МУРОЖААТГА РАД ЖАВОБИ
Бундай ҳолат бўлиши мумкинми?
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб- қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Навоий вилояти аҳолисидан тушган мурожаатлар кўпайиб бормоқда. Фуқаролар мурожаатлари рад этилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Нега? Қандай ҳолатларда қонун бунга имкон беради? Сабабини билмоқчи бўлсангиз, журналист Холбиби Сафарованинг «Mahalla» газетасида чоп этилган мақоласи Сизга ёрдамга келади.
Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

107 НАФАР ФУҚАРОНИНГ МУРОЖААТИ НЕГА РАД ЭТИЛДИ?
Ёҳуд уй-жойга эгалик ҳуқуқи қандай ҳолатларда берилмайди?
Навоий вилояти Кармана туманидаги «Боғишамол» маҳалласидан Интизор Ашурова ўзи яшаб турган уй-жойни ўзбошимчалик билан қурган эди. У бундай тураржойлар учун ерга эгалик ҳуқуқини берувчи бир марталик акция ўтказилаётганини эшитиб, туман Давлат хизматлари марказига мурожаат қилди. Бироқ И.Ашурованинг аризаси қаноатлантирилмади. Чунки…
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга эгалик ҳуқуқини бериш Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссия тақдимномасига кўра туман(шаҳар) ҳокимининг қарори билан энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик йиғим амалга тўланганидан кейин амалга оширилади.
Шунингдек, ҳужжатда мулк ҳуқуқини беришда ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талаблари бузилишига сабаб бўлмаслиги, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига хавф туғдирмаслиги ҳисобга олиниши ҳам қайд этилган.
И.Ашурованинг мурожаати ҳам белгиланган тартибда махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилди. Фуқаронинг тураржойи юқори босимли газ қувури ўтган манзилда жойлашгани боис кўчмас мулкни бузиш лозимлиги аён бўлди. Туманнинг «Ҳазора» маҳалласида яшовчи Санжарбек Раҳматовга эса тураржойида муносиб турмуш шароити яратилмагани, ошхонаси санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги ҳамда ҳовлисида ҳожатхона қурилмагани учун эгалик ҳуқуқи берилмади.
— Ҳозиргача марказимизга ўзбошимчалик билан қурилган кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини олиш борасида 1 минг 135 та ариза келиб тушди, — дейди Кармана тумани Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи Асқар Исаев. — Шундан 439 таси ижобий ҳал қилиниб, туман ҳокимининг тегишли қарори чиқарилди, 306 нафар фуқарога кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилди, 555 та ариза махсус комиссия томонидан кўриб чиқилмоқда. Баъзи ҳолларда комиссия ўзбошимчалик билан қурилган уйларга эгалик ҳуқуқини тиклаш учун рухсат бермаяпти. Бунга айрим тураржойлар юқори босимли газ қувурлари ёки юқори кучланишли электр линияси устида жойлашгани сабаб бўлаётир. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, қурилиши тугалланмаган ҳамда санитария талабларига жавоб бермайдиган уй-жойларга ҳам эгалик ҳуқуқи берилмайди. Бугунга қадар туманимизда ана шундай 107 та кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини бериш рад этилди.
Ушбу бир марталик акция жорий йилнинг 1 майига қадар давом этади. Акция эълон қилингандан буён адлия бўлимлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида жойларда Президент фармони ҳамда ҳукумат қарорининг мазмун-моҳиятига қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Аммо ҳали-ҳамон айрим фуқаролар мулкка эгалик ҳуқуқи берилиши талабларини билмаслиги боис шошмашошарлик билан Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилаётир. Аслида улар акциянинг ўзлари учун катта имконият эканини тушуниб, вақтдан унумли фойдаланган ҳолда чала иморатларини бутлаб, санитария талабларига жавоб берадиган шароитни яратишса, мурожаатлари, албатта, қаноатлантирилади.
Зотан, ҳар қандай меъёрий ҳужжатнинг ижросини таъминлашда муайян тартиб-таомил бўлиши табиий. Жумладан, фуқаролар манфаатларини ўйлаб эълон қилинган мазкур акциянинг ҳам ўз қоида ва талаблари бор. Эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз иморат тиклаган фуқаролар буни англаган ҳолда иш тутишса, 1 майга қадар ўз мулки учун кадастр ҳужжатларини тайёрлашга эришиши мумкин.
Холбиби САФАРОВА
«Mahalla»
2019 йил 14-20 февраль, 10-сон
«Mahalla» газетаси