“ЗАМОНАВИЙ” БОБОЙЛАР

134

  Қулоқчин (наушник)  қанчалик қулай бўлмасин, у кишини атроф-муҳитга нисбатан бепарво қилиб, умрига ҳам зомин бўлиши мумкин. Автоҳалокатга учраган кўпчилик жабрланувчиларнинг аксарияти қулоқчин орқасидан атрофдагиларга бепарво бўлиб, машина сигналини эшитмай қолганлардир.  “Nuroniy” газетасида чоп этилган мақолада шу ҳақда сўз боради.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.  

ҚУЛОҚЧИННИ ЕЧИНГ, БОБО!

Ўтган йилнинг ёзида Избоскан тумани Пойтуғ шаҳрида темир йўл бўйлаб кетаётган коллеж ўқувчисини поезд босиб кетди. Йигитча бу пайтда қулоқчин ёрдамида мусиқа тинглашга шунчалар муккасидан кетгандики, ҳатто ортидан келаётган поезднинг сигналини ҳам, атрофда унга “йўлдан қоч!”, дея бақираётган одамларнинг овозини ҳам эшитмаган. Оқибатда қулоқчин таққан йигитча ортидан келаётган ажал шарпасини сезмайди ва ҳаётдан кўз юмади.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Нукус шаҳрида юз берган шунга ўхшаш нохуш воқеа ҳақида хабар тарқалди. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, 2019 йил 5 январь куни соат 13:45 да Нукус шаҳри ҳудудидан ўтувчи “Хўжайли-Нукус” темир йўлининг 699-километрида йўловчи  поезди Нукус шаҳрида яшовчи, 2002 йилда туғилган йигитчани темир йўл рельси ўртасидан ўтаётган пайтида уриб кетган. Таассуфки, воқеа жойида вафот этган бу йигитчанинг ҳам қулоғида қулоқчин бўлган. 

Бир пайтлар қўшиқ ёхуд янгиликлардан хабардор бўлиш учун, албатта, “ойнаи жаҳон” қаршисида ёки радио олдида туриш керак бўларди. Ҳозир эса барча қўл телефонларда хоҳлаган ахборотни олиш мумкин. Бу инсон учун катта қулайлик яратади, албатта. Бироқ ҳар бир янгиликка ўз ўрнида ёндашилмаса, оқибати кўнгилсизлик билан тугаши ҳеч гап эмас.

Демак, қулоқчин  қанчалик қулай бўлмасин, ушбу матоҳ кишини атроф-муҳитга нисбатан бепарво қилиб, умрига ҳам зомин бўлиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди. Мана шундай ҳолатлар ёши бир жойга бориб қолган, ҳаётий тажрибага эга, турмушнинг паст-баландидан ўтиб бўлган катта ёшдагилар билан юз бераётганига нима дейсиз?

– Вилоят марказидан қишлоққа элтувчи автобусга ўтириб, таажубли ҳолатга гувоҳ бўлдим, – дейди Булоқбоши туманидан меҳнат фахрийси Эргашбой Мирзаматов. – Менга қарама-қарши томонда ўтирган оқсоқолнинг ғалати ҳаракати эътиборимни тортди. Қулоқчин таққан қария кўзини юмганча борар, баъзи-баъзида бошини сарак-сарак ҳам қилиб қўярди. Унинг беўхшов қилиқлари нафақат мени, балки атрофдагиларнинг ҳам ғашини келтирарди. Шу алфозда Булоқбошига яқин қишлоққа етдик. Автобус бекатга яқинлашгач ҳайдовчи тушадиганлар бор-йўқлигини сўради. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, йўлда давом этди. Аммо орадан бироз вақт ўтгач, рўпарамдаги қария ҳайдовчига олдинги бекатда тушиши кераклигини айтиб ўшқирди. Устига устак, вазиятни тушунтиришга уринган ҳайдовчига индаса-индамаса автобусни тўхтатиши кераклигини пеш қилиб, ўзининг “замонавий” эканини ҳам кўрсатди. Орамизда ёши бир жойга борган бўлса-да, маданиятсизлиги билан атрофдагиларга, айниқса, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганларнинг борлигидан, тўғриси, ачиндим.

Қўшиққа ихлос қўйган  одам уни жамоат жойида эмас, балки уйда ёки бирор тинч жойда тинглагани маъқул. Афсуски, бу оддий қоидага риоя қилмаётганлар орасида нафақат ёшлар, балки ёши катталарнинг ҳам учраши баъзида бахтсиз ҳодисаларга сабабчи бўлмоқда.

— Бир куни автоҳалокатга учраган 65 ёшли кишини олиб келишди, — дейди Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Андижон филиали қабулхона бўлими ҳамшираси Дилноза Холиқова. – Уни олиб келган автомашина ҳайдовчисининг айтишича, йўл четидаги зовур бўйида қўй боқиб юрган оқсоқол тезликда келаётган “Nexia”нинг қаршисига чиқиб қолган ва машинанинг кетма-кет огоҳлантирувчи овозига парво қилмаган. Ҳартугул, ҳайдовчи эпчиллик билан машинани вақтида тўхтатган. Шундай бўлса-да, машина отахонни туртиб юборган. Ёрдамга чоғланган йигит не кўз билан кўрсинки, оқсоқол қулоқчин таққан, шу боис ҳам огоҳлантирувчи сигнални эшитмаган. Шундай қилиб яна бир “санъат ихлосманди” қўшиқ эшитаман, деб ҳушёрликни унутган. Оқибатда у энди узоқ вақт даволанишга мажбур.

Одатда, ўзига ярашмаган қилиқ қилган одамни бачканаликда айблашади. Хусусан, ёши катта кишиларга юқорида таъкидланган “хобби”лар умуман ярашмайди. Бинобарин, қулоқчиннинг инсон саломатлигига ҳам салбий таъсири бор.

 — Қулоқчиндан доимий фойдаланиш қулоқ томирларининг яллиғланиши ва кохиляр невритга сабаб бўлиши мумкин, — дейди олий тоифали отоларинголог Ҳаётилло Қамбаров. — Натижада эшитиш пасайиб, овоз пайлари зўриқа бошлайди, диққатни жамлаш бузилиб, хотира кескин сусаяди. Асабларнинг бу тариқа шикастланиши карликка олиб келади. Бу, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод учун жиддий хавф туғдиради. Ёши катта инсонларда эса эшитиш қобилиятининг пасайиши қулоқчин туфайли тезлашади.

Қулоқчин таққан қария… Ушбу жумла бир қарашда эриш туюлади. Аммо азалдан ўзининг пурҳикмат сўзлари, оқилона маслаҳатлари, бой ҳаётий тажрибаси билан ўрнак бўлган нуронийларимиз орасида бундай нохушликка асло ўрин йўқ. Зеро, ёшлар кексалардан фақат маънавий озуқа олсинлар,  уларнинг эзгулик байроғини баланд кўтарсинлар.

Абдураҳмон ҒАФУРОВ,  

Андижон вилояти

2019 йил  20 февраль, 8-сон

“Nuroniy” газетаси

Бошқа хабарлар