ЎРГАНГАН КЎНГИЛ БИР КУН КЕЛИБ БАРИБИР ЎРТАНАДИ(МИ?)

278


Ижтимоий лоқайдлик — иллат. Бугун биз айтмоқчи бўлган мавзу бир қараганда кимлар учундир майда, арзимасдек туюлиши мумкин. Аммо мулоҳаза қилинса, кичкина кўринган муаммонинг ҳам ўз вақтида пайи қирқилмас экан, эртага у ортидан тоғдек балоларни бошлаб келиши турган гап ва бу тарихда кўп бор исботланган ҳақиқат.

Автоулови борлар билади, деярли ҳар куни “заправка”га кириб турилмаса бўлмайди. Баъзан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ) хизматидан кўнглимиз тўлмайди. Гоҳида “пистолет”чиларнинг “хизмат ҳақини бермайсизми?” дея киприк қоқмай тикилишидан кайфиятингиз бузилиши ҳам бор гап. Ўша пайтда чўнтагингизда беш-тўрт сўм бўлса яхши, бўлмаса ортингиздан “қурумсоқ” дея сўкиб қоладиганлари ҳам учрайди. Шунинг учунми, “пистолет”чилар ҳозир олдиндан хизмат ҳақи олишга ўтган. Айтайлик, ўттиз-қирқ минг сўм узатсангиз, “ака, хизмат ҳақини шундан олиб қолаверайинми?” деб сўраб ҳам қўяди. Истамасангиз-да, паст кетгингиз келмай “олавер” дейсиз. Қарабсизки, таблода 29500 (39500) ёки 29700 (39700) рақамлари пайдо бўлади. Раҳмат эса ҳар доимгидек насия.

Авваллари автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги дастёрларга 100 сўм берсангиз, рози бўлиб олаверарди. Ҳозир камида 200, совуқ кунлари 500 сўм бермасангиз, норози бўлиши турган гап. “Хизматларинг учун ойлик оласизлар-ку?” деб савол берсангиз “бизга маош берилмайди”, деган жавоб тайёр. Табиийки, бундан сизнинг ҳайронлигингиз ошади: “наҳотки улар бизнинг ҳисобимиздан кун кўришса?!”.

“Бензин қуйиш шохобчаларидаги бундай хизмат учун 200–300 сўм олинишидан норози бўлиб юрардим. Яқинда автоуловни газга ўтказгач, бу “заправка”дагиларга ҳам худди шундай хизмат ҳақи узатилиб турилишига гувоҳ бўлдим. Кайфиятингиз бузилиши нақд бўлиб тургач, бермасликнинг ҳам иложи йўқ…”

“Бундай шахобчаларда ишлаётган ёшларни анчадан буён кузатаман. Ажабланарлиси, айни пайтда афсусланарлиси ҳам шундаки уларнинг аксарияти на саломни билади ва на аликни. Бинобарин, савол туғилади, улар қачон муомала маданиятини ўрганади? Келганингизда қўлини кўксига қўйиб: “ассалому алайкум, келинг ака, неча сўмлик қуяй”, кетаётганингизда эса: “хизматимиздан фойдаланганингиз учун раҳмат, оқ йўл, яна келиб туринг”, деса ёки чойчақа узатсангиз: “узр ака, бизда хизмат кўрсатишга ҳақ олинмайди, бунинг учун маош оламиз”, деб қўлингизни қайтарса… Ва умуман олганда, аслида ҳам шундай бўлиши керак эмасми?”

“Гапнинг дангалини айтганда, “пистолет”чиларни хизмат ҳақига ўзимиз ўргатдик. Сўраса-сўрамаса 500 сўм узатамиз. Умуман, гап пулда эмас. Агар улар муомаласини яхши қилса, ҳайдовчиларнинг ўзлари рози бўлиб, тўрт-беш сўм бериб кетади. Аммо бермагандан сўраб, таъмагирлик қилмаслиги керак…”

Бу ҳайдовчилар билан айни масалада юзасидан бўлган суҳбатлардан парчалар.

Ҳақиқатан ҳам, “пистолет”чиларнинг хизмат ҳақи сўрашига улар айтганидек, ойлик бермай ишлатаётган бошлиқлари айбдорми ёки олавериб таъмагир бўлиб қолган хизматчиларми? Умуман, хизмат ҳақи беришга мажбурмизми? Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилигида бу ҳақда нима дейилган?

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилдик:

— Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 21-моддасида (Шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартлари ҳақиқий эмаслиги) сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгиланган, — дейди Федерация ҳуқуқшуноси Ботир Юнусов. — Жумладан, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ёқилғи пулидан ташқари хизматларга (ёқилғи қуйиш “пистолети”ни ушлаб турганлиги, автомобиль ойнасини тозалаганлиги ва ҳ.к.) ҳақ олиш ноқонуний бўлиб, юқорида кўрсатиб ўтилган қонун нормасининг бузилиши деб ҳисобланади.

Хўш, хизмат кўрсатилганда қўшимча ҳақ олиш қонунан тақиқланган экан, бу ҳақда АЁҚШ раҳбарларининг хабари борми?

Хизмат ҳақи олишда анчайин “малака”га эга бўлган Фарғона йўли кўчасида жойлашган “Geksan Oil” ва “Oktan Petrol” АЁҚШга қўнғироқ қилдик:

— “Заправка”мизда хизмат ҳақи олиш ҳақидаги гап-сўзларни сиздан энди эшитиб турибман, — дейди “Geksan Oil” операторларидан бири. — Бизда ҳамма маош олиб ишлайди. Хизмат ҳақи олаётган бўлса, ҳайдовчиларнинг ўзлари хоҳлаб бераётгандир-да…

“Oktan Petrol” фирмаси вакили эса саволимизга қуйидагича жавоб қайтарди:

— “Пистолет”чиларнинг беш-тўрт сўм олишини эшитганман. Аммо ҳайдовчиларнинг ўзлари берса олинглар, зинҳор сўраманглар, деб тайинлаганман. Мажбурлаётганлари бўлса, бизга тутиб беринглар, шу куни ишдан бўшатамиз. Ҳеч кимни ойликсиз ишлатмаймиз. Муомала маданияти ҳақида билдирган танқидларингиз ўринли. Ҳар доим уларга хушмуомалали бўлинглар, деб уқтириб келяпмиз…

Автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчалари масъуллари “пистолет”чиларининг айбини барибир тан олмади. Уларга ҳозир бозор талабларига қараб иш тутилмаса бўлмаслигини айтиб, “заправка”нгизнинг кириш қисмига “бизда хизмат кўрсатиш бепул” деб катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилса бўлмайдими, мижозларингиз ҳам янада кўпайган бўларди”, дедик. Улар таклифимизни қўллаб-қувватлаб, албатта, шундай қилишини айтди. Чунки айрим АЁҚШда бундай эълонлар бор ва ҳеч ким хизмат ҳақи ҳам сўрамайди, ҳайдовчилар ҳам узатмайди.

Албатта, уларнинг ваъдага вафо қилишига унчалик ҳам ишонмадик. Қолаверса, “пистолет”чиларнинг ҳайдовчиларга “солиқ” солишига биринчи навбатда шундай имконият яратиб берган АЁҚШ раҳбарлари айбдор. Энг ёмони, бундай хатти-ҳаракатлар бора-бора порахўрлик, таъмагарликнинг “гуллаб-яшнаши”га хизмат қилмайди деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Ҳолбуки, “пистолет”чиларнинг аксарияти ёшлар, улар орасида талабалар, эртага олий маълумотли бўлиш умидида вақтинча ишлаб юрганлар ҳам бор. Тақдир тақозоси билан бир кун келиб улар орасидан кимдир шифокор, судья, кимдир мураббий ёки солиқчи бўлар. “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, бир пайтлар “заправка”да ишлаган шифокорга қўл ҳақи бермасангиз, оғир аҳволдаги беморни даволамаса нима бўлади? Таъмагирликка ўрганган судьянинг “одилона” қарори билан бегуноҳ фуқаро қамалиб кетса, бола-чақаси чирқираб қолмайдими?! Мураббий эса ҳар бир имтиҳонига фалон пул деб нарх белгилаб олса, эртага у таълим берган ёш мутахассис жамият учун катта зарар келтирмайдими? Солиқчи фақат чўнтагини ўйласа, давлат бюджетига қаердан пул тушади?

Ана энди юқорида таъкидлаганимиздек, кўпчилигимиз ўйлаган “арзимаган, майда масала”нинг эртага қандай оқибатларга олиб келиши-ю иқтисодий-маънавий зарарини ҳисоб-китоб қилаверинг. Чунки шу пайтгача бундай хатти-ҳаракатларни кўрсак-да, “ўзбекчилик”ка бориб: “қўй-э, унинг ҳам бола-чақаси бордир, тирикчилик қилаяпти, тўрт-беш сўм билан ҳеч ким бой ёки камбағал бўлиб қолмайди” деб вақтида курашмадик, эътиборсиз бўлдик, яширдик. Натижасини эса кўриб турибмиз. “Коррупция”, “порахўрлик”, “таниш-билишчилик”, “таъмагарлик” шунчалик илдиз отиб кетдики, бугун бундай иллатларга қарши қанчалик курашмайлик ҳамон дунё миқёсида 100-ўриндан пастга тушолмаяпмиз — қутилишимиз жуда-жуда қийин кечмоқда…

Равшан МАҲМУДОВ,

ЎзМТДП фаоли

Бошқа хабарлар