“БЕОЗОРГИНАЛАР”

175


Одатда қайнона-келинлар бир-бирларини унчалик хушламаслиги кўп муҳокама қилинади. Ҳаётда бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган, ибрат бўладиган ва ҳатто бирга жиноят қиладиган қайнона-келинлар ҳам учрар экан. Келинига бировнинг ҳақини ейишни, болаларининг ризқини қирқишни ўргатган қайнона ўзини уддабурро санаб адашдими? Хоразм вилоятида чиқадиган «Huquqiy himoya» газетасида чоп қилинган мақола айнан шу ҳақда.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ҚАЙНОНА-КЕЛИННИНГ КИРДИКОРЛАРИ

…Улар биргаликда фаолият олиб боришди. Қайнона каттароқ эмасми, фаолияти давомида келинига яхшигина маслаҳат бериб турди. Энг ёмони келинини эгрилик йўлига бошлади. Муассасада келин раҳбар эмасми, бу қайнонага жуда қўл келди. Қайнона келинга шундай йўл чизиб бердики, бу йўл гарчи эгри бўлса ҳам бирданига бойиб кетиш учун айни муддао эди…

Г.Сейдова келини М.Умарова билан Шовот туманидаги 14-сонли мактабгача таълим муассасасида роса тер тўкиб меҳнат қилишди. Аммо бир кун келиб… ҳаёлларига ҳам келтиришмади.

Улар муассасада ишлаган 7 нафар ходимнинг ойлик маошларига қойилмақом қилиб ўзгартириш киритишди. Аммо, надоматлар бўлсинки, бу қайнона-келиннинг ҳаётларини ҳам ўзгартириб юборишларини улар билмасдилар.

Муассасада энага, ошпаз ва тарбиячи вазифаларида ишлаган З.Бобожонованинг 4,4 миллион сўмлик, ёрдамчи тарбия-чи, ошпаз ва ҳамшира вазифаларида ишлаб келаётган Р.Оллаберганованинг 5,4 миллион сўмлик, мусиқа раҳбари Б.Искандаровнинг 7,9 миллион сўмлик, тарбиячи Т.Ёқубованинг 15,7 миллион  сўмлик, тарбиячи вазифасида ишлаган А.Жумандурдиеванинг 911.6 миллион сўмлик, тарбиячи М.Жуманиёзованинг 21,7 миллион сўмлик, тарбиячи Ш.Тожибоеванинг 4,7 миллион сўмлик иш ҳақи пулларини уларнинг ўзларига бермасдан, табеллар ва тўлов ведомостларига сохта маълумотлар киритишди. “Беозоргина” қайнона-келин ҳужжатларни қалбакилаштиришди. Жами 60,9 миллион сўмлик кўп миқдордаги ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишди.

Шунингдек, муассасада ҳақиқатда ишламаган ва ишда бўлмаган 11 нафар ишчи-хизматчиларга катта микдорда иш  ҳақи ёзиб, табеллар ва тўлов ведомостларига сохта маълумотлар киритишди.

Оқибатда ҳаммаси бўлиб 197,5 миллион сўмлик жуда кўп миқдордаги ўзганинг мулки ўзлаштирилди,  талон-торож қилинди.

М.Умарова ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган жами 60,9 миллион сўмлик кўп миқдордаги ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлигига иқрор бўлди.

Г.Сейдова судда айбига қисман иқрорлик билдириб, ушбу боғча 2004 йилда ўз иш фаолиятини тугатганлигини, шундан кейин боғча биноси қаровсиз қолиб ундаги моддий бойликлари талон-торож қилинганлигини, 2007-2008 йилларда боғча биноси қишлоқнинг биолабораторияси бўлганлигини, жуда ачинарли ҳолатга келиб қолганлигини айтди.

Лойиҳага асосан 57 миллион сўмдан ошиқ ҳаражат қилиниши назарда тутилганлигини, кейин оила аъзолари билан бирга ушбу бинонинг поллари, эшиклари, деразаларини ўз ҳисобларидан қўйдирганлигини, боғча даласининг тупроғи олиниб, ташландиқ бўлиб қол-ганлиги сабабли шу ерда яшовчи фуқаролар ахлат ташлаб келганликлари учун ўз ҳисобидан 10 миллион сўмдан ошиқ пул сарфлаб тозалатишганини билдирди. Бинонинг икки хонасини болаларни қабул қилиш учун  мебель ва зарур хўжалик молларини сотиб олишган.

Аммо, қайнонанинг ўзини оқлаш учун қилган фидойилиги ўз йўлига-ю қонун ўз йўли билан қонундир. Белгиланган қонунларни бузиш эса жиноятдир. Г.Сейдова 3 йил  муддатга озодликдан маҳрум қилинди. М.Умаровага эса 2 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. 

Ф.ОТАМУРОДОВ,

Қўшкўпир тумани прокурорининг ўринбосари

2019 йил 15 февраль, 3-сон

«Huquqiy himoya» газетаси

Бошқа хабарлар