Ғалла ҳосилдорлигини янада ошириш бўйича долзарб чора-тадбирлар белгилаб берилди

73

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёев раислигида 25 февраль куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим бўлган ғалла парваришини тизимли ташкил этиш ва ҳосилга-ҳосил қўшиш бўйича долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёев раислигида 25 февраль куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим бўлган ғалла парваришини тизимли ташкил этиш ва ҳосилга-ҳосил қўшиш бўйича долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Президентимиз пахтачиликда ўзини оқлаётган тажрибадан келиб чиқиб, ғаллачилик бўйича ҳам кластерлар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Мутасадди раҳбарлар ва вилоятлар ҳокимларига бу борада тегишли топшириқлар берди.
Фермерлар ҳам, кластерлар ҳам иқтисодий манфаат билан ишлаши, шартнома режасидан орттириб ҳосил олиши ва даромадини кўпайтириши кераклиги қайд этилди.
Ғаллачилик қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларида озуқага доимий эҳтиёж мавжуд. Энди бундай хўжаликлар билан фермерлар ўртасида ғалла ҳосилининг муайян қисмини сотиб олиш бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузилиши йўлга қўйилади. Ғалла парваришланиб, ҳосилга-ҳосил қўшиладиган пайтда паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари фермер хўжаликларига маблағ йўналтириб, кейинчалик арзон озуқа олади. Пировард натижада ғалладан мўл ҳосил етиштиришга, ундан озуқа тайёрлаш орқали гўшт, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон бўлишига ҳам эришилади. Бундан икки томон ҳам манфаат кўради.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда манфаатдор хўжаликлар ўртасида ўзаро кооперацияни йўлга қўйиб, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларининг буғдойга талабини тўлиқ қоплаш бўйича топшириқлар берилди.
Ғалла парвариши бўйича ташкил этилган рес­публика ишчи гуруҳлари жойларга бориб, вилоят ва туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари билан бирга ғалла ҳосилдорлигини камида 30 фоизга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқиб, ижросини ташкил қилиши зарурлиги қайд этилди.
Бунда, биринчи навбатда, ғаллани 10 мартга қадар азотли ўғитлар билан озиқлантиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди. Сув хўжалиги вазирлигига сувни тежаб ишлатиш, суғориш бўйича янги технологияларни жорий этиш вазифаси қўйилди. Жойлардаги секторлар раҳбарларига ҳар бир фермер хўжалиги кесимида зарур агротехник тадбирларни белгилаш ва изчил амалга оширилишини таъминлаш топширилди.
Йиғилишда соҳа мутасаддилари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар раҳбарлари кўрсатиб ўтилган масалалар юзасидан ахборот берди.

ЎзА

Бошқа хабарлар