СИР НИМАДА ЭКАН?

166


6-8 февраль кунлари Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида журналистлар учун халқаро конференция ташкил этилди. Конференцияда бугунги кунда журналистика соҳасида рўй бераётган янгиликлар, ўзгаришлар, муаммо ва камчиликлар ҳақида фикр алмашилди. Конференция иштирокчиларининг қизғин баҳс-мунозараларида иштирок этган ҳамкасбимиз Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов  “ХХI ASR” газетасида шу хусусда сўз юритади.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ХЎРОЗ ҲАММА ЁҚДА БИР ХИЛ ҚИЧҚИРЯПТИ…МИ?!

ёхуд ОАВларнинг ўхшаш муаммолари

6-8 февраль кунлари Россия Федерацияси пойтахти – Москва шаҳрида журналистлар учун ташкил этилган халқаро конференциядан кейинги айрим мулоҳазалар

Сўнгги бир йилда Санкт-Петербург, Шанхай, мана, бу гал Москвада бўлиб ўтган халқаро конференцияларда иштирок этдим. Кузатганларим ҳосиласидан хулосам шуки, анъанавий ва интернет журналистикаси амалиётчилари, олим ва раҳбарларининг баҳс-мунозаралари тобора кескинлашиб боряпти.

– Шарқий Осиё мамлакатлари (Япония, Корея Республикаси, Хитой)да газеталар ҳалигача 2-7 миллион нусхада босилаётгани, бу ҳудудларда интернетга қизиқиш камлигидан эмас, балки халқнинг дунёқараши, тарбия мезонлари шундай шаклланганида, – деди анжуманда ҳозир бўлган айни шу давлатлар ОАВ вакиллари. – Аслида биз дунёнинг компьютер ва ахборот технологиялари энг тараққий топган мамлакатларидан бирида яшаймиз. Аммо халқимиз газета ўқийди. Нега? Интернетнинг тезкор, қисқа ахборот етказиш устунлиги исбот талаб қилмагани каби мулоҳазали, таҳлилий мақолаларни орадан вақт ўтса-да яна қўлга олиб ўқиш, ундаги ғояни англаш ва муҳокама қилиш имкони фақат матбуотда борлиги ҳам шундай аксиомадир. Қолаверса, компьютер ёки смартфондаги матнга нисбатан босма нашрдаги сарлавҳа, иқтибос, фотосурат ва ниҳоят турли кегел (катталик) ҳамда шрифтларнинг хилма-хил шакли инсон онги, тафаккурига кўпроқ таъсир қилади. Электрон манбаларнинг ҳар қандай даражадаги ривожи босма нашрларнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди!

Журналистиканинг бугуни ва эртасини электрон ОАВ, жумладан, интернетда кўраётганлар ҳам бўш келишмаяпти.

– Россия миқёсида ўтказилган социологик сўров якунларига кўра, унда қатнашган респондентларнинг 55,1 фоизи телевидение, 42 фоизи интернет, 2 фоизи радио ва атиги 1 фоизи газетадан ахборот олаётганини кўрсатди. Шунинг учун ҳам газеталар тиражи кескин камайиб, улар ҳомийлар, буюртмачи идоралар манфаатини кўзловчи нашрларга айланиб қолмоқда, – дейишди Россия, Арманистон ҳамда қозоғистонлик ҳамкасбларимиз. – Ўша бир фоиз ҳам катта ёшли кишилардир…

Ҳар икки томон ўзини ҳақ деб ҳисобламоқда ва бунга ҳаётий мисоллар ҳам оз эмас.

Гарчи Шарқий Осиё, Америка, Европанинг айрим мамлакатларида оммавий газеталар ҳамон яшаб келаётган бўлса-да, масалан, Россияда бир пайтлар энг оммавий нашрлар саналган “Труд”, “Известия”, “Российская газета”лар адади бир неча ўн мингга етмаётгани ҳам инкор этиб бўлмайдиган ҳолатдир.

– Бу газеталарда ҳар қанча қизиқарли мақолалар босилмасин, улар давлат ички ва ташқи сиёсати йўналишидан чиқа олмайди, ўқувчи эса плюрализмни, турлича нуқтаи назарни қидиради. Менимча, биз шу жиҳатдан ўқувчини бой бериб қўйдик, – дейди таниқли нашрлардан бирининг раҳбари. Ва у “сариқ” матбуотни танқид қилади. – Кўча нашрлардаги шов-шувли, машҳурлар шахсига дохил ахборотлар бир марта ўқишли, холос. Кейин улар “ўлади”. Бизнинг газетадаги маълумот, мулоҳазалар эса йиллар ўтса-да аҳамиятини йўқотмайди.

Конференциядаги баҳсда Россиянинг яна бир машҳур газетаси – “Комсомолская правда” бош муҳаррири Владимир Сунгоркин сўз олди:

– Ҳа, бизнинг газета умумий адади бир миллиондан ортиқ. Тўғри, газетамиз сизнинг ибора билан айтганда, “рангли”, “сариқ”. Хўш, у сизга ёқмаса, ўқиманг. “Труд”ни ўқинг. Таҳририят ўқувчи талабини қондириши керак. Бугунги муштарий шуни хоҳлаяптими, ахборотни шу шаклда берамиз. Унутманг, босма нашр-газета ҳам, телевидение, радио, китоб, театр ҳам инсон бўш вақтини тўлдирадиган омил. Унинг кўпроқ вақтини олиш учун курашда “сарғайсак” сарғайибмиз-да!

Аввалига Владимир Сунгоркин ўзининг иш тажрибасини айтмаётган эди. Аммо фикрий мубоҳасалар қизиб кетгач “сир”ни очди:

– “Комсомольская правда”даги битта журналист 4 та вазифани адо эта олиши шарт. Булар: қисқа хабар ёзиш, фотосуратга, видеотасвирга тушириш, уларни тезкорлик билан электрон воситаларга жойлаш ва газета учун таҳлилий мақола ёзиш. Шундай журналистлар ишлайди бизда. Газетанинг электрон сайтида дақиқа сайин ахборот янгиланади, у тасвирли, овозли шаклда ҳам бўлади. Энг қизиқарли маълумотни газета саҳифасидан ўқишга ҳавола берилади. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Бу янги, универсал журналистика модели ва уни тан олишга мажбурмиз.

Конференцияда яна кўплаб қизиқарли таклифлар айтилди, амалдаги ҳолатлар қайд этилди. Масалан, Москва давлат университети журналистика факультети декани, академик Елена Вартанова таҳририятлар талабалар учун маҳорат мактабини ташкил этсин, деди. ИТАР-ТАСС (Россия информацион телеграф агентлиги) Бош директори ўринбосари Максим Филимонов эса “Биз журналистга ахборотни чуқур таҳлил қилиб ёзиш имконини бермаяпмиз, чунки воқеликлар шу қадар тез ва кўп”, дея мулоҳаза билдирди.

“Роскомнадзор” (Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникацияларни назорат қилиш федерал хизмати)нинг оммавий ахборот воситалари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Александр Ижко ижтимоий тармоқлардаги ёлғон, ҳақиқатдан йироқ (фейк) ахборотларни назорат қилишга улгуриб бўлмаётганидан нолиди:

 – Россия Думаси (парламент) бундай ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиловчи қонунни биринчи ўқишда қабул қилди, аммо фейклар тўхтамаяпти, – дейди у.

Конференцияда, шунингдек, АҚШ оммавий нашрларидан бири “Вашингтон пост”даги карикатура жанри намуналари мамлакат сиёсатига қандай таъсир кўрсатаётгани, Италия газеталарининг онлайн иловаларини одамлар, идоралар электрон манзилига таҳририят томонидан юбориб туриш, Белорусь давлат нашрларини 20 фоиз аҳоли танимаслиги ва ўқимаслигидан келиб чиқаётган муаммолар хусусида ҳам ахборотлар тингланди, турфа мавзулар таклиф этилди.

Анжуман мажлисларининг бирида камина “Ўзбекистон медиамаконида босма нашр, электрон ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг ўрни” мавзусида маъруза қилдим. Юртимиздаги ўзгаришлар, жумладан, ўзбек жамиятидаги очиқлик, сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги учун кенг майдон яратилгани ҳақидаги чиқишим қатнашчи-мутахассисларда қизиқиш уйғотди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда фуқаролар фаоллиги ҳақидаги фикрларим қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Таъкидландики, ижтимоий тармоқлардаги эркинлик рақиб, рақобатдош компания ёки ўзига ёқмаган бирор-бир амалдорни обрўсизлантириш, у ҳақда туҳмат, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот, шахсий ҳаётига дахлдор маълумотларни тарқатадиган виртуал ботқоққа айланиб қолмаслиги ва бунинг олдини олиш зарур. Чунки айни хавф халқаро миқёсда ҳам мавжудлигини иштирокчилар эътироф этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва шу асосдаги қарори ҳақида гапирганимда конференция вакиллари икки хил фикр билдиришди. Бир тараф бундай фармон ва қарор Ўзбекистон ОАВ тизимида бугунги ўтиш даврида кафолатланган қўллаб-қувватлашдир ва бунга ибратли тажриба деб баҳо берган бўлса, иккинчи томон бу билан давлат матбуот жиловини қўлига олади ҳамда сўз эркинлиги назоратда бўлиб қолади, деган мазмунда фикр айтди. Шунда Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг очиқ жамият барпо этиш борасида собитқадам хатти-ҳаракатларини мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар мисолида батафсил баён қилдим.

Айтиш мумкинки, конференция доирасида бир неча истиқболли лойиҳалар борасида келишувларга эришдик. Жумладан, Москва давлат университети журналистика факультети илмий кенгаши ўзбек матбуоти тарихи, назарияси, амалий тажрибалари таҳлилига бағишлаб ёзилган қўлланмаларни кўриб чиқиш, муносиб топилганларини чоп этиш учун тавсия қилиш ва нашр этилишига кўмаклашадиган бўлди. “Комсомольская правда” газетаси бош муҳаррири В.Сунгоркинни тўрт нафар фарғоналик журналистни Москвада, шу таҳририятда қабул қилиб, бир ҳафталик малака оширишларига барча шароит яратишга кўндирдим. Татаристон Республикаси Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Ильшат Аминов билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, журналистлар делегациялари алмашиш, долзарб муаммоларга бағишланган конференцияларни биргаликда ташкил этиш каби бир қатор масалаларда келишиб олдик.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси

Фарғона вилоят

бўлими раиси.

2019 йил  21 февраль, 7-сон

“ХХI Asr” газетаси

Бошқа хабарлар