МАЪНАВИЙ ТАНАЗЗУЛ ЭЛЧИСИ

184


“Оммавий маданият”  инсон психологиясини издан чиқаради. Унинг асосий мақсади онгни заҳарлаш орқали тез фурсатда мўмай даромадга, моддий таъминотга эга бўлишдир. Нима учун ёшларимиз маънавий таназзул элчиси бўлган “оммавий маданият”га кўр-кўрона эргашиб кетмоқда? Нима учун ота-оналар фарзандлари хулқ-атворидаги салбий жиҳатларни вақтида англай олмаяпти? Бу саволларга Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси Ҳазрат Жабборовнинг “Oila va jamiyat”газетасида чоп этилган мақоласида жавоб топасиз.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ТАШХИСНИНГ ХАВФЛИ ТАҲДИДИ ИСНИНГ ХАВФЛИ ТАҲДИДИ

“Оммавий маданият” “яратувчилари” инсон психологиясини яхши ўзлаштиришган. Улар қайси ёшдаги инсонларни тезроқ ўзларига оғдириш ва ўзларининг яширин мақсадларини амалга ошириш механизмларини чуқур ишлаб чиққанлар. Бу ғаламис инсонларнинг асосий мақсади тез фурсатда мўмай даромадга, моддий таъминотга эга бўлишдир. Улар доимо ушбу мақсадларини ҳар хил сабаблар билан яширишга, хастпўшлашга ҳаракат қиладилар.

Айтайлик, сизга суҳбатдошингиз телевизорда намойиш қилинаётган сериаллар ёки клиплар ҳақида куюниб гапира бошласа, кўпчилик қизиқиб кўраётган бу “томошалар” шунчалар глобал аҳамиятга эга эмасдек туюлади. Қўшни аёлнинг катталарга салом беришни унутиб қўяётган фарзандларни ёки бемеҳр ака-укаларни қайғуриб сўзлаши ҳам ғашингизни келтириши ва нима бўпти, шу билан осмон узилиб ерга тушармиди, дея эътироз билдиришингиз ҳам мумкин. Ҳа, ХХI асрнинг оламшумул воқеалари ва шов-шувлари орасида ҳеч бир аҳамиятга молик эмасдек туюладиган бу “арзимаган” ахборотлар куни келиб катта фожиаларга замин ҳозирлаётганини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Миллий қадриятларимизга, ўзлигимизга зарба берадиган бу кичик ва “қизиқарли томошалар” ҳамда “жозибали янгиликлар” вақт ўтгани сайин инсон руҳиятида ўзгача қиёфани шакллантириб бориши билан хавфли эканини ўйламаймиз.

Нима учун ёшларимиз маънавий таназзул элчиси бўлган оммавий маданиятга кўр-кўрона эргашиб кетмоқда? Нима учун ота-оналар фарзандлари хулқ-атворидаги салбий жиҳатларни вақтида англай олмаяпти? Шу каби бир қанча саволлар исканжасида ушбу мақолани ёзишга жазм қилдим.

Бундай вазиятда миллий манфаатларимиз, ҳаёт тарзимизга зид бўлган маънавий таҳдидлар моҳиятини очиб бериш, мураккаб мафкуравий жараёнларни илмий-амалий таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёндаги  устувор йўналишларни аниқлаш, уларнинг аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш, халқимизнинг кўп асрлик маънавияти ва миллий қадриятлари, диний қарашлари ва ҳаётий удумларини таҳлил қилиб бориш бизни маънавий “хуружлар”дан огоҳлантиради.    

Маълумки, ҳар қандай мафкура овчилари, энг аввало, ёшларни ўз сафига жалб қилишга интилади. Шу боис, уларнинг онгини заҳарлаб, маънавий жиҳатдан қарам этишга интилган кучларга қарши самарали кураш олиб бориш бўйича илмий-амалий дастурлар ишлаб чиқиш зарур. Шунинг билан биргаликда маънавий-маърифий тарғибот ишлари самарадорлигининг илмий асосланган мониторингини таъминлашга қаратилган социологик, психологик тадқиқотларни олиб бориш ҳам мақсадга мувофиқдир.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарорида дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиб бериш, терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси, “оммавий маданият”, наркобизнес ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш вазифаси қўйилди.

Ана шу вазифалар ижросидан келиб чиқиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш, уларнинг аҳоли қатламларига таъсирини ўрганиш ва зарур мақсадли ва манзилли тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган “Ҳудудлардаги маънавий-маърифий муҳит харитаси” ишлаб чиқилди. Мазкур харита ҳудудларда айни вақтда маънавий-маърифий муҳит ҳолати, аҳолининг ички ва ташқи таҳдидлардан хабардорлик даражаларини ташхислаб боради.

Мазкур ташхис ишларида Тошкент шаҳри аҳолисининг 69 фоиз, Бухоро вилояти аҳолисининг 66,7 фоиз, Жиззах вилояти аҳолисининг 46 фоиз ёшлари ташқи таҳдид ҳисобланган “оммавий маданият” ни “замонавий маданият” деб тушуниши бизни ташвишга солди.

Демак, биз мазкур таҳдиднинг мазмун-моҳияти, унинг инсон, халқ, миллат ривожида қанчалар хавфли эканлиги тўғрисида аҳоли орасида кенг кўламдаги мақсадли ва манзилли профилактик тадбирларни олиб боришимиз лозим.

“Оммавий маданият” – кўп қиррали жараён. Инсон  яралибдики, ҳамма замонларда ҳам “оммавий маданият” ўз фаолияти ва мақсадларига, курашиш механизмлари ҳамда усул-тамойилларига эга бўлиб келган. Унинг ўзига хослиги шундаки, у замонга қараб ўз шакл-шамойилини ўзгартириб турган. “Оммавий маданият” “ишлаб чиқарувчилари” инсон психологиясини яхшигина ўзлаштиришган. Улар қайси ёшдаги инсонларни тезроқ ўзларига оғдириш ва ўзларининг яширин мақсадларини амалга ошириш механизмларини чуқур ишлаб чиққанлар. Бу ғаламис инсонларнинг асосий мақсади тез фурсатда мўмай даромадга, моддий таъминотга эга бўлишдир. Улар доимо ушбу мақсадларини ҳар хил сабаблар билан яширишга, хаспўшлашга ҳаракат қиладилар.

Тарихдан маълумки,  бузғунчи маданият тарғиботчилари бутун бир давлатлар, миллатларнинг маданий меросларини таназзулга юз тутишига сабаб бўлишган.

Мутафаккир  олимларимиздан Абу Али ибн Сино маданиятни инсоннинг руҳий қувват оладиган маънавий манбаи,  деб  таъкидлайди.

Чиндан ҳам маданият инсоннинг хулқ-атвори шаклланишида, тарбиясида, маънавиятида ўзига хос ахлоқий механизм вазифасини ўтайди.. “Оммавий маданият”-чи? У шундай функцияни бажаряптими? Йўқ, аксинча, айрим бир манфур инсонлар, кучлар, оқимлар тезлик билан моддий таъминотга эга бўлишида инсонлар орасида ўзининг бузғунчи ғояларини тарқатиб, уларни ёмон йўлларга бошламоқда. Одамлар орасида ахлоқсизлик, зўравонлик, эгоцентризм (худбинлик), ҳиссизлик, лоқайдлик, дахлсизлик,  масъулиятсизлик, гиёҳвандлик, миллатчилик, ҳаётга енгил-елпи қараш, мақсадсизлик, ишончсизлик (ўзига, бошқаларга, жамиятга, давлат бошқарув тамойилларига), эътиқодсизлик каби иллатларни авж олдиришни уюштиряпти.

Улар ОАВлари имкониятларидан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланиб, айниқса, ёшлар аудиториясига тезлик билан кириб бормоқдалар.  Ҳар қандай кўрсатув, эшиттириш ва фильмда нимагадир чақириқ ёки бирон бир ғоя, мафкурага даъват мавжуд бўлиб, инсонларни қандайдир фаолиятга йўналтиради ҳамда ўз ортидан эргаштиради. Масалан, эркин муҳаббатни тарғиб этувчи порнографик фильмлар орқали ҳақиқий, соф туйғулар обрўсизлантирилиб, унинг ўрнига Fast Love (оний қўшилиш), парафилия (бузуқлик), гомесексуализм каби кўнгилхушликка муккасидан берилишга даъват қилишади.

Ёшлар модаси орқали эса турли субмаданиятлар элементлари бўлган, уятга қўювчи, хижолатга солувчи урфни, умум қабул қилинган либосни бузувчи “дискотека учун модда”ни – беҳаё ва очиқ-сочиқ кийимларни замонавий “модага”  йўйиб оммалаштиришни кўзлашади.

Дивиантлик, яъни тўғри йўлдан озиш орқали  тақиқни ва умум қабул қилинган хулқ-атвор меъёрларини бузиш, ижтимоий нормаларга нисбатан ҳурматсиз кайфиятда бўлиш каби салбий иллатларни тарғиб қилади.

Маълумки, реал ҳаёт билан виртуал ҳаёт ўртасидаги курашлар инсонлар руҳиятида жуда кучли эмоционал зўриқишни юзага келтириб, психологик мувозанатни издан чиқаради. Шу боис, “оммавий маданият” тарғиботчилари одамларни виртуал оламга маҳлиё этиш борасида бор маҳоратларини ишга солишади.

Эътиқодсизлик тамойилида  эса инсонларда ишончсизлик, мақсадсизлик, худбинлик, ахлоқсизлик, зўравонлик, ҳукмронлик каби жиҳатлар мадҳ қилиниб, инсонлар шу иллатларга ундалади.

Барча даврларда мамлакатлардаги ижтимоий сиёсат доимо болаларнинг ота-оналардан ажратиб қўйилишга қарши курашган эди, чунки бу алоқа давлат билан фуқаролик жамияти барқарорлигининг асосидир. Замонавий маданият эса кўпинча ўсмир билан унинг ота-онасининг бир-бирига қарши қўяди, бу билан ўсмирликда муқаррар юз берадиган психологик хусусиятлардан фойдаланиб, уларни қўллаб-қувватлайди ва катталар қадрлайдиган қадриятлар эскилик сарқити эканлиги сингдириб борилади.

Афсуски, биз тадқиқ қилаётган замонавий маданият, яъни оммавий маданиятнинг салбий иллатлари ҳар доим ҳам яққол намоён бўлавермайди. Аммо майда-чуйда ва икир-чикирлар бўлиб кўринган масалалар келажак авлод тарбиясида чуқур ва салбий из қолдириши аниқ. Шу боис фарзандларимизни ҳамиша ҳушёрлик билан миллий қадриятларимиз асосида тарбиялашимиз салбий оқибатларнинг олдини олади. “Оммавий маданият”нинг яширин қиёфасини англашда уларга ёрдам беради.

Ҳазрат ЖАББОРОВ,

Республика Маънавият

ва маърифат маркази бош мутахассиси

2019 йил  20 февраль, 7-сон

“Oila va jamiyat”газетаси

Бошқа хабарлар