ҚОЗИҚ АТРОФИДА 100 ЙИЛ ёхуд журналистлар кимни алдамоқда?

82



Журналистлик юкини елкасига олган инсон борки, қалбида ҳамиша халқ дарди, юрт ғами бўлиши шарт. Кўпчилик кўриб, гувоҳи бўлиб турибди: мамлакатимиз ривожланишнинг депсиниш босқичидан чиқиб, тараққиёт андомига тушиб бормоқда. Бироқ бу ҳали ҳаммаси яхши дегани эмас. Мана шу босқичда “…мамлакатимизда рўй бераётган демократик ислоҳотлар натижасида”, “…мустақиллик шарофати билан…”, “…барча шароитлар мужассам…” каби қолип жумлалар билан ОАВ юзини тўлдириш одамларни алдаш билан баробар. Чунки халқ қайси соҳада ривожланиш бўлаётганини ҳам, қайси жабҳа тараққиётдан ортда қолиб кетаётганини ҳам кўриб, билиб, баҳолаб турибди. Фидойи журналистнинг бундай шароитдаги позицияси мана шу камчиликларни кўрсатиб, мутасаддилару дахлдорларни муаммони ҳал қилишига чорлашдир. “Халқ иродаси” газетасининг навбатдаги сонида журналист Темурмалик Тожидинзода шу ҳақда фикр юритади:

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

МАТБУОТИМИЗ ҚАЧОН УЙҒОНАДИ?

 Маҳаллий ОАВмиз ҳамон қандайдир ички қўрқув билан мақолаларни эълон қилишаётганига кўзим тушяпти. Қандайдир бир меъёрни сақлаш, ундан ўтиб кетмаслик ҳолати мавжуд. Оригиналлик жуда кам. Фейсбук фаолларидан бири (Дилшод Одилов) шу ҳақда бир пост қолдирибди: «Бизда расмий янгиликлар ёки суҳбатларда «янада», деган сўзни қўшиб гапириш анчадан бери одат тусига кириб қолган. Масалан, «Банк тизимини янада ривожлантирилиши учун бу қарор муҳим ўрин тутади», «Туризмнинг янада ривожланиши учун бу ҳолат туртки бўлиши мумкин» ва ҳоказо. «Янада»ни қўшиб қўймаса, гўёки, бундан олдин ривожланмаганди, энди тараққий қилди, дегандай бўлиб қоламан, деб ўйлашса керак. «Янада ривожланиши», дея олиш учун, у соҳа шундоқ ҳам яхши ривожланган бўлиши керак ва мазкур қарор ёки янгилик уни «янада ривожланишига» ҳисса қўшиши лозим.

 Бўлар-бўлмас жойга ҳам “янада” деяверишдан одамда истеҳзоли жилмайиш пайдо бўлиши мумкин. Бу фикрга аэропортда яшил ва қизил йўлак йўлга қўйилгани ҳақидаги янгиликни кўраётиб келдим. “Бу янгилик юртдошларимизнинг, айниқса, чет эллик меҳмонларнинг божхона расмийлаштириш жараёнидан ўтишларини янада соддалаштириш ва қулай бўлиши учун амалга оширилди”. Нима, олдин мутлақо қулай ва соддароқмиди?

 Бу жумлаларга қўшимча қилмоқчи эдим. Бундан ташқари яна бир қатор шаблон сўзлар бор-ки, улардан ҳеч кўнгил узиб бўлмаяпти. Авваллари аксарият мақолаларимиз ҳаммамизга ёд бўлиб кетган ўша “машҳур” матнлар билан тўларди: “…мамлакатимизда рўй бераётган демократик ислоҳотлар натижасида”, “…мустақиллик шарофати билан…”, “…барча шароитлар мужассам…” ва ҳоказо…

 Энди, шунга амин бўляпман-ки, айрим нашрларимиз бу каби иллатлардан ҳеч қутула олишмаяпти. Хабарлардаги сўзларнинг мазмун ва моҳияти ўша-ўша, фақат бизга таниш юқоридаги иборалар бошқа бир қатор “шаблон” сўзларга алмашган. Мисол учун: “…2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишида Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурига мувофиқ…”, “…Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да керакли ишлар амалга оширилди…”, “…ушбу масалани ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида айни дамда махсус идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этилди…” кабилар…

 Абдулла Қаҳҳордан қолган бир гап бор: бир фил оёғида занжир, темир қозиқ атрофида банди бўлиб, 100 йил айланибди. Занжирни олишибди. Қозиқни суғуриб ташлашибди. Шундаям фил ўша доирадан чиқолмай яна 100 йил айланган экан. Хуллас, баъзи нашрларимиз ҳамон “юқоридагиларнинг” кўнглига озор бермасликни ўйлашмоқда. Бирор чўрткесар сўз ишлатмасалар-да, ҳеч ким уларга тегинмаса, маҳкамаларга чақирмаса. Энг муҳими шу. Ёзгандаям, жуда-аа эҳтиёткорлик билан ёзишга ўрганган айрим журналистларимизни ўша занжирбанд филга ўхшатавераман. Менимча, айнан довюрак журналистлар ўрнига янги талантлар келиши учун ҳам кўп ташаббус, ислоҳотлар зарур. Ҳозирда сўз эркинлиги борасида анча яхшироқ шароитга эга бўлганлигимиз билан, барибир, одамларда андак, аниқроғи анча ҳадик бордек. Ҳайиқиш йўқолиши учун журналист ва блогерлар ўз танқидий қарашларини эркин ифодалаб беришлари ва уларни ҳеч ким турли усулларда таъқиб қилмаслиги керак. Ўшандагина кўплаб муаммоларимизни баралла айтишга ўрганилади. Коррупцияга ботган муайян инсонлар тўғрисида нафақат президент, балки, журналист аҳли, яъни, ХАЛҚ ҳам бемалол гапира олиши мумкин бўлади. Қолаверса, «Жамоатчлик тўғрисида»ги қонун ҳам бежиз қабул қилинмади-ку? Айтмоқчиманки, қачон президент “яшил йўл” кўрсатади-ю мен уларни боплаб «уриб» чиқаман, деган тушунчалар йўқ бўлиб кетади ва бирор ташкилотни танқид қилиш учун юқорининг рухсатини кутишга ўрганишмайди.

 Соҳамиз жонкуяр ижодкорларидан Беҳзод Қобулов демоқчи: «Агар ОАВ ўз иши билан ваколати доирасида тўлиқ шуғулланганида, давлатимиз шунча ҳаракат ва маблағ сарфлаб халқ қабулхоналарини очишга эҳтиёж сезилмаган бўлармиди»…

 Дарҳақиқат, одамларнинг арз-у додини эшитадиган, давлат билан халқ ўртасида кўприк вазифасини бажариши лозим бўлган биз журналистлар изчил ва халқчил ислоҳотларни олиб бораётган давлатимизга ростмана елка тутганимизда халқ билан мулоқот бу қадар долзарб эҳтиёжга айланмас эди.

 Темурмалик Тожидинзода

2019 йил, 1-2-сонлар,

“Халқ иродаси” газетаси

Бошқа хабарлар