ЎЗИМИЗ ЎТИРГАН ШОХГА БОЛТА УРЯПМИЗ(МИ?)

176


Бугунги кунда мактаб кутубхоначиларини ишга олиш ва бўшатиш билан асосан мактаб директорлари шуғулланишмоқда. Бу тутум таниш-билишчилик, ноқобил кадрларнинг ишга олинишига замин яратмоқда. Аслида кутубхоначиликка номзодлар туман халқ таълими бўлимидан суҳбатдан ўтказилганда эди, бу  тақлид хатоларга йўл қўйилмаган бўларди. Энг афсусланарлиси, таълим муассасаларидаги кутубхоначилар кўз очиб юмгунча тез-тез алмаштирилмоқда. Бундан биринчи галда мактаб кутубхонаси зарар кўрмоқда. Нега дейсизми? Ишдан кетган кутубхоначидан янги вориси китобларни хатлов (инвентаризация) йўли билан олмаяпти. Қараб турибсизки, кутубхоналардаги китоблар йўқолиб, фақат рўйхатлардан жой олмоқда. Китоб жавонлари эса бўшаб ётибди. Бу ҳақда “Sirdaryo haqiqati”  газетасида эълон қилинган мақолада атрофлича сўз юритилади.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

ХАТЛОВ ДОДЛОВГА АЙЛАНИБ КЕТМАСА ЭДИ…

Хизмат хонамда қоғозга кўмилиб ишлаб ўтиргандим  телефоним қайнаган чойдишдек бетўхтов жиринглай бошлади. Гўшакни кўтардим. Нариги томондан:

—”Ҳар болага яримта китоб” деб номланган мақолангизни ўқидим. Маъқул гапларни ёзибсиз. Мен  Сирдарё тумани халқ таълими бўлимида айнан шу тизим мутасаддиларидан бириман. Сизга айтадиган муҳим гапларим бор. Бир учрашсак, — деган гапни қилди.

Мухбир қавми ҳақиқатни айтадиган оғиз, тарози босадиган факт бўлса, Доғистонгача излаб боришдан тоймайди.

Қаҳрамонимиз Ҳалима Хидирова 1986 йилда Россия давлати Киров педагогика институтининг рус филологияси факультетини битирган. Узоқ йиллар туман халқ таълими тизимида турли лавозимларда фаолият олиб борган. 2016 йилнинг декабридан Сирдарё тумани халқ таълими бўлимида дарсликлар бўйича методист бўлиб ишлайди.

—Замон ўзгарди, — дейди Ҳалима Хидирова. —Президентимиз барча муаммоларга танқидий ва холис кўз билан қарашга ундамоқда. Туманимиз мактаблари кутубхоналарининг аксариятида китоб фонди ачинарли аҳволда. Уларни бугунги кун талаблари даражасига кўтаришда тизимдаги раҳбарларнинг нўноқлиги ҳам панд бераяпти.

“Кутубхона – мактаб юраги. Унинг бир маромда ишлаши барчамизга боғлиқ”, дейди Ҳалима Хидирова.

“Кутубхона – мактаб юраги. Унинг бир маромда ишлаши барчамизга боғлиқ”, дейди Ҳалима Хидирова.

Шу ўринда мактаб кутубхони кадрларнинг салоҳияти ҳақида бир неча оғиз сўз айтсак фойдадан холи бўлмас. Ахборот-ресурс  маркази, “Баркамол авлод” болалар маркази ҳамда 43 та умумтаълим мактабида 52 нафар кутубхоначи ишлайди. Улар орасида бирорта олий маълумотли мутахассис йўқ. 2 нафар кутубхоначи коллежларнинг кутубхоначилик йўналишини битирган. 16 нафар кутубхоначи ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда Сирдарё педагогика коллежнинг “Кутубхонашунослик” йўналишида таҳсил олмоқда. Бу соҳага нега малакали мутахассислар ишга келмаяпти, деган савол берилгудай бўлса, мутасаддиларнинг жавоблари тайёр: маошнинг чўғи паст, бозор иқтисодиёти даврида манфаат биринчи ўринда туради, деган гапни айтишади. Имоним комилки, халқ таълимидаги туб ислоҳотлар эпкини яқин йилларда кутубхоначилар кўксига ҳам тегади. Бу масала давлат миқёсида ҳал қилиниши турган гап.

Бироқ Сирдарё туманида ечими бевосита халқ таълими тизими раҳбарларига бориб тақаладиган талай муаммолар борки, бу масала билан дўппини бошдан олиб қўйиб, жиддий шуғулланмаса бўлмайди. Бугунги кунда мактаб кутубхоначиларини ишга олиш ва бўшатиш билан асосан мактаб директорлари шуғулланишмоқда. Ҳалима Валижоновнанинг шаҳодат беришича, бу тутум таниш-билишчилик, ноқобил кадрларнинг ишга олинишига замин яратмоқда. Аслида кутубхоначиликка номзодлар туман халқ таълими бўлимидан суҳбатдан ўтказилганда эди, бу  тақлид хатоларга йўл қўйилмаган бўларди. Энг афсусланарлиси, таълим муассасаларидаги кутубхоначилар кўз очиб юмгунча тез-тез алмаштирилмоқда. Бундан биринчи галда мактаб кутубхонаси зарар кўрмоқда. Нега дейсизми? Қулоқ солинг бўлмаса. Ишдан кетган кутубхоначидан янги вориси китобларни хатлов (инвентаризация) йўли билан олмаяпти. Қараб турибсизки, кутубхоналардаги китоблар йўқолиб, фақат рўйхатлардан жой олмоқда. Китоб жавонлари эса бўшаб ётибди.

—Халқ таълими вазирлиги биздан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-362 сонли қарори ижросини таъминлаш  мақсадида жорий йилнинг февраль ойи орасида дарслик ва ўқув қўлланмаларини хатловдан ўтказишни вазифа қилиб топширган, —дейди Ҳалима Хидирова. —Бундан мақсад яроқсиз ҳолга келган дарсликларни “Ўқув таълим-таъминот” ДУК вилоят филиалига топшириш, ортиқча дарсликларни мактаб кутубхонасига кирим қилиш кўзда тутилган. Албатта, хатлов асно мактаб кутубхоналарининг бадиий китоблар билан қандай таъминланганлиги ҳам ойдинлашиб қолади.

 Бироқ мактаб директорлари мактаб кутубхоналарини хатловдан ўтказишга у қадар рўйхушлик бермаётган экан. Чунки 29-ва 42-умумтаълим мактабларида китоблар хатловдан ўтказилганда анчагина камоматлар юзага қалқиб чиқди. 29-умумий ўрта таълим мактаби кутубхонасидаги бадиий китоблар сони рўйхатда 330 жилд деб кўрсатилгани ҳолда саноқдан ўтказилганда атиги 169 жилд чиқибди. 161 жилд китобнинг номи бору ўзи йўқ экан. Кутубхоначи Дилноза Бойқораева Ҳалима Хидировага мен янгиман, аввалги кутубхоначи нимани қолдирган бўлса, шунга эга чиққанман қабилидаги баҳонани рўкач қилибди. Ваҳоланки, у ишдан бўшаб кетган собиқ ҳамкасбидан китобларни хатлов асосида олмаганлиги маълум бўлди. 42-умумий ўрта таълим мактабида эса рўйхатдаги 112 жилд китобдан 78 жилди борлиги ойдинлашди. Қолган мактабларда февраль ойи ичида хатлов ўтказилса, рўйхатда бор, кутубхонада йўқ китобларнинг сони аниқ бўлади. Икки мактабнинг кутубхоналарида ўтказилган хатлов ҳар қандай кишини додлатиб юборадиган даражадаги фактларни юзага чиқармоқда.

—Мени ҳайрон қолдираётган нарса бу муҳим жараённи амалга оширишда туман халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Зоир Мирзаевнинг тўғаноқ бўлаётганидир, —дейди Ҳалима Хидирова. —Хатловни тугатиш вақти яқинлигини ҳисобга олиб, охири ноиложликдан бу муҳим масалани туман халқ таълими бўлимининг педагогика кенгашига киритишга мажбур бўлдим.

Туман халқ таълими бўлими мактаб кутубхоналари билан боғлиқ оддий можароларни ҳал қилишга ҳам кучи етмаяпти. Биргина мисол, 14-умумий ўрта таълим мактабидан унинг филиали ажралиб чиқиб, алоҳида мустақил мактаб мақомини олди. Турган гапки, янги ташкил топган 36-умумий ўрта таълим мактаби кутубхонасига 14-умумий ўрта таълим мактаби кутубхонасидан ўқувчилар сонига қараб дарслик ва бадиий адабиётлардан  улуш берилиши керак эди. Бироқ кутубхоначи Гулнора Абдуллаева ўламан Олло, бирорта ҳам китоб бермайман, деб оёқ тираб туриб олди. Халқ таълими бўлимида уни инсофга, қонун-қоидага амал қилишга чақирадиган бирорта сўзи ўтадиган раҳбар топилмади. Бу туришда туман таълим тизимида бошбошдоқлик авж олиши турган гап.

Мактаб кутубхоналарига мутасадди методист Ҳалима Хидировага яратилган шароитлар ҳам кишини ранжитади. Унга 40-умумий ўрта таълим мактабининг хароба ҳолга келган эски биносидан бир хона ажратилган. Азбаройи ишини севганидан тишини тишига қўйиб ишлаяпти. Хона ўз йўлига. Бироқ унинг рисоладагидек ишлаши учун сунъий тўсиқлар пайдо бўлаётир. Ҳалима Валижоновнанинг шаҳодат беришича, дарслик, ўқув қўлланмалари ва бадиий адабиётларни хатловдан ўтказиш учун 27-ҳамда 35 – умумий ўрта таълим мактабларига ташриф буюрганида мактаб директорлари шу соҳага жавобгар шахсни  таълим муассасасига қўйишмабди. Бу нохуш ҳолга туман халқ таълими бўлими раҳбарияти ҳеч қандай муносабат билдирмаганлиги ачинарли, алабатта. Хатловни тугатиб, вазирликка ҳисобот бериш муддати эса тобора яқинлашмоқда. Зеро, хатлов туфайли кутубхоналардаги ҳақиқий аҳвол юзага чиқади. Вазирлик шунга қараб чора-тадбирлар белгилайди. Бир сўз билан айтганда, муаммоларга ечим топади. Бу оддий ҳақиқатни англаб етмаган раҳбарлар бамисоли ўзи ўтирган шохга болта ураётган Афандига менгзаб кетади.

          Муҳаммадали АҲМАД

2019 йил 16 февраль, 12-сон

“Sirdaryo haqiqati”  газетаси


Бошқа хабарлар