МЕНДАН КЕТГУНЧА, ЭГАСИГА ЕТГУНЧА

216


Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги «Қаробчи» маҳалласида 50 дан зиёд уй-жойлар намунали лойиҳалар асосида бунёд этилган. Лекин аллақачон эгалари кўчиб келиши керак бўлган хонадонлар бўш турибди. Уйларда ҳеч ким яша­маётгани боиси – сифатсиз қурилгани. Боёвут тумани ҳокимлиги бепарво, пудратчи ташкилот ва­киллари баҳонаси кўп, «Қишлоқ қурилиш банк»нинг вилоят филиали мутахассислари эса масалага “панжа орасидан”  қарашмоқда. «Mahalla» газетасида чоп этилган Тошпўлат Ҳайитбоевнинг мақоласида шу ҳақда сўз боради.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

НАМУНАЛИ УЙЛАР НАМУНАЛИ ҚУРИЛГАНМИ?

Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги «Қаробчи» маҳалласи Гулистон шаҳрига яқин ҳудудда жойлашган. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2009 йил 3 авустдаги «Қишлоқ жойларида уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида«ги қарори ижроси доирасида 50 дан зиёд намунали лойиҳалар асосида уй-жойлар бунёд этилган. Бу уй-жойлар бошқа ҳудудларга қара­ганда қиммат. Боиси улар Гулистон шаҳрида янгидан барпо этилаётган замонавий типдаги деҳқон бозори ҳудудида қурилган. Ана шу уй-жойлар­даги шарт-шароитни ўрганиш мақсадида ушбу ҳудудга бордик.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу ердаги намунали уй-жойларнинг кўпчилиги бўш турибди. Хўш, эгалари аллақачон кўчиб келишлари керак бўлган хонадонлар нега қаровсиз?

— Уйларда ҳеч ким яша­маётганининг боиси улар­нинг сифатсиз қурилгани­дир, — дейди яқинда бу ерга кўчиб ўтган Руслан Тоғаев. — Биз ҳам эзгу ниятлар билан «Қишлоқ қурилиш инвест» компанияси билан шартнома тузиб шу уйни сотиб олдик. Аммо бугун афсусдаман. Сабаби, пудрат­чи ташкилотлар томонидан фойдаланишга топширил­ган уй-жойларнинг сифати «Мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида экан. Ички йўллар эса ёғингар­чилик кунларида лой, иссиқ кунлари эса чанг ва тупроқ бўлади.

Суҳбатимизга Насим Ҳа­кимов қўшилди. Унинг ҳам фиғонидан чанг чиқади. Бўғилиб, шошилиб, уйдаги носозликлардан, охиригача етказилмаган ишлардан но­рози бўлиб сўз бошлади.

— Мен бу ерда турмуш ўртоғим ва уч нафар фар­зандим билан яшайман, — дейди у. — Уйларимиз рақамланмаган, кўчалари­мизга ном қўйилмаган. Кела­диган меҳмонларга манзил­ни тушунтиролмай, мулзам бўляпмиз. Бу масала билан Боёвут тумани ҳокимлигига кўп марта мурожаат қилдик, фойдаси бўлмаяпти. 2016- 2017 йилларда қурилган уйларнинг оралиғида 20-25 метр атрофидаги ер майдон­лари қолиб кетган. Бу ерлар йўл бўлишини ҳам, боғ бўлишини ҳам билмайсан киши. Атрофни янтоқ, шўра, оқбош каби бегона ўтлар босиб кетган.

Намунали лойиҳа асо­сида бунёд этилган бу да­ҳада табиий газ ва электр энергияси таъминотида ҳам чекловлар, бемаврид узиб қўйишлар анчадан буён одат тусига кирган. Қувур­лар сифатли пайвандланма­гани боис кўп жойлардан газ сизиб чиқади. Бу табиий газни исроф қилиш билан бирга, аҳолининг истеъмол қилинган табиий газдан асоссиз қарздорлигига олиб келади.

Пудратчи ташкилот ва­килларидан бири — «Строй мега класс» масъулияти чекланган жамияти раҳба­ри Анорбой Ўрмоновнинг таъкидлашича, «Қишлоқ қу­рилиш инвест» МЧЖ томо­нидан намунали лойиҳадаги уйлар учун тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган нарх бугун­ги бозор нархларига тўғри келмаяпти. Шунинг учун ҳам қурилаётган уйларнинг сифати пастлигича қоляпти.

— Мазкур уйлар 2015 йилда қурилган, — дейди «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ директори ўринбоса­ри Асомиддин Аннақулов. — Фуқаролар билан тузил­ган шартномада кафолат муддати бир йиллик қилиб белгиланган ва ана шу муд­дат ичида аниқланган кам­чиликлар бартараф этилиши назарда тутилган.

Аслида пудратчи таш­килотлар томонидан олиб борилган қурилиш ишларини «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ мониторинг қилиб бориши, «Қишлоқ қурилиш банк»нинг вилоят филиали мутахассислари эса ажратилган маблағларнинг мақсадли ўзлаштирилишини назорат қилиши лозим эди. Бироқ масъулларнинг ўз ва­зифасига «панжа орасидан» қараши оқибатида қурилиш ишларида шу каби муаммо­лар юзага келган.

Натижада намунали ло­йиҳалар асосида барпо эти­лаётган уйлар сифатига харидорда ишончсизлик пайдо бўлаётир. Буни, ал­батта, ўз вақтида молия­лаштираётган «Қишлоқ қурилиш банк» акциядор­лик тижорат банки ҳамда бевосита қурилишга масъул бўлган «Қишлоқ қурилиш инвест» компанияси мута­саддилари ўз назоратларига олишлари даркор.

Тошпўлат ҲАЙИТБОЕВ

«Маhalla

2019 йил 14-20 февраль, 10-сон

«Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар