ЎЗБОШИМЧА “УЧАРЛАР”

214


Қорақалпоғистон Республикасида чоп этиладиган нашрлар орасида “Устаз жолы” газетасининг ҳам ўзига яраша ўрни бор. Газетани варақлар экан кишида воҳада бўлаётган ўзгаришлар ва янгиланишларни ёритувчи мақолалар билан биргаликда аҳолини қийнаб келаётган қатор муаммоли  масалаларни ҳам мутолаа этиш имкони туғилади. Қундыз Жумағалиеванинг “Йўлдагилар”  қачон  тузалар?” мақоласида ана шундай оғриқларимиз қаламга олинади.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.   

“ЙЎЛДАГИЛАР”  ҚАЧОН  ТУЗАЛАР?

  Йўл борасида гап бошлар эканмиз, аввалам бор эртакларга мурожаат этиб, қисқа сатрлар келтирайлик: “Бир бор экан, бир йўқ экан, оч эканда, тўқ экан, бир йигит бўлган экан. У бошқа юртга сафар қилиш ниятида йўлга тушган экан. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибти”, дея эртак якунда “мақсад-муродига етибди”, деган ибора билан якун топади. Реал ҳаётда йўлга чиқар эканмиз, асосий мақсад манзилга эсон-омон етиб олишни ният қиламиз. Кўзлаган манзил сари шошганимизда, ҳар хил воқеликлар билан тасодифларга дуч келишимиз ҳам мумкин.

   Нукус шаҳри кўчаларидан бири бўйлаб йўлга чиқдим ва “торговый центр” аталмиш бекатда йўналишли таксини кута бошладим. Темир йўл вокзали тарафдан “Бозор стоянка”си томон қатнайдиган 2-сонли йўналишдаги “Дамас” автоуловлари тинимсиз ўтаётир. Ярим саотча турдим. Пешонасига “Базар стоянка” деб ёзилган кўплаб маршрутли автоуловларни А.Досназаров ва бошқа кўчаларда ҳам учратиш мумкин. Аниқ сонлар билан, тендер томонидан белгиланган йўналишлар ўзгартирилиб, “Аэропорт”, “Медшкол”, ”Ресбольни ца”, ”Гунақалъа”, ”ЖД.вокзал”, “Тоза бозор” каби ёзувлар битилган трафаретларда кўплаб “Дамас”лар қоидани бузиш ҳолатлари учрамоқда. Ўзбошимчалик билан йўналишларини ташлаб кетаётган такси ҳайдовчилари устидан “Ўзавтотранс”нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи А.Бердиевга мурожаат этганимизда шундай жавоб берди: “Айни кунда Нукус шаҳри 14-сонли йўналишида 54 та автобус, 92-сонли кичик йўналишда 989 та микроавтобуслар (дамас, газель) аҳолига транспорт хизматини кўрсатмоқда. Корхоналарга бириктирилган айрим йўналишларда ўзбошимчаликларга йўл қўйилаётгани бор гап. Камчиликларни бартараф этиш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Юқорида айтиб ўтилган йўналишларда графикларни бузиб, ўзбошимчалик қилган корхона ҳайдовчилари Ю.Зайров, Ш.Ембергенов ва М.Илаловларга ҳайфсан эълон қилинди ва иш ҳақисидан 30 фоиз ушланиб, жаримага тортилди. ”ТимАртНукус” корхонаси ҳайдовчиси А.Карибаев билан имзоланган шартнома бекор этилди.”

  Шундай бўлса-да жорий этилган тартиб-қоидаларга амал қилишни истамаётган, нукуслик ўзбошимча автоулов эгалари тез-тез кўзга ташланмоқда. Бундай ҳолатларга тушаётган йўловчилар бир йўналишдаги машина билан етиб борадиган манзилларига икки ҳисса чиқим чиқариб, қўшимча автоуловлар ёрдамидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Қиссадан ҳисса шуки, ҳар куни йўловчиларга транспорт хизматини кўрсатиш ниятида остона ҳатлаб чиқадиган замондошларимиз, халқимиздан “барака топ, йўлингни берсин” деган дуолар олишини истардик.

  Қундыз ЖУМАҒАЛИЕВА,

махсус мухбир

2019 йил 2 февраль, 5-сон

“Устаз жолы” газетаси

Бошқа хабарлар