб, эл дуосини олаётган санъаткорлар талайгина. Уларни шу даражага етказишда бўлим раҳбарлари бўлган Тожихон опа Турғунова, Комилжон Қўчқаровларнинг меҳнатлари, ҳаракатлари сингган. Афсуски, бу туман маданият бўлими фаолиятининг кечаси.

Ҳўш, бугунда бу азиз жойда аҳвол қандай?

Холис гапириш ҳамма нарсадан афзал. Ўз чиқишлари билан
Болгария, Польша, Россиянинг барча йирик шаҳарлари, Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри
аҳлининг гуррос олқишларига сазовор бўлган «Олтин соз» дастасининг бугунги
кунда довруғи аввалгидек эмас. Тошкентда «Зарб-93» доирачилар беллашувида
фахрли учинчи ўринни эгаллаган Юсуфбек Назаровдай истеъдодлар йўқдай.

Ойбек Назаров ҳамда Чарос Мамадалиева ташаббуси билан
ташкил этилган «Қалдирғоч» болалар фольклор этнографик дастаси 2014 йилда «Кўҳна
замин оҳанглари» фестивалида лауреат,
2015 йилда «Олтин соз»
халқ дастаси «Ўзбекистон Ватаним менинг» 
фестивалида 3-ўринларга
сазовор бўлди. Отажон Худойшукуров юбилей кечасига ташкил этилган фестивалда
умидли ёшлардан Авазбек Жўраев, Одилжон Зухурдиновлар иккинчи ўринни забт
этдилар.

Жамоа шу билангина қониқиш ҳосил қилиши мумкинми? Туман
маданият бўлими, унинг қошидаги ансанбл фаолияти бироз тушгандек. Туман
маданият бўлимида бўлиб, ижодкорлар билан суҳбатлашганимизда уларнинг
муаммолари ҳам етарли эканлигини сезгандек бўлдик.

– Жамоамизда 26 нафар ижодкор бор, – дейди бўлим бошлиғи Чаросхон Мамадалиева. – Йилдан йилга қисқартиришлар ортиб бормоқда. Ҳозир бошқармамиздан хабар келди. Яна тўрт нафар ходимни  қисқартириш керак экан. Бошим қотди. Авваллари бўлимимизни бадиий ҳаваскорлар босиб кетарди. Уларнинг орасидан саралаб-саралаб олардик. Санъатнинг бошланғич  таълимини  бизда  олиб, сўнг коллежлар, маданият институти сари йўл олганлар кўп эди. Энди-чи? Аввалги ижодкорларимиз йўқ. Борлари ҳам олаётган маошларидан, қулайликлардан қониқмай бошқа ишларга ўтиб кетмоқдалар. Кадрларнинг қисқартирилиши эса бизнинг имкониятларимизни йўққа чиқармоқда. Авваллари ҳар бир қишлоқда бўлган маданият масканларимиз тугатилган. Тўрткўл, Чувама, Лўғумбек қишлоқларида марказларимиз бор. Бироқ у ерларда олиб борилаётган ишлар шароитлар етарли эмаслиги учун йўқдай гап. Лўғумбекдаги марказимиз таъмири ҳамон чўзилмоқда. Бу эса тўгаракларимиз фаолиятига салбий таъсир ўтказяпти.

Кийим-кечакларимиз жойида. Ҳамма тадбирга етади. Бироқ
чолғу асбоблари етарли эмас. Бизда карнай-сурнайчилар йўқ. Тадбирларга эса
топиш керак. Ноиложликдан ёнимиздан пул сарфлаб ёллаб карнай-сурнай, дўмбира
топиб келамиз. Транспорт масаласи ҳам бизни жуда қийнаб юборди. Керакли чолғу
асбоблари, овоз кучайтиргичларни  ахир
елкада кўтариб олиб бориб бўлмайди-ку.
Ҳар бир тадбирга бир ой давомида
тайёргарлик кўрилади. Ҳар бир чиқишимиз вилоятда мамнунлик билан кутиб олинади.
Бироқ ўзимизда бир-иккита чиқиш билан концертимиз тўхтатиб қўйилади. Бу
жамоамизга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Раҳбарнинг гапларида жон бор. Улардаги шароитнинг шу кун талаблари даражасида эмаслиги бор гап. Бизнинг ташрифимиз куни жамоанинг анчагина ижодкорлари қабулхонага қурилган битта печка атрофини қуршаб олиб, келгуси ишлар ҳақида маслаҳатлашиб ўтириши буни яққол кўрсатиб турибди. Демакки, маданият бўлимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш зарур.

Лекин шу ўринда айтиб ўтиш ҳам жоизки, шароитни яратиш,
моддий техника базасини мустаҳкамлаш учун ҳаракат зарур.
«Менга у керак,
менга бу керак» дейиш билан иш битмайди. Юқори идораларга, тегишли
мутасаддиларга бориб муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш, ҳар бир гапни
исботи билан етказиш масалаларга ойдинлик киритади. Бугунги кун ҳар бир раҳбардан,
ҳар бир ходимдан дадилликни, дадиллик билан ўз дардини, муаммосини айтишни, ана
шу муаммоларни ҳал этиб Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни талаб этмоқда.
Дардни ичга ютиш фақат ютқазиш бўлади. Ҳаракат, олдинга интилиш,
изланиш, самарали меҳнат билангина маданият бўлимининг аввалги шуҳратини тиклаш
мумкин.

М. Мирзаабдуллаев,

Й. Исоқжонов.

2019 йил 25
январь, 5-6-сонлар

 “Paxtakor газетаси,

Бошқа хабарлар