ИННОВАЦИЯ ҲАМ ОВОРА ҚИЛСА-Я

221


ёки вақтида қамчиланмаган от

Бугун ҳаётимизга замонавий технологиялар шиддат билан кириб келмоқда. Бу оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қиляпти. Лекин ҳамма жойда ҳам ҳолат кўнгилдагидекми? Бу борадаги камчиликлар сабаб аҳоли сарсон бўлаётган жиҳатлар ҳам йўқ эмасмикин? «Mahalla» газетасида чоп этилган мақолада Омирбай ЕСБЕРГЕНОВ Нукус шаҳридаги ҳақиқий аҳволни қаламга олган.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ИННОВАЦИОН ҚУЛАЙЛИК НОҚУЛАЙЛИК ТУҒДИРСА…

Тўлов учун сарсон бўлсангиз, узундан-узун навбатда туриб вақт кетса, бундан ёмони йўқ

Бугун Нукус шаҳри аҳолиси коммунал тўловларни амалга ошириш учун турнақатор навбатда туриб, сарсон бўлмоқда. Мутасаддилар эса мазкур муаммоларни амалий ҳал этиш чораларини кўришмаяпти. Уларнинг  баҳонадан нарига ўтмаётганини қандай тушуниш мумкин?

Аҳоли ўртасида тўлов маданияти шакллангани қувонарли. Муддати яқинлашгани сари одамларимиз табиий газ, электр энергияси ва бошқа коммунал тўловларни тўлаш тараддудига тушишмоқда. Аммо мазкур тўловларни амалга ошириш учун банк шохобчаси ёки кассаси, коммунал идорада сарсон бўлиш, узундан-узун навбатда туришдан ёмони йўқ.

Ушбу масала юзасидан шаҳар электр таъминоти корхонасига бордик. Корхона биносига киришимиз билан кассалар ёнида навбат кутиб турган одамларга кўзимиз тушди.

— Икки соатдан бери навбат кутяпман, — дейди Серикбай Айтметов. — Вақтдан ютай, деб яқин орадаги «Paynet»га пул тўлагандим. Устига-устак, у ерда смарт-картага пулимни тушириб берадиган ускуна йўқ экан. Мана, энди ўша тўловимни картага ўтказиш учун навбатдаман. Инновация, замонавий қулайлик деймизу яна оворагарчиликни қаранг. Баъзан узоқдан келсак-да, «ишламаяпти» деган жавобни эшитиб, сувга тушган мушукдай қайтиб кетамиз.

Нукус шаҳар электр таъминоти корхонаси муҳандиси Баҳодир Шароповнинг таъкидлашича, ҳар ой бошида интернет ишламайди, шу сабаб кўпчилик электр энергияси учун пул юклатиш мақсадида корхона кассаларига келади. Натижада турнақатор навбат кўпаяди.

Савол туғилади: юқоридаги ҳолат ҳар ой бошида кузатилар экан, нега мутасаддилар унинг олдини олиш чораларини кўришмайди? Наҳотки, карталарга пул ўтказиш учун кассалар ёхуд «Paynet»ларни кўпайтириш масаласи ҳеч кимни ташвишга солмаса? Фуқаролар электр энергияси учун пул тўлашга шунча овораю сарсон бўлса, энг ёмони, совуқ, қиш-қиронли кунларни чироқсиз ўтказса…

Маълумотларга кўра, Нукус шаҳридаги 17 та «Paynet» шохобчасидагина смарт-карталарга электр токи учун тўловни юклатиш имкони бор экан. Албатта, агар улар ҳам ўз вақтида ишласа ёки интернет ўчиб қолмаса…

Кўриниб турибдики, бу 67 мингдан зиёд мижозга хизмат кўрсатишга камлик қилаётир. Ўз-ўзидан аёнки, корхона тўловларни юклашга мўлжалланган шохобчаларни кўпайтириши зарур. Зеро, «Paynet» шохобчалари электр тўловларни амалга оширишга масъул эмас. Куннинг ҳар қайси вақтида эшигини ёпиб кетишга ҳақли. 

— Корхонамиз томонидан 11 та «Paynet» шохобчаси смарт-карталарга пул юклаш мосламалари билан таъминланган, — дейди Қорақалпоғистон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Элбрус Тулепов. — Қолган 6 та «Paynet» ускуналарини ўз ҳисобидан харид қилган. Айни пайтда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга киришганмиз. Хусусан, электрон юклашни интернет орқали, яъни онлайн амалга ошириш тизими (Click ёки Payme орқали)га ўтиш режалаштирилган. Шаҳардаги 4 минг 500 дан зиёд хонадон айни шу тизимга  ўтказилган.

Дарҳақиқат, соҳада қатор ўзгаришлар амалга оширилаётгани қувонарли, аммо бу бепарволикка берилиш керак дегани эмас-ку? Аҳолига ноқулайлик туғдираётган муаммо ўз вақтида ечимини топмоғи лозим. Шу ўринда, «Қарс икки қўлдан», деганларидек, муаммолар кўп, сарсон-саргардон бўляпмиз, дея жар солаётган аҳоли ҳам смарт-картани ўз вақтида тўлдириб қўйса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ахир, 20 киловатт қолганидан сўнг карта ўз-ўзидан овоз чиқариб огоҳлантиради-ку? Бу эса «отни ўз вақтида қамчилаш»ни тақозо этади.

Омирбай ЕСБЕРГЕНОВ

«Mahalla»

2019 йил 14-20 февраль, 10-сон

«Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар